Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Ноябр, 2024   |   08 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:43
Қуёш
07:04
Пешин
12:12
Аср
15:28
Шом
17:12
Хуфтон
18:28
Bismillah
09 Ноябр, 2024, 08 Жумадул аввал, 1446

Икки неъмат қадри

31.07.2024   2899   1 min.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов

Бошқа мақолалар

Танланг: 50 мингми ёки 500 $ ?!

5.11.2024   807   5 min.
Танланг: 50 мингми ёки 500 $ ?!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

  • Хўжайин, бугун якшанба…
  • Биламан!
  • Озроқ пул берсангиз, дўконга чиқиб келсам, тушликка бирор егулик тайёрласам…
  • Бор нарсадан овқат-повқат қилавергин-да! Нима, пулим бўлса яшириб ўтирармидим?
  • Шундайку-я, болалар анчадан бери тансиқроқ нимадир егилари келади. Анчадан бери ишхонадан ўзимни текин тушлигимни олиб келаман. Лекин ҳар сафар олиб чиқиш жуда ноқулай бўлади-да..

Шаҳодат ортиқ гапирмади. Бу вазиятда на гапирган ғолиб ва на жим турган. Чунки айтилмаса ҳам, эслатилмаса ҳам маълум ҳолатлар бор. 15 йиллик оила учун йўқчилик янгилик эмас. Рўзғорга у керак, бу кам. Энди бутладинг, десанг маиший тўловлар мўралаб туради. Аранг қутилдим десанг, кимдир касал бўлиб, дори-дармон ойликнинг шўрини қуритади. Мактабга пул, боғчага тўловни кечиктирмай етказилади. Мабодо, кимдир туғилиб, яна кимдир тўй қилса, ўша ой рўза тутишга тўғри келиб қолади. Кундалик бензинни умуман истисно қилиб бўлмайди. Нон ейишмаса ҳам, машинани оч қолдириш “гуноҳ”! Машинасиз киракашлик касод бўлади. Оиланинг асосий таъминот жабҳаси шикастланади. Шаҳодатнинг сиртқи ўқишининг контракти мутлақо оила харажатларига киритилмаган. Уни тўлаш тугул, ўйлаш одамни азоблайди-ку… Хуллас, бировдан олдин-бировдан кейин.

Шукр-ки, Шаҳодат Худо тавфиқ ва фаросат билан сийлаган аёллардан. Борига шукр, камига сабр қилади. Эртасига бир тишлам нони қолмаса ҳам, дуо ва таваккулни хаёлан қозонга солиб, эринмай қайнатади. Шира тортиб кетгунча қайнатади-да, намаги учун икки қатра кўз ёшни ҳам канда қилмайди. Бу “мазали таом” таъмини бойлар, ўзига тўқлар қидириб топа олмайдилар. Бунақа кўз ёшлар ва дуоларга қоришган “хаёлий таомлар”ни синиқ қалб соҳиблари қойиллатадилар-да!

Одатий кунлардан бири эди. Шаҳодат ҳамёнига қаради. 50 минг сўм пули қолибди. Ойликкача ҳали анча бор. Қарзларига берай деса, урвоқ ҳам бўлмайди. Қачондан бери кўнглидан бир гап ўтади: “Мана, неча йилдан бери бўлак яшаймиз. Ўзингдан орттириб, бировга эҳсон қилишга қурбинг етмайди. Лекин эҳсон қилиш учун бой бўлиш шарт эмас-ку, тўғрими? Озгина нарса ҳам катта ажр олиб келиши мумкин. Қулоғимга чалинганди, яқин кунларда қайнота отажоним қозон кабобми, тўй ошими, нимадир тансиқ таом истаб тургандилар-да… Шу бор 50 минг сўмимни ўғилларига берсам, бирор яхши таом олиб борсалар-у, шу жума адажонни дуоларини олсак. Рўзғор бу 50 билан на камайиб, на кўпайиб қолмайди. Дуо тагида қолармидик…”. Каллага яхши фикр келганда иккиланмай, отни қамчилади-да, ишга кетишаётганда турмуш ўртоғига ўша охирги 50 мингни чиқариб, “кичик эҳсонча” қилишини илтимос қилди. Бурҳон, севинди оқила аёлидан. Ҳам куюнди қўли калталигидан. Ҳа, майли, шунисига ҳам шукр, кўп шукр.

Шаҳодат ўша 50 мингни берганидан бирам севинди, бирам осмонларда учди-е. Худди осмон ҳам кулиб, дов-дарахтлар қарсак чалгандай бўлди. Ахир ўзи муҳтож, эҳсон олишга энг ҳақли бўлганинг бир ҳолатда, эҳсон қила олиш нақадар бахт! Яна ота-онангга-я.

Бу кўтаринкилик Шаҳодатнинг ишида ҳам давом этди. Компьютерида ҳисоб-китобини зоҳиран хотиржам кўриниб бажарса-да, руҳи танасига сиғмай яйраб кетарди.

Хонаси эшиги тақиллади. Уни сўрашди. Дарров ишлаётган ҳисоботини сақлаб қўйди-да, ташқарига чиқди. Бошқа бўлимдаги ҳамкасби экан. Уни кўриб яна хурсанд бўлди. Ораларида самимий дўстлик, бирдамлик бор. Жума куни тўғри уни келиб йўқлаб турибди. Ҳамкасби Шаҳодатни ортиқча вақтини олмади. Қўлини унинг қўлларига қўйди ва буклади. Очма ва қайтарма дегани бу. “Илтимос, буни олинг. Ёки сизга, ё бўлмаса бошқа қизга беришим керак эди. Аллоҳ мени тўғри хонангизга бошлади. Сизга келавердим. Бу сизга бериб юборилган эҳсон. Биласиз, контрактингиз бор. Шуни тўлаш учун, иншааллоҳ етади”, деди-да, тезда ўз бўлими томон юриб кетди. Шаҳодат тўсатдан содир бўлган бу ишдан раҳмат, дейишга ҳам улгурмади. Букланган қўлларини очди: 500 $  экан. Ҳақиқатда контракти учун шунча пул керак эди. Тўлаш учун нима қилишини, кимдан қарз олишини билмай гирён юрган эди. Ажабо, буниси қизиқ бўлди-ку. Эрталабдан охирги 50 мингини эҳсон қилувди. Кўп вақт ўтиб улгурмасидан, ўзига юз баробар бўлиб қайтиб турибди-я! “Ё, Робб, шукр, кўп шукр. Эҳсонга илҳомлантирганинг учун. Бизни ҳам, уларни ҳам, етказувчини ҳам. Сен шундай Зотсан-ки, яхшилик ва карамда ҳеч кимни ўзингдан ўздирмайсан. Мен раҳматинг қаршисида маст, қудратинг олдида лолман”, дея икки яноғи ҳўл бўлди. Ич-ичидан берганни ҳам, етказганни ҳам дуо қилди. Уларни ота-оналарини алоҳида эслади…

Бундай воқеалар ҳаётимизда ҳар қадамда учраб туради. Қаҳрамонларни эҳтимол сиз ҳам танирсиз. Гоҳо олувчи, гоҳо берувчи, гоҳо курьер қиёфасида намоён бўласиз. Беринг, кам деб ҳисобламанг. Беролмасангиз берувчиларни йўллаб қўйинг. Сиз билган муҳтожларни улар билмаслиги мумкин. Аллоҳ таоло наздида эҳсонни катта-кичиги бўлмайди. Ахир 50 мингни танлармидингиз ёки 500 $ !?

ТИИ “Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари” кафедраси
катта ўқитувчиси 
Н.Саидакбарова