Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги фуқаролар қабули ва аҳоли билан самимий мулоқотлари муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Бугун, 31 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиб фаолияти, шаръий ва оилавий масалалар, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилиб, аксарияти ижобий ҳал этилди.
Жумладан, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолиятига оид мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мусибат – инсонга муаммо бўладиган, қийинчилик туғдирадиган, қалбига қайғу соладиган воқеалар, танасига дард етказадиган ёки ўй-хаёлларини остин-устин қилиб ташлайдиган ҳолатдир. Бу ҳолат қанчалик арзимас ва оддий бўлмасин, мусибат ҳисобланаверади.
Бир куни кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамчироқлари ўчиб қолган эди, у зот истиржоъ айтдилар. Буни кўрганлар: «Шу ҳам мусибатми, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. Шунда у зот: «Мўмин бандага ёқмайдиган ҳар қандай иш мусибатдир», дедилар.
Баъзи уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кавушнинг ипи узилиб кетса ҳам, истиржоъ айтинглар», деган сўзларидан келиб чиқиб, «Оёқ кийимнинг ипи узилганда ҳам истиржоъ айтиш мустаҳабдир», деганлар.
Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто тикан кирса ҳам, Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради», дедилар» (Имом Бухорий, имом Муслим ривояти).
Ҳадисда айтилган ишларнинг барчаси мусибат бўлиб, Аллоҳ таоло улар туфайли мусулмон банданинг хатоларини ўчиради, яъни гуноҳларини мағфират қилади. Демак, бошига мусибат тушган банда Роббининг ҳузурига гуноҳлардан покланиб боради, сўнг Аллоҳ уни жаннатга киритади. Шунинг учун ҳар қандай мусибат вақтида мўмин одам «Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз яна Ўзига қайтамиз» калимасини айтиши керак.
Бир қиз айтади:
«Мен мусулмон одам фақатгина катта мусибатлар етгандагина истиржоъ айтади, деб ўйлар эканман. Лекин бир куни билдимки, инсонга етган ҳар қандай кўнгилсизликда истиржоъ айтиш керак экан, бу мусибат катта ёки кичик бўлишининг фарқи йўқ экан. Шу ҳақдаги ҳадисни эшитган кунимдан бошлаб, мени ташвишга соладиган ҳар қандай ҳолатда истиржоъ айтишни ният қилдим. Бир куннинг ўзида йигирма мартадан кўпроқ истиржоъ айтдим: акам қўпол гапирганида ҳам, онамдан ноҳақлик кўрганимда ҳам, қаламим синиб қолса ҳам, ҳатто имтиҳоннинг ташвиши тушганда ҳам айтавердим. Натижаси шунақанги бўлдики, ҳайрон қолдим. Истиржоъни кўп-кўп айтганим сари, бу нақадар буюк тушунча эканини ҳис этадиган, қалбимда хотиржамлик ҳукм сурадиган ва энг асосийси – Аллоҳ доим мен билан бирга эканини ҳис қиладиган бўлдим».
Бошқа бир қиз айтади:
«Авваллари бирор мусибатга учрасам ёки зарар кўрсам, ғазабланиб, ҳар хил ёмон гапларни айтиб юборардим. Масалан: «Ё Худо, нега нуқул менда шунақа бўлади?», «Ҳамма қизлар бахтли, фақатгина мен бахтиқароман», «Менга битилгани доим ёмонлик бўлади», «Доим шунақа акс бўлади, менинг ҳаётим фақат азобдан иборат экан-да», «Ўзи мен бахтсиз эканман», «Шу кўчадан юрмаганимда, шу фалокат бўлмас эди» ва ҳоказо... Бу сўзлар эса қайғуларимга қайғу қўшарди. Бора-бора одамларни ёмон кўриб қолдим. Қанча йилларим азобда, оғир руҳий зарбалар остида ўтди. Бу азобларни шифокорлар ҳам, тинчлантирувчи дорилар ҳам даволай олмади. Аммо меҳрибон Аллоҳ бир куни қалбимни очди, мени «Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик билан, мол-мулкка, жонга, ҳосилга талафот етказиш билан синаймиз. Сабрли зотларга хушхабар беринг» деган оятининг тафсирини эшитишга муваффақ этди. Шундан кейин мусибатлар ҳақидаги фикрим буткул ўзгарди. Авваллари уларни ёмон нарса деб билар эдим, ҳозир эса уларни имтиҳон деб қабул қиляпман. Шунинг учун қалбим хотиржам. Одамларга нисбатан қалбимдаги адоват олови ҳам сўнди. Энг қувонарлиси, мусибат етганда истиржоъ айтсам, шайтоннинг васвасаси даф бўлади. Мусибат пайтида ёмон гаплар айтишдан ҳам қутулдим. Ниҳоят, Аллоҳнинг марҳаматини қалбимда ҳис эта бошладим, Роббимнинг «Ана ўшаларга Роббларидан салавотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир» деган сўзининг ҳаловатини тотиб кўрдим. Бу тажрибамдан шуни англаб етдимки, ҳаммага ҳам каттами, кичикми, бирор мусибат етиб турар экан. Ким буни Аллоҳнинг синови деб қараса, савоб олар экан, қалби хотиржам бўлиб, ўзини яхши ҳис қилар экан. Мусибатларга Қуръонда айтилган нуқтаи назар билан қарамаган одамнинг эса юраги сиқилиб, ўзини ўзи еб, одамларни ёмон кўриб юраверади, тушкунликка тушиб, Аллоҳни ғазаблантирадиган гапларни айтиб юборади».
Яна бир қиз айтади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитиб қолдим:
«Бир банданинг ёш боласи вафот қилса, Аллоҳ фаришталарига «Бандамнинг боласини қабз қилдингизми?» дейди. «Ҳа», дейдилар. «Уни жигарпорасидан айирдингизми?» дейди. «Ҳа», дейдилар. «Бандам нима деди?» дейди. «Сенга ҳамд айтди, истиржоъ айтди», дейдилар. Шунда Аллоҳ: «Бандамга жаннатдан бир уй бино қилиб, уни «Ҳамд уйи» деб номланглар», дейди» (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадис қалбимни эгаллаб олди, менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Аллоҳ мени ҳам Жаннатдаги Ҳамд уйи билан сийлашини умид қила бошладим, лекин мусибат ва қайғулардан сақлашидан ҳам умидвор эдим. Сўнг ўзимга ўзим: «Мен жаннатда Ҳамд уйини қўлга киритишим керак, катта мусибат ва қайғу келса ҳам, Аллоҳга ҳамд айтишим керак. Ҳадисда айтилган одам ҳатто ёш фарзанди вафот қилса ҳам Аллоҳга мақтов ва истиржоъ айта олибди. Демак, мен ҳам бир кун келиб, шундай қилишим керакми?» деб савол бердим. Узоқ ўйлагач, бугундан бошлаб ҳар қандай муаммо ёки қийинчиликка учрасам, ҳамду сано, истиржоъ айтаман, мабодо (Аллоҳ сақласин) каттароқ мусибатга дучор бўлсам, Аллоҳга ҳамд айтишга, ҳукмига рози бўлишга ўзимни кўниктириб бораман, дея қарор қилдим. Натижада Аллоҳга ҳамд айтишда, истиржоъ айтишда ўзгача ҳаловат, хотиржамлик ва сакинат топдим. Аллоҳдан омонлик ва сабр сўрайман».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.