Маълумки бугунги кунда баъзи тоифалар куфр сўзини кўп ишлатмоқда. Иймон келтирган ва ўзини мусулмон дея даъво қилаётган кишини ҳам куфрда яни диндан чиққанликда айбламоқдалар.
Аслида бу “Куфр” ўзи нима дегани? Қандай одамга кофир дейилади? Бу саволларга қуйидаги мақоламиз орқали жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Куфр сўзи луғатда “ёпиш”, “беркитиш” маъносини англатади.
Куфр шаръий истилоҳда имоннинг зидди бўлиб, “тониш”, “бош тортиш” маъноларидадир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди: «Бизлар (бу икки китобнинг) ҳар бирига кофирдирмиз», дедилар (Қасос, 48).
Шу эътибордан шаръий маъноси ва луғавий маъноси ўзаро узвий боғлиқдир. “Кофир” дегани “куфр эгасининг қалби куфр сабабли ёпилган” деган маънодадир. “Дуррур мухтор” асарида бундай дейилади: “Куфр шариатда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни динга оид олиб келган нарсаларида ёлғончига чиқаришдир”.
Шариатда мусулмонни унинг мусулмон эканлигига қарши далил топилмагунича мусулмон, деб ҳукм қилинади. Зеро, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бундай дейдилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бир мусулмонни кофирга чиқаришдан олдин куфрга сабаб деб ўйланаётган у гапирган сўзи ёки ишига қараш, уни яхшилаб ўрганиш шартдир. Зеро, барча фосид сўз ёки иш куфр қилувчи эмасдир. Шунингдек, барча инсонлар ўзгаларни кофирга чиқаришдан сақланмоқлари, бу ишдан қочиб, бу жуда нозик масала бўлгани учун ҳам уни олимларга ҳавола этиш вожибдир. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай деяётганларини эшитган: “Ким бир кишини “кофир” деб чақирса ёки “Аллоҳнинг душмани” деса, аслида у одам бундай бўлмаса, гаплари ўзига қайтади” (Имом Муслим ривояти).
Агар бир мусулмон одам куфрга ўхшаш сўзни гапириб қўйса, модомики унинг сўзини бошқа бир яхши маънога йўйишнинг имкони бўлса, уни кофир дейилмайди. Шунингдек, у гапирган сўзни куфр сўз эканлигида олимлар ўртасида ихтилоф бўлса, агарча у ихтилоф заиф ривоятда келиб, ривоятда у сўзни куфр эканлиги шак қилинган бўлса-да, у мусулмон кофирга чиқарилмайди.
Зеро, мусулмонни нима нарса имонга олиб кирган бўлса, ана ўшандан тонишгина имондан чиқариб юборади. Чунки кишидаги мавжуд ислом шак билан йўқ бўлмайди. Ислом шак билан йўқ бўладиган нарса эмас. Агар бир киши бир сўзни айтиб қўйса ё қилиб қўйса ва бир қанча таъвилларга кўра у кофир бўлиши керак бўлган вақтда биттагина таъвилга кўра у кофир бўлмаслиги чиқса, бу масала нозик бўлгани ва мусулмон ҳақида яхши гумон қилиш лозимлиги эътиборидан ана шу бир кўринишга кўра, у кофир эмас дейилади. Олимлар шунга фатво беришган. Бундан ташқари куфр жиноятнинг энг юқориси бўлиб, у жазонинг ҳам энг юқорисини тақозо қилади. Энди шак ва эҳтимол билан эса бир одамга энг катта жазо қўлланмайди ( Раддул мухтор хошияси. III жилд. 385 бет).
Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатар сабабидан Қуръони карим ва Сунна ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган.
Манбалар асосида тайёрланди.
Комилжон Отамирзаев,
Уйчи тумани «Даҳяк-ота» жоме
масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мусо ибн Жаъфар[1] отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Таомдан олдин (қўлни) ювиш камбағалликни кетказади. (Таомдан) сўнг (қўлни ювиш) эса кичик гуноҳларни кетказади ва кўзни тузатади” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).
Ҳадисдаги “кичик гуноҳлар” деб ифодалаган бирикма арабий матнда “ламам” деб келтирилган. Бу сўзнинг бундан ташқари “телбалик, мажнунлик” маънолари ҳам бор. “Ламам” сўзидан кейин “кўзни тузатади” дейилишига қараганда, у “мажнунликнинг олдини олиб, кўзни равшан қилади” маъносини ҳам англатиши эҳтимолдан холи эмас. Лекин поклик, таҳорат гуноҳларга каффорат бўлиши ҳақидаги ворид бўлган ҳадислардан қиёс қилиниб, биз бу ерда “ламам”ни “кичик гуноҳлар” деб таржима қилдик. Балки бу ерда “ламам” сўзи орқали иккала маъно ҳам ирода қилингандир.
Ислом дини поклик асосига қурилган. Ҳам маънан, ҳам моддий тарафдан пок бўлиш банда имонининг комиллигидандир. Бундай бандаларга Аллоҳ ризқ ва насибани кенг қилиб қўяди. Жумладан, таом ейишдан аввал икки қўлни яхшилаб ювиш, покликка амал қилиш фақирликнинг давосидир. Кимки шу нарсага доимо амал қилиб юрса, камбағалликдан саломат бўлади. Бу эса, унинг ризқи кенг, ҳаёти фаровон ва файзли бўлади деганидир. Бундан ташқари, таомдан кейин қўлни ювиш кичик гуноҳларга каффорат бўлади (ёки кишини руҳий хасталикка чалинишдан асрайди) ва кўзни равшан қилади. Чунки таом истеъмолидан сўнг қўлга ёғ, шира ва шунга ўхшаш нарсалар илашади. Уни ювиб ташлаш эса соғлиққа ва яна кўплаб манфаатларга сабаб бўлади.
– Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Тавротда таомнинг баракаси ундан олдин қўлни ювишда эканини ўқидим ва буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган эдим, у зот: “Таомнинг баракаси ундан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Таомнинг баракаси ҳам моддий, ҳам маънавий омилларга боғлиқдир. Масалан, таомдан олдин қўлларни ювиш моддий сабаб бўлса, “бисмиллоҳ”ни айтиб таом ейиш маънавий сабабдир.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Тавротда таомнинг баракаси ундан олдин, яъни овқат истеъмол қилишдан олдин қўлларни ювишдадир, деб ўқиган экан. Вақти келиб буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганида, у зот Исломнинг энг мукаммал дин ва барча шариатларни тўлдирувчи шариат эканини исботловчи жавобни бердилар.
Демак, таом ейишдан олдин ва кейин покликка риоя қилиб, икки қўлни ювиш, энг аввало соғлиққа, қолаверса, хайр-барака ва кўплаб яхшиликларга сабаб экан.
Шу ўринда ҳаммамиз учун муҳим бўлган бир жиҳатни эслатиб ўтишимиз керак. Овқатдан олдин ва кейин қўлни ювиш банда ризқининг баракали бўлишига сабаб экани айтиб ўтилди. Бу ўша амалнинг дунёдаги манфаатидир. Аммо мўмин банда фақат мана шу нарсаларга эришаман, деб эмас, балки Аллоҳ розилиги, У Зот амр қилгани учун амалларни адо қилади. Ҳар қандай солиҳ амални фақат ва фақат Аллоҳ розилигини истаб адо қиладиган бўлсак, дунёда ҳалол-пок ризқ ва осуда-фаровон ҳаётга эришамиз ҳамда охиратда жаннатни қўлга киритамиз!
Одилхон қори Юнусхон ўғли
[1] Мусо ибн Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб Абу Ҳасан ал-Қуроший катта таба тобеъинлардан. Ҳижрий 128 йилда Мадинада туғилган. Ишончли ҳадис ровийси. Термизий ва Ибн Можа ундан ҳадис ривоят қилишган. Мусо ибн Жаъфар раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 183 йилда Бағдодда вафот этган.