Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳридан, асли покистонлик депутат Шабана Маҳмуд Лондондаги Қироллик судида бўлиб ўтган тантанали маросимда Буюк Британиянинг янги лорд-канцлери сифатида қасамёд қилди.
Шу тариқа Шабана Маҳмуд Британия Aдлия вазирлигини бошқарган биринчи мусулмон аёл бўлди ва у адлия бўйича давлат котиби мақомини олди. Бу ҳақда “IslamNews” “ArabNews” электрон нашрига таяниб хабар қилди.
Маълумот ўрнида 43 ёшли Шабана, касби адвакат, 2010 йилдан бери Бирмингем парламенти депутати, шунингдек, у 2010-2024 йилларда Вазирлар маҳкамасида турли вазифаларда фаолият юритган.
“Лорд-канцлер сифатида қасамёд қилиш қанчалик шараф эканини айтмоқчиман”, – деди Шабана Маҳмуд мазкур маросимда, – “Мен бир вақтлар Бирмингемнинг энг қашшоқ туманларидан бири бўлган “Кичик Хит” шаҳрида ота-онамнинг дўконида кассада ишлаганман” – деб маълум қилди.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй имон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ва қариндошларинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, Аллоҳ у иккисига (огоҳлик жиҳатидан) яқинроқдир. Бас, адолатли бўлишингиз учун ҳавойи нафсга берилиб кетмангиз! Агар (тилларингизни) бурсангиз ёки (гувоҳликдан) бош тортсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир” (Нисо сураси, 135-оят).
“Бу биз мусулмонлар дунёда ўз хатти-ҳаракатларимизда адолатни қандай кўришимизнинг асосий ифодасидир. У адолатни ҳамма нарсадан устун қўяди”, – деб хулоса қилди Адлия вазири.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир қанча синовларни юборди. Ҳали дунёга келмасидан оталаридан, олти ёшида оналаридан, саккиз ёшида суянчиғи – боболаридан айрилдилар.
Ислом уммат орасида кенг ёйилгунча кўплаб машаққатлар чекдилар. Еттита фарзандларидан олтитасини ўз қўллари билан ерга қўйдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом буларнинг барчасига гўзал сабр қилдилар.
Уламолар айтадиларки, бу синовлар билан Аллоҳ таоло Расулимизнинг ҳаётларидаги ҳар бир лаҳзасини қиёматга қадар келадиган умматлари учун дастуриламал бўлишини ирода қилган.
Барча мўминлар хотиржамлик, тақдирдаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолодан эканига иймон келтиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу иймонни ҳаётларида ўзлари яққол кўрсатиб берганлар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Маккаи мукаррамадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларидан уларни қатл қилиш учун келаётганлар бор эди. Абу Бакр бундан қаттиқ хавотирда уларни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, яқинлашиб қоляпти-да”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса: “Хотиржам бўлинг”, дедилар. Ёки ғорда Абу Бакр: “Расулуллоҳ ҳозир сал эгилсалар, бизларни кўриб қолади”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўрқма, Аллоҳ биз билан-ку”, дея Абу Бакрни хотиржам қилдилар.
Расулуллоҳ қабристондан ўтиб кетаётганларида бир аёл дод-фарёд билан сочларини юлиб, юзларини тирнаб, бутун бағри билан ўзини ерга уриб ётганди. Пайғамбар алайҳиссалом унга: “Сабр қилинг”, дедилар. У: “Сиз йўлингизда кетаверинг, мен билан нима ишингиз бор?” дея қўполлик қилди. Расулуллоҳ: “Сабр қилсангиз яхши бўлади”, дея кетдилар. Кейин саҳобаи киромлар келдилар: “Эй онахон, нима қилиб қўйдингиз, бу киши кимлигини биласизми, Пайғамбаримиз алайҳиссалом эдилар-ку, яхши иш қилмадингиз, беодоблик қилиб қўйдингиз. Сиз бир фарзандингиздан айрилган бўлсангиз, бу киши бир неча фарзандларини ер бағрига қўйганлар-ку”, дейишганда, бояги аёл хатосини англаб, сўнгра Расулуллоҳдан бориб узр сўради. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, сабр (мусибатнинг) биринчи зарбасидадир”, деб марҳамат қилдилар.
Ҳаётда ҳар қандай ҳолатда ҳам сабр қилиш, киши ўзини хотиржам тутиши Пайғамбаримиздан бизга берилган суннатдир. Унга эргашганларгина икки дунёда ҳам саодат топадилар, иншоаллоҳ.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси ўринбосари
"Ҳидоят" журналининг 7-сонидан