Адолат ва инсоф ўта муҳим нарсалардир. Аллоҳ таоло мўминларни гарчи ўз зарарларига, ота-оналари ва қариндошлари зарарига бўлса ҳам адолатни қоим қилишга ва тўғри гувоҳлик беришга чақирган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутумлари ҳам шундай эди. «Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммад қизи Фотима ўғрилик қилса, ҳеч шубҳасиз унинг ҳам қўлини кесган бўлардим...».
Бухорий ривояти.
Саҳобаларнинг тутуми ҳам шундай бўлган. Тобеинлар ва уларга эзгулик билан эргашганларнинг ҳам ҳоли шундай эди.
Шурайҳ Қозининг ўғли бир куни отаси ҳузурига келиб айрим одамлар билан ўртасида хусумат юзага келганини айтиб кенгаш қилади. Отаси унга бўлган воқеани айтиб беришини сўрайди. У айтиб беради ва отасидан мазкур келишмовчиликда унинг ҳақ ёки ноҳақлигини сўрайди. Бунинг сўраётганимнинг сабаби шуки, дейди отасига:
- Агар мен ҳақ бўлсам, уларни қозига арз қилиб, даъволашаман. Бордию улар ҳақ бўлса, у ҳолда улар билан келишиб оламан. Отаси уни диққат билан тинглагач, улар билан даъволаш, деди. Энг катта қози эса отаси Шурайҳ эди. Шундай қилиб, қозининг боласи ўз хасмларини даъвога тортди. Чунки, отасининг «улар билан даъволаш!» деган сўзидан ўзининг ҳақ эканлигида шубҳаси қолмаганди. Қози Шурайҳ ҳузурига тўпланган ўғлининг хасмлари ўғлини эшитгач, ҳукмни ўғлининг ёвлари фойдасига ва ўғлининг зарарига чиқарди ва ўғлини уларнинг ҳақларини адо этишга мажбур қилди. Рақиблар кетгач, Шурайҳнинг ўғли отасидан қаттиқ хафа бўлди. «Мени қаттиқ шарманда қилдингиз, отажон», дея ёзғирди. «Сиз билан бу борада маслаҳатлашмаган бўлганимда ҳам сизни маломат қилмасдим. Менинг ноҳақлигимни айтсангиз бўларди-ку ўшанда?! Ахир, мен фарзандингизманку! Шунчалик ҳам ёмон кўрасизми, мени?!», деди. Шунда Қози Шурайҳ шундай жавоб берди:
«Ўғлим, сен менга Ер юзи тўла шундай одамлардан маҳбуброқсан. Лекин, Аллоҳ мен учун сендан азизроқдир. Агар мазкур хусуматда сен ноҳақсан» деганимда улар билан бориб сулҳ қилардинг. Ҳақ бўлсанг, қозилашиб, ноҳақ бўлсанг сулҳга боришинг, адолатдан эмас. Зеро, бу ҳолатда улар сенинг келишувга мойил бўлганинг учун ўзларининг айрим ҳақларидан ўзлари хоҳламаган ҳолда воз кечишга тайёр бўлардилар. Шундай бўлмасин, дея «улар билан даъволаш!» дедим. Токи, ҳақларига заррача ҳам нуқсон етмасин.
Алишер Султонходжаев
Исломнинг барча – бешала рукнини ҳам бажарган одам чинакам саодатлидир. Айниқса, ҳожилик – алоҳида масъулият талаб этадиган мақом. Бу йил юртимиздан 15 мингдан зиёдроқ фуқаро ана шундай шарафга эга бўлди.
Бу йил юртимиздан ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларида юртга қайтгач, «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари бўламиз» деган эзгу ташаббусни илгари сурган эдилар.
Бугун, 14 июль куни пойтахтимиздаги «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди мажлислар залида пойтахтимизда фаолият юритаётган имом-хатиблар, имом ноиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Абдулвосид Хомитжонов, «Нуроний« жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси Рустам Калонов, Маҳаллалар уюшмаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Фурқатхўжа Маҳмудхўжаев, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов иштирок этди.
– Ҳожиларга катта ишонч билдириб, улар маънавият тарғиботчиларидир, – дейди ДИҚ раиси биринчи ўринбосари Даврон Махсудов. – Ҳадиси шарифда: “Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг севиклиси одамларга кўп манфаати етказадиганидир” (Имом Табароний ривояти), дейилган. Шундай экан, ҳар бир ҳожига ўз ҳудудидаги имом-хатиб кўмакчи бўлиб, маҳаллама-маҳалла юриб, аҳолига, айниқса, ёшларга панду насиҳатлар қилишлари зарур. Чунки ҳожиларнинг сўзлари таъсирчан бўлади. Фарзандларимизнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда уларнинг хизматидан фойдаланишимиз керак. Ҳожиларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан халқимизнинг маънавияти, маърифати янада ошади.
Ана шундай маънавий-маърифий тадбирлар орқали ҳожиларимиз жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлмоқдалар.