Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2024   |   02 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:24
Пешин
12:16
Аср
16:13
Шом
18:01
Хуфтон
19:14
Bismillah
05 Октябр, 2024, 02 Рабиъус сони, 1446

Адолат ва инсоф ўта муҳим

2.08.2024   7348   2 min.
Адолат ва инсоф ўта муҳим

Адолат ва инсоф ўта муҳим нарсалардир. Аллоҳ таоло мўминларни гарчи ўз зарарларига, ота-оналари ва қариндошлари зарарига бўлса ҳам адолатни қоим қилишга ва тўғри гувоҳлик беришга чақирган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутумлари ҳам шундай эди. «Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммад қизи Фотима ўғрилик қилса, ҳеч шубҳасиз унинг ҳам қўлини кесган бўлардим...».
Бухорий ривояти.

Саҳобаларнинг тутуми ҳам шундай бўлган. Тобеинлар ва уларга эзгулик билан эргашганларнинг ҳам ҳоли шундай эди.

Шурайҳ Қозининг ўғли бир куни отаси ҳузурига келиб айрим одамлар билан ўртасида хусумат юзага келганини айтиб кенгаш қилади. Отаси унга бўлган воқеани айтиб беришини сўрайди. У айтиб беради ва отасидан мазкур келишмовчиликда унинг ҳақ ёки ноҳақлигини сўрайди. Бунинг сўраётганимнинг сабаби шуки, дейди отасига:

- Агар мен ҳақ бўлсам, уларни қозига арз қилиб, даъволашаман. Бордию улар ҳақ бўлса, у ҳолда улар билан келишиб оламан. Отаси уни диққат билан тинглагач, улар билан даъволаш, деди. Энг катта қози эса отаси Шурайҳ эди. Шундай қилиб, қозининг боласи ўз хасмларини даъвога тортди. Чунки, отасининг «улар билан даъволаш!» деган сўзидан ўзининг ҳақ эканлигида шубҳаси қолмаганди. Қози Шурайҳ ҳузурига тўпланган ўғлининг хасмлари ўғлини эшитгач, ҳукмни ўғлининг ёвлари фойдасига ва ўғлининг зарарига чиқарди ва ўғлини уларнинг ҳақларини адо этишга мажбур қилди. Рақиблар кетгач, Шурайҳнинг ўғли отасидан қаттиқ хафа бўлди. «Мени қаттиқ шарманда қилдингиз, отажон», дея ёзғирди. «Сиз билан бу борада маслаҳатлашмаган бўлганимда ҳам сизни маломат қилмасдим. Менинг ноҳақлигимни айтсангиз бўларди-ку ўшанда?! Ахир, мен фарзандингизманку! Шунчалик ҳам ёмон кўрасизми, мени?!», деди. Шунда Қози Шурайҳ шундай жавоб берди:

«Ўғлим, сен менга Ер юзи тўла шундай одамлардан маҳбуброқсан. Лекин, Аллоҳ мен учун сендан азизроқдир. Агар мазкур хусуматда сен ноҳақсан» деганимда улар билан бориб сулҳ қилардинг. Ҳақ бўлсанг, қозилашиб, ноҳақ бўлсанг сулҳга боришинг, адолатдан эмас. Зеро, бу ҳолатда улар сенинг келишувга мойил бўлганинг учун ўзларининг айрим ҳақларидан ўзлари хоҳламаган ҳолда воз кечишга тайёр бўлардилар. Шундай бўлмасин, дея «улар билан даъволаш!» дедим. Токи, ҳақларига заррача ҳам нуқсон етмасин.

Алишер Султонходжаев

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўтганлар ҳақида “раҳматли” дейиш жоизми?

30.09.2024   3454   1 min.
Ўтганлар ҳақида “раҳматли” дейиш жоизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Марҳумлар ҳақида гапирганда ҳозир кӯп кишилар "раҳматли бӯлиб кетган", деб айтишмоқда. Шунда мен бундай дейиш хато десам, ким айтди буни, деб сӯрашяпти. Шунга бир изоҳли жавоб берсангиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Вафот этган мўмин-мусулмонларнинг ҳаққига мазкур сўзлар билан дуо қилиш ва ўтганларга Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини умид қилиш мустаҳаб-савобли ишлардан биридир.

Мусулмон инсоннинг мусулмон устидаги ҳақларидан бири вафотидан кейин уни яхшилик билан эслаш, хотирлаш ва ҳаққига хайрли дуо қилишдир.

Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларга ўзларидан аввал иймон билан ўтган зотларнинг ҳаққига дуо ва мағфират сўраб дуо қилишларини таълим бермоқда. Мусулмонлар асрлар оша ушбу таълимотга содиқ қолиб келмоқдалар.

Ўтганларни хотирлаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш турли халқларда турлича ибора ва сўзлар билан ифода қилинади. Бизнинг халқимизда ўтганларни “марҳум”, “мағфур” “раҳматли”, “раҳматли бўлиб кетган” ва шу каби дуо маъносидаги сўзлар билан ёдга олиш урф бўлган ва бу савобли амалдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар