Бугун, 6 август куни Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2024-2025 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари ўтказиладиган 6 та ҳудуднинг учинчиси бўлган
Қашқадарё вилояти, Китоб тумани, 1-сонли касб-ҳунар мактаби биносида навбатдаги кириш имтиҳон жараёнлари бошланди.
Эрта тонгдан мазкур даргоҳга 533 нафар абитуриент тест синовларини топшириш учун етиб келди. Бу ерда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига барча зарур шароитлар ҳозирланган.
Имтиҳон бошланиш олди ўтказилган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири ўринбосари Акбар Дўсматов, Дин ишлари бўйича қўмитаси масъул ходими Элёр Алимқулов, Шаҳрисабз шаҳар бош имом-хатиби Фазлиддин Мухторов, "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири Ўткир Ғузаров, соҳа вакиллари, ўқитувчи-мураббийлар, ота-оналар ва абитуриентлар иштирок этди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган маросимда сўзга чиққанлар юртимизда диний таълим соҳасига қаратилаётган эътибор тўғрисида сўзлаш баробарида имтиҳонлардаги замонавий технологиялардан фойдаланиш тартиб-қоидалари тўғрисида абитуриентларга батафсил тушунча ва тавсиялар бериб ўтди.
Ушбу жараённи соҳа мутасаддилари ва ҳамкор ташкилот вакилларидан иборат кузатувчилар назорат қилиб бормоқда.
Имтиҳон топширётган барча абитуриентларга муваффақият тилаб қоламиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир киши айтади: "Бир куни мен болтамни йўқотиб қўйдим. Менга қўшним болтани ўғирлагандек туюлди. Гумонимни тасдиқлаш учун уни диққат билан кузатдим. Унинг юриши худди болтамни ўғирлаган одамнинг юришидай кўринди. Гапириш тарзи ҳам, ҳамма ҳаракатлари болтамни ўғирлаган кишининг ҳаракатидек туюлаверди.
Ўша кеча болта қайғусида уйқум келмади, туни билан уйғоқ қолиб, қўшнимни ўғри эканлигини қандай қилиб аниқласам экан, деб ўйланиб чиқдим. Эрта тонгда турсам болтам топилиб қолди. Кичик ўғлим болтани устига пўстинни ташлаб қўйган экан. Кейин қўшнимга қарасам, у болтамни ўғирлаган одамга ўхшамай қолди. На юриши, на гапириши, на бошқа ҳатти-ҳаракатлари болтани ўғирлаган кишиникига ўхшамайди. У кўзимга бутунлай беайб, бегуноҳ одам бўлиб кўринди.
Шундагина тушундимки, аслида менинг ўзим ўғри эканман. Қўшнимнинг беозорлиги ва ишончини ўғирлаб, унинг шаънига доғ туширдим. Қолаверса, ўз ҳаётимдан бир кечани ўғирладим, уни бегуноҳ одамни айблаш йўлини ахтариш билан ўтказдим.
Ичидан булғанган одам атрофида тоза, бегуноҳ инсонлар борлигини тушуниб етмас экан...".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ