Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шу йил 7 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ёш диний соҳа ходимларининг ахборот, медиа ва коммуникациялар бўйича саводхонлигини оширишга қаратилган I илмий-амалий семинарнинг иккинчи куни ҳам ҳар жиҳатдан ёш имомларга фойдали бўлди.
Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бугунги даврда ёш имом-хатиблар олдида турган вазифалар, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Алижон Сафаров ОАВ журналист маҳорати мавзусида дарс машғулотларини ўтиш баробарида ёш соҳа ходимларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришди.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари Тошкент ислом институтида уч шўъбага бўлинган ҳолда амалий машғулотларда иштирок этди.
Мазкур жараёнда қатнашчилар Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходимлари, Фатво маркази, Матбуот хизмати, шунингдек, соҳа мутахассислари томонидан медиа йўналишига доир маъруза ва амалий машғулотларда қатнашдилар.
Иштирокчилар учун диққатга сазовор жойларга зиёратлар ҳам уюштирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати