Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
#xabar #seminar #imomlar
Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 6–8-август кунлари ёш диний соҳа ходимларига ахборот, медиа ва коммуникациялар соҳасида саводхонликни ошириш бўйича I илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Бугун, 8 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида мазкур машғулотларнинг якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Диний идора раҳбар ходимлари ва ёш имом-домлалар иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари учрашувда ёш диний соҳа ходимларини бугунги ахборот асрида ниҳоятда долзарб бўлган ахборот, медиа ва коммуникациялар йўналишидаги уч кунлик семинарни муваффақиятли якунлаганлари ва унинг илк тингловчиси бўлганлари билан қутлаш баробарида келгусида ҳам ёш имомларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишлари давом этишини билдирдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзлари давомида ёш соҳа ходимларига мазкур семинарда олган билим ва малакаларини амалиётда кенг қўллаш, вақтни ғанимат билиб доимо ўз устида ишлаш, шунингдек, дин таълимотини мўмин-мусулмонларга чиройли мавъиза билан етказиш, замон билан ҳамнафас бўлиш борасида насиҳат ва тавсияларини бердилар.
Ўз навбатида ёш имомлар ҳам сўз олиб дилдан суҳбат ва бугунги кунда айни муддао бўлган семинар ташкил этилгани учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, мазкур дарсларда тажрибали уламолар ва малакали устозлардан соҳага оид ва ахборот технологиялари борасида керакли билимлар олишгани ва уларни амалий машғулотларда қўллаганлари ҳар томонлама манфаатли бўлганини қайд этишди.
Тадбир сўнгида Муфтий ҳазратлари ёш имомларга семинар тингловчиси сифатида муваффақиятли иштирок этгани учун сертификатларни топшириш баробарида уларнинг келгуси фаолиятига хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
MUSLIM.UZ (http://muslim.uz/)
Cавол: Қиёмат аломатлари ҳакида маълумот берсангиз.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қиёмат куни қачон бўлиши Аллоҳ таоло яширган сирдир. Лекин унинг аломатлари ҳақида ояти карима ва ҳадиси шарифларда бизга бир қанча маълумотлар етиб келган. Қиёмат аломатлари – қиёмат яқинлашганда содир бўладиган воқеа-ҳодисалардир.
Қиёмат аломатларининг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса Аллоҳнинг иродаси билан бу дунё ниҳояси етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир.
Кўплаб ҳадиси шарифларда қиёматдан олдин содир бўладиган катта ва кичик ҳодисалар ҳақида сўз юритилган. Жумладан, Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Бир куни суҳбатлашиб турсак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар ва: “Нима ҳақда суҳбатлашиб турибсиз?”, дедилар. “Қиёматни эслаб турибмиз”, дейишди. У зот: “Ўнта аломатни кўрмагунингизча қиёмат бўлмайди”, деб: Тутун (ўраб келиши), Дажжолнинг чиқиши, одамларга гапирадиган ҳайвоннинг чиқиши, Қуёшнинг мағриб (ботадиган жойи)дан чиқиши, Исо (алайҳиссалом)нинг ерга тушиши, Яъжуж-Маъжужнинг чиқиши, учта ер ютиши: машриқ, мағриб ва Арабистон ярим оролидаги ер ютишларини, Ямандан одамларни махшаргоҳга тўплайдиган оловнинг чиқишини эслаб ўтдилар” (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Баъзи қиёмат аломатлари ақида китобларимиздан ҳам жой олган ва мусулмон киши имон келтириши лозимлиги таъкидланади. Масалан, “Ақоиди Таҳовия” китобида бу борада бундай дейилади:
وَنُؤْمِنُ بِأَشْرَاطِ السَّاعَةِ: مِنْ خُرُوجِ الدَّجَّالِ، وَنُزُولِ عِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ مِنَ السَّمَاءِ، وَنُؤْمِنُ بِطُلُوعِ الشَّمْسِ مِنْ مَغْرِبِهَا، وَخُرُوجِ دَابَّةِ الْأَرْضِ مِنْ مَوْضِعِهَا.
“Қиёмат аломатларига: Дажжолнинг чиқиши, Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушиши, Қуёшнинг мағриб (ботадиган жойи)дан чиқиши, ер ҳайвонининг чиқишига имон келтирамиз”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.