Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ижроси юзасидан Термиз шаҳрида 2020-2021 ўқув йилидан ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилган бўлиб, 2023-2024 ўқув йилида илк битирувчилар мазкур таълим муассасасини тамомлади.
Ўрта махсус ислом таълим муассасасининг узвий давоми сифатида Имом Термизий номидаги ислом институти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Таълим муассасасида ўқиш муддати 4 йил бўлиб, бакалавр даражасидаги олий диний маълумотли ҳадис илмлари, диний фанлар ва араб тили бўйича мутахассислар тайёрланади.
Имом Термизий номидаги ислом институтига 2024-2025 ўқув йили учун қабул эълон қилинади. Ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 2024 йил 14 августдан 20 августга (шу куни ҳам соат 18:00 гача) қадар давом этади.
Абитуриентлар Қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
таълим муассасаси ректори номига ариза;
паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси асл нусхада;
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади).
Абитуриентлар қуйидаги фанлар бўйича қабул имтиҳонларини топширадилар:
Араб тили (тест синови) 30 Х 3,1 – 93 балл
Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис (ижодий имтиҳон) 63 балл
Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл
Араб тили бўйича В2 даражасидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади.
Маълумот ўрнида: Таълим муассасасига ҳужжат топшириш учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Қабул имтиҳонларини ўтказиш санаси бўйича қўшимча маълумот берилади.
Қабул жараёнлари ҳақида сўнги янгиликларни https://t.me/qabulmuslimuz каналида кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати