Шу йил 11 август куни Тошкент вилояти Бўка туманида “Вақф” хайрия жамоат фонди (https://t.me/vaqfuz) ва ҳомийлар томонидан эҳтиёжманд оилалар учун барпо этилган ижтимоий муассасалар – тикув корхонаси, қандолат цехи, новвойхона, ўқув маркази ҳамда уларнинг фарзандлари учун боғча фойдаланишга топширилди.
Мазкур марказнинг очилиш маросимида Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, “Вақф” фонди раиси Исахон Абдуллаев, Фонд раҳбари ўринбосари, хайрия ишлари бўйича директори Сардор Раҳимхон, ҳокимлик мутасаддилари, маҳалла фаоллари, имом-домлалар ва аҳоли вакиллари иштирок этди.
Маросим Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Сўнгра Ҳомиджон домла Ишматбеков мўмин-мусулмон халқимизнинг бирдамлиги ва меҳр-оқибати маҳсули сифатида бунёд этилган мазкур мажмуанинг фойдаланишга топширилиши билан иштирокчиларни қутлаш баробарида динимизда яхшиликка қилиш, муҳтожларга кўмак бериш, ўзига раво кўрганни ўзгаларга ҳам улашишнинг дунё ва охиратдаги манфаатлари ҳақида сўз юритди.
Шундан сўнг мажмуа фахрий меҳмонлар ва нуроний отахонлари иштирокида очиб берилди. “Вақф” фонд раиси Исахон Абдуллаев меҳмонларга мазкур мажмуа ҳақида сўзлаб берди.
Унга кўра, бир неча йил олдин халқ ҳашари ва ҳомийлар томонидан мазкур ҳудудда 30 та эҳтиёжманд оилага қуриб берилган замонавий уйларда яшовчи аҳоли вакилларига "Вақф" фонди томонидан 50 кишини иш билан таъминлаган тикув корхонаси, шунингдек, тоза ичимлик суви ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цехлар ва новвойхона тақдим этилди.
Шунингдек, мазкур кичик шаҳарчада истиқомат қилувчи болаларнинг таълим-тарбия олиши учун 100 ўринли замонавий боғча, ўқув маркази ва уларнинг ҳордиқ чиқариши учун ўйингоҳлар барпо этилиб, туҳфа этилди.
Эътиборлиси, мазкур муассасалар муқобил Қуёш энергияси билан таъминланган.
Мажмуада эҳтиёжманд оила вакиллари бекаму кўст яшаши, касб-ҳунар ўрганиб ишлаши, таълим-тарбия олиши учун барча шароитлар яратилган. Бир сўз билан айтганда, мазкур оилалар эҳтиёжмандликдан холос бўлиб, тўлақонли ҳаёт тарзига ўтишлари учун барча имкониятлар қилиб берилди.
Ушбу илк лойиҳани юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий кўзда тутилган.
Аллоҳ таоло бундай хайрли ишни бардавом қилсин, унга ҳисса қўшганлардан Ўзи рози бўлиб, ажру савобларни кўпайтириб берсин.
Баҳриддин Хушбоқов,
Абдусамад Самуғжонов (сурат),
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Дарахтлар ҳар хил бўлади. Соя берадиган дарахтнинг соясидан, мевали дарахтнинг мевасидан истеъфода этамиз. Умуман айтганда, дарахтлар Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматларидандир.
Бу дунёда инсон сахийлик дарахтининг шохидан ушласа, у шох уни жаннатга йўллайди. Аммо инсон бахиллик дарахтининг шохини ушласа, у шох уни дўзахга элтади. Бу ҳақда жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Сахийлик жаннатдаги бир дарахтдир, унинг шохлари дунёга тушиб туради. Ким унинг бирорта шохини тутса, у шох уни жаннатга йўллайди. Бахиллик ҳам дўзахдаги бир дарахтдир. Унинг шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан тутса, у шох уни дўзахга элтади”.
Шу сабабли бу дунёда инсоннинг қисмати унинг қайси дарахтнинг шохини ушлашига боғлиқ. Агар инсон ҳаётлик даврида сахий дарахтининг шохларидан ушласа, у икки дунё яхшилигини ушлаган бўлади. Аллоҳнинг розилигида сахий киши чин кўнгилдан яримта хурмони бўлса ҳам муҳтожларга берса, унинг бу ҳиммати катта ажру-савобларга сабаб бўлади. Бу ҳақда шоир бундай ёзади:
Оч қолган гўдакка саховатли зот,
Яримта хурмони дилдан илинди,
Билгилки, бу ҳиммат шу зум, шу заҳот,
Бус-бутун савоб деб қабул қилинди.
Мабодо инсон бахиллик дарахтининг шохларидан ушласа, у дунё ва охират яхшилигидан бебаҳра қолади. Шунинг учун ҳам халқимиз бекорга “Бахилнинг боғи кўкармас” деб бекорга айтмайди.
Аллоҳ таоло барчамизни бахиллик дарахт шохларидан ушлашдан асраб, сахийлик дарахтининг шохларидан ушлашни насиб этсин!
Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига еткарсин!
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
ЎМИнинг Қашқадарё вилояти
вакиллиги ходими Руҳиддин Акбаров