Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Ноябр, 2024   |   12 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:47
Қуёш
07:09
Пешин
12:12
Аср
15:24
Шом
17:08
Хуфтон
18:24
Bismillah
13 Ноябр, 2024, 12 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Маърифатга ташналик саодатга бошлайди!

12.08.2024   1931   6 min.
Маърифатга ташналик саодатга бошлайди!

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳраматдин РАЗОВ билан суҳбат
 

– Ассалому алайкум, муҳтарам дом­ла. Аввало, сизни масъулиятли лавозимга тайинланганингиз муносабати билан табриклайман. Аллоҳ таоло ёр ва мададкор бўлсин. Табиийки, муҳтарам муштарийларни, ўқувчиларни Қорақалпоғистон­да сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган исло­ҳотлар қи­зиқтиради. Сўзни шундан бошласак.
 

– Юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар Қорақалпоғистонда ҳам амалий тус олаётгани барчамизга маълум. Хусусан, Нукус шаҳридаги Муҳаммад Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юрти ўқув дастурлари тубдан янгиланди. Талабалар учун барча шароитлар, қулайликлар ҳозирланди.

Ҳудудларда аҳолининг диний-маърифий эҳтиёжларини қондириш мақсадида хонадонларга ташриф буюрилиб, уларнинг муаммолари ўрганиляпти, хайр-эҳсонлар тарқатиляпти. Бундан ташқари, қорақалпоқ тилида диний-маърифий адабиётлар ҳам чоп этилиб, китобхонларга етказиляпти.
 

– Бу борадаги ишларнинг кўзга кўри­нарлиси эса, масжидлар фаолияти билан боғлиқ. Шундай эмасми?
 

– Дарҳақиқат, сўнгги йилларда юртимиз масжидлари буткул янги қиёфага кириб, намозхонлар учун барча шароитлар яратилмоқда. Сўнгги уч йилда 14 та янги масжид очилди, эскилари эса, қайта таъмирланди.

Хўжайли туманидаги “Са­рышунгул” ва Нукус шаҳрида “Алланияз Қаҳарман” маҳаллаларида янги масжидлар барпо этиляпти. Қораўзак туманида “Идрис эшон”, Нукус туманида “Имоматдин эшон”, Хўжайли туманида “Муҳаммад Карим”, Амударё туманида “Ноғай эшон”, Тўрткўл туманида “Мунтук бобо”, “Шорахан” масжидларининг бинолари янгидан қуриляпти.

Буюк муфассир­лардан Абдураҳмон ибн Абу Ҳотим раҳи­маҳуллоҳ Хуросонга келганида у кишини талабалар қуршаб олиб, намозхонлар ёзнинг жазирамасида, қишнинг қаҳратонида қийналиб намоз ўқишларидан шикоят қилиб, масжид қуриш учун эҳсон йиғиб беришларини илтимос қилишади. Шунда буюк олим: «Эй Хуросоннинг бой, савдогар аҳли! Ким масжид қуриш учун эҳсон қилади? Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким Аллоҳ учун бир масжид бино қилса, гарчи у какликнинг уясичалик бўлса ҳам, Аллоҳ унга жаннатда бир уй қуриб беради” (Имом Термизий ривояти), деганлар», деди. Буни эшитган савдогарлардан бири: “Масжид қурганимнинг эвазига Аллоҳ таоло менга жаннатда уй қуриб беришига кафил бўласизми? Агар кафил бўлсангиз, бир васиқа ёзиб беринг. Масжидни ўз ҳисобимдан қуриб бераман”, деди. Шунда олим Аллоҳга таваккул қилиб, кафил бўлди ва васиқа ёзиб берди. Барча шунга гувоҳ бўлди.

Масжид қуриб битказилди. Ўша кеча Ибн Абу Ҳотим раҳимаҳуллоҳ туш кўрди. Тушида у кишига: “Аллоҳ васиқани амалга оширди. Масжидни қурган кишига жаннатда бир уй қурилганининг хушхабарини бер”, дейилди».
 

– Қорақалпоғистон Республикасида одамларнинг Ислом маърифатига таш­налигини кўрамиз. Уларнинг эҳтиёж­ларини қондириш ва малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?


– Одамзод табиатан эътиқодга муҳтож, динга ташна қилиб яратилган. Мана шу эҳтиёж қондирилмаса, инсонлар асло саодатли умр кечира олмайдилар. Қорин тўқ бўлгани билан руҳ оч бўлса, эътиқод, ибодат ўлда-жўлда бўлса, киши чинакам бахтли бўла олмаслиги кундайин равшан.

Мана шу эҳтиёжларни Исломнинг соф ақидаси, Имом Мотуридий бобомизнинг таълимоти билан тўлдириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Жалолиддин Румий ҳазратларининг ушбу сўзлари ҳам бунга яққол далилдир: “Султонлар икки ракат намозда ҳис этган лаззатимни билганларида эди, салтанатнинг пар тўшакларини улоқтириб, қўшинлари билан эшигимизга келар, икки ракат намозга талабгор бўлар эдилар”. 

Республикадаги жами 141 нафар мутахассис динимизнинг аҳкомларини, шариат кўрсатмаларини буюк аждодларимизнинг бой илмий меросига таянган ҳолда халқимизга етказиб бермоқда. Эътироф этиш керак, имомларимизнинг бу саъй-ҳаракатла­ри натижасида аҳолининг Исломга, Расулуллоҳга муҳаббати сезиларли даражада ошди. Лекин эътиқод ўғрилари, ғаламислар ҳамон изғиб юришибди. Шундай экан, биз янада ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз шарт.

Шу боис аҳоли орасида ва таълим муас­сасаларида кўплаб диний-маърифий суҳ­батлар ўтказиляпти. Мазкур учрашувларда ёшлар ёт ғояларга берилиб кетмаслиги учун экстремизм, терроризм ва миссионерликнинг олдини олиш бўйича ҳам тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Айни дамда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги масжидларда жа­ми 64 нафар имом-хатиб ва 77 нафар имом ноиби фаолият юритмоқда. Шундан 24 нафари олий диний, 40 нафари ўрта диний, 77 нафар имом ноибидан 9 нафари олий диний, 68 нафари ўрта диний маълумотга эга. 2019 йилдан буён қорақалпоғистонлик 32 нафар имом-хатиб Тошкент ислом институтига модуль таълим тизими асосида ўқишга қабул қилинди. Улардан 11 нафари олий маълумотли бўлди.


– Имом-хатибларнинг ижтимоий тармоқлардаги тарғибот ишларига ҳам тўхталсангиз.


– Имом-домлалар ҳам интернет сайтларидан, ижтимоий тармоқлардан унумли фойдаланиб, халқнинг маърифатини юксалтиришга, Исломнинг соф таълимотини аҳоли, айниқса, ёшлар онгига сингдиришга бел боғлашган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир” (Оли Имрон сураси, 104-оят), деб марҳамат қилган.

Ҳанафий мазҳаби уламолари мазкур оятга биноан амри маъ­руф ва наҳйи мункар билан шу­ғулланишни фарзи айн, яъни ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир, деганлар. Жумладан, Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари ҳам “Таъвилоту аҳлис сунна” асарида шу суранинг 110-, Моида сурасининг 79-оятлари ва бир неча ҳадиси шарифларни далил қилиб, амри маъруф, наҳйи мункар ишларини қилиш ҳар бир мусулмонга фарзи айндир, деб таъкидлаган.

Ҳақиқатан, ижтимоий тармоқ­ларнинг, интернет сайтларининг қамрови кенг. Бу имкониятлар­дан фойдаланиш мақсадида Қора­қалпоғистон мусулмонлари қозиё­ти тизимидаги барча масжидларнинг телеграм каналлари, шаҳар ва туман марказий масжидларнинг расмий сайтлари самарали ишлаб турибди.

Бизнинг paziylet.uz расмий диний-маърифий сайтимиз ва унинг ижтимоий тармоқларида имом-хатибларимизнинг ранг-баранг чиқишлари, диний-маърифий мав­зудаги мақолалар, жума мавъиза­лари, аудио ва видеороликлар мунтазам бериб борилмоқда.


– Аллоҳ таоло барча хайрли ишларингизда ёр ва мададкор бўлсин!


Юсуп САБУРОВ

суҳбатлашди.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ШАЙХ НУРИДДИН ХОЛИҚНАЗАР: ТАБИАТ — АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИДИР!

7.11.2024   2267   1 min.
ШАЙХ НУРИДДИН ХОЛИҚНАЗАР: ТАБИАТ — АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИДИР!

Бутунжаҳон глобал саммитида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нутқ сўзлаб, дунёда иқлим ўзгариши оқибатида ҳарорат кўтарилиши, саҳролар кенгайиши, чанг-тўзон, сув тошқинлари ва қум бўронлари каби табиат ҳодисалари содир бўлаётганини хавотир билан таъкидлаш баробарида ҳар бир инсон Аллоҳнинг омонати бўлган табиатга оқилона муносабатда бўлишига чақирдилар.

Мамлакатимизда иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш, табиий бойликлардан самарали фойдаланиш ҳамда биологик хилма-хилликни янада бойитишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларга Муфтий ҳазрат алоҳида тўхталдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Ер юзини обод қилиш инсонлар зиммасидаги муҳим вазифа эканини таъкидлаб, Қуръони каримдаги   “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни обод қилиш учун жойлаштирди” (Ҳуд сураси, 61-оят) ояти кариманинг мазмун-моҳиятини изоҳладилар. Шунингдек, Набий алайҳиссаломнинг “Зарар қилиш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” (Имом Аҳмад ривояти), деган ҳадиси шарифларини келтирдилар.

Шунингдек, Муфтий ҳазратлари юртимизда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, табиатга етказилаётган зарарларнинг олдини олиш мақсадида, уламолар ва имом-хатиблар томонидан маҳаллалар, таълим муассасаларида учрашувлар ўтказилаётгани, масжидларда эса маъвизалар қилинаётгани каби тажрибалар билан ўртоқлашдилар.

Саммит иштирокчилари мамлакатимиз диний соҳа ходимларининг иқлим ўзгаришини олдини олишдаги фаолликларига юқори баҳо берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

ШАЙХ НУРИДДИН ХОЛИҚНАЗАР: ТАБИАТ — АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИДИР! ШАЙХ НУРИДДИН ХОЛИҚНАЗАР: ТАБИАТ — АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИДИР! ШАЙХ НУРИДДИН ХОЛИҚНАЗАР: ТАБИАТ — АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИДИР! ШАЙХ НУРИДДИН ХОЛИҚНАЗАР: ТАБИАТ — АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИДИР! ШАЙХ НУРИДДИН ХОЛИҚНАЗАР: ТАБИАТ — АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИДИР! ШАЙХ НУРИДДИН ХОЛИҚНАЗАР: ТАБИАТ — АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИДИР! ШАЙХ НУРИДДИН ХОЛИҚНАЗАР: ТАБИАТ — АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИДИР! ШАЙХ НУРИДДИН ХОЛИҚНАЗАР: ТАБИАТ — АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИДИР!
МАҚОЛА