frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null
Мақолалар

Ёшларни радикал тоифалардан асраш зарур

12.08.2024   6876   4 min.
Ёшларни радикал тоифалардан асраш зарур

Биз  жамиятимизда  ҳар  қандай радикаллашувга,  ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Бугунги кунда “экстремизм”, “терроризм”, “мутаассиблик”, “оқимлар” каби тушунчалар кенг қўлланиляпти. “Радикализм” киши сўз ва амалларида мўътадилликдан оғиб, ҳақиқатдан узоқ бўлган “нодир” фикрлар ортидан эргашиш бўлиб, динда ғулувга кетишнинг бир кўриниши ҳисобланади.

Дин ниқоби остида ёшларни зўравонликка ва оилавий қадриятларни йўқотишга ундаш йўли билан жамиятда радикал қарашларни тарқатиш авж олмоқда, ушбу таҳдидларнинг олдини олиш ва унга қарши маърифат билан курашиш лозимдир.

Бу иллат дин, миллат ёки ирқ танламайди, балки у Ер юзининг исталган нуқтасида, исталган миллатда топилади. Радикализм жамиятнинг ўзига ҳам, унинг аъзоларига ҳам жуда катта хавф туғдиради, бу маслак кишини жамиятга қўшила олмайдиган шахсга айлантиради, одамлар у билан зиддиятга бормаслик учун доимо ўзларини олиб қочадилар. Радикализм ижтимоий ҳаётни издан чиқаради, цивилизацияларни хароб қилади, қон тўкилишига сабаб бўлади.

Ислом дини ва унинг аҳкомлари  бешта олий мақсадни ҳимоя қилиш учун нозил бўлган: “инсоннинг динини; жонини; ақлини; наслини ва мол-мулкини муҳофаза қилиш.

Бу қоидани ҳар бир мўмин-мусулмон билиши, унга амал қилиши, оиласи, фарзандлари, қариндошлари, яқинлари, қўшниларини, маҳалласини, бутун жамиятни бундан бохабар қилиши лозимдир. 

Кези келганда айтиб ўтиш лозим, бугунги кунда динимиз номидан қилинаётган баъзи номақбул хатти-ҳаракатлар, динни ниқоб қилиб, мусулмонларнинг шаънини булғаётган адашган фирқалар, бузғунчи оқимлар, радикал ёки террористик гуруҳлар пайдо бўлишининг асосий сабаби диннинг асл мақсади,мазмун-моҳиятини билмасликдир. Буларнинг бари шариатимизнинг мазкур бешта мақсадини билмаслик оқибатида диннинг аслига, мусулмоннинг наслига болта уришдир. 

Дунёвий жамиятдаги маънавий-ахлокий қоидалар, урф-одатлар, анъаналар, миллий қадриятлар, маданиятни, шунингдек, давлат ташкилотларида ишлашни рад этиш, ёшларни ўз Ватани, миллий кадриятларни севиш хислатларидан маҳрум қилади, манавий, илмий, эстетик ривожланиши, дунёқарашининг кенгайиши тўхтаб қолади, давлат ва жамоат ташкилотларидаги истиқболли ишларда ўз келажагини муваффақиятли қуришдан маҳрум бўлиб қолади, динга бўлган муносабатидан келиб чиқиб душман тоифасига ҳатто ота-она, фарзандлар, оиласи, қариндошлари ва яқин инсонларидан маҳрум бўлишига сабаб бўлади.

Ёшлар радикал тоифаларнинг таъсирига тушиб қолмаслик учун қуйидаги омилларга эътибор қилишлари зарур:

–  Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра дунёвий давлат экани, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга экани, шунингдек, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги ҳақида қатьий тассаввурга эга бўлиш;

– мустақил фикрга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлиш, миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур ўрганиш ва уларга амал килиш;

– ижтимоий тармоқларда диний мазмундаги материалларни кўришдан аввал уларнинг манба ва муаллифларига эътибор қаратиш, танқидий тафаккур қилишга ўрганиш, Конституция ва қонунларга риоя қилишни, миллий урф-одат ва анъаналарга амал қилишни, Ватанига садоқатли бўлишни гуё “ширк” ва “бидъат” сифатида баҳолайдиган шахсларнинг бузғунчи тарғиботидан сақланиш;

  • ижтимоий тармоқлардаги соф ислом таълимотларини бузиб талқин этувчи, дин асосида адоват уйғотувчи материалларни “улашиш” ёки уларга “лайк” босиш орқали уларнинг тарқалишига сабабчи бўлиб, ўзи ва ушбу маълумотларни етказган шахслар учун ҳуқуқий жавобгарлик ёки эътиқодий бузилиш каби нохуш ҳолатларни келтириб чиқармаслик;
  • радикал тоифалар томонидан жамиятдаги диний муҳит ва юрт уламолари ҳақида туҳмат  ва уйдирмалар қасддан ва фитна чиқариш учун тарқатилаётгани, хорижга яшириниб Ватанимизга иғво қилаётган шахслар аслида четдаги ғаразли сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қилаётганларини теран англаш.

Кўриниб турибдики, “радикал тоифа”нинг мақсади мусулмон ёшларга Ислом маърифатини етказиш эмас, балки амалдаги конституцион тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар учун ўз маслакдошларини сафини кенгайтириш, ўсмирларни қонунбузарликка асосланган фаолиятга жалб килишга қаратилган.

Келажак авлод тарбияси бугуннинг устувор вазифаси эканлигини ҳамда фарзандларимизни аждодларга хос ва мос фарзандлар қилиб тарбиялашни Яратганнинг Ўзи барчамизга насиб этсин.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл туман “Имом Султон” жоме масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

12.08.2026   21506   3 min.
Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.

Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.

Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.

Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:

«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».

Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.

Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари