Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Бугунги кунда “экстремизм”, “терроризм”, “мутаассиблик”, “оқимлар” каби тушунчалар кенг қўлланиляпти. “Радикализм” киши сўз ва амалларида мўътадилликдан оғиб, ҳақиқатдан узоқ бўлган “нодир” фикрлар ортидан эргашиш бўлиб, динда ғулувга кетишнинг бир кўриниши ҳисобланади.
Дин ниқоби остида ёшларни зўравонликка ва оилавий қадриятларни йўқотишга ундаш йўли билан жамиятда радикал қарашларни тарқатиш авж олмоқда, ушбу таҳдидларнинг олдини олиш ва унга қарши маърифат билан курашиш лозимдир.
Бу иллат дин, миллат ёки ирқ танламайди, балки у Ер юзининг исталган нуқтасида, исталган миллатда топилади. Радикализм жамиятнинг ўзига ҳам, унинг аъзоларига ҳам жуда катта хавф туғдиради, бу маслак кишини жамиятга қўшила олмайдиган шахсга айлантиради, одамлар у билан зиддиятга бормаслик учун доимо ўзларини олиб қочадилар. Радикализм ижтимоий ҳаётни издан чиқаради, цивилизацияларни хароб қилади, қон тўкилишига сабаб бўлади.
Ислом дини ва унинг аҳкомлари бешта олий мақсадни ҳимоя қилиш учун нозил бўлган: “инсоннинг динини; жонини; ақлини; наслини ва мол-мулкини муҳофаза қилиш.
Бу қоидани ҳар бир мўмин-мусулмон билиши, унга амал қилиши, оиласи, фарзандлари, қариндошлари, яқинлари, қўшниларини, маҳалласини, бутун жамиятни бундан бохабар қилиши лозимдир.
Кези келганда айтиб ўтиш лозим, бугунги кунда динимиз номидан қилинаётган баъзи номақбул хатти-ҳаракатлар, динни ниқоб қилиб, мусулмонларнинг шаънини булғаётган адашган фирқалар, бузғунчи оқимлар, радикал ёки террористик гуруҳлар пайдо бўлишининг асосий сабаби диннинг асл мақсади,мазмун-моҳиятини билмасликдир. Буларнинг бари шариатимизнинг мазкур бешта мақсадини билмаслик оқибатида диннинг аслига, мусулмоннинг наслига болта уришдир.
Дунёвий жамиятдаги маънавий-ахлокий қоидалар, урф-одатлар, анъаналар, миллий қадриятлар, маданиятни, шунингдек, давлат ташкилотларида ишлашни рад этиш, ёшларни ўз Ватани, миллий кадриятларни севиш хислатларидан маҳрум қилади, манавий, илмий, эстетик ривожланиши, дунёқарашининг кенгайиши тўхтаб қолади, давлат ва жамоат ташкилотларидаги истиқболли ишларда ўз келажагини муваффақиятли қуришдан маҳрум бўлиб қолади, динга бўлган муносабатидан келиб чиқиб душман тоифасига ҳатто ота-она, фарзандлар, оиласи, қариндошлари ва яқин инсонларидан маҳрум бўлишига сабаб бўлади.
Ёшлар радикал тоифаларнинг таъсирига тушиб қолмаслик учун қуйидаги омилларга эътибор қилишлари зарур:
– Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра дунёвий давлат экани, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга экани, шунингдек, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги ҳақида қатьий тассаввурга эга бўлиш;
– мустақил фикрга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлиш, миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур ўрганиш ва уларга амал килиш;
– ижтимоий тармоқларда диний мазмундаги материалларни кўришдан аввал уларнинг манба ва муаллифларига эътибор қаратиш, танқидий тафаккур қилишга ўрганиш, Конституция ва қонунларга риоя қилишни, миллий урф-одат ва анъаналарга амал қилишни, Ватанига садоқатли бўлишни гуё “ширк” ва “бидъат” сифатида баҳолайдиган шахсларнинг бузғунчи тарғиботидан сақланиш;
Кўриниб турибдики, “радикал тоифа”нинг мақсади мусулмон ёшларга Ислом маърифатини етказиш эмас, балки амалдаги конституцион тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар учун ўз маслакдошларини сафини кенгайтириш, ўсмирларни қонунбузарликка асосланган фаолиятга жалб килишга қаратилган.
Келажак авлод тарбияси бугуннинг устувор вазифаси эканлигини ҳамда фарзандларимизни аждодларга хос ва мос фарзандлар қилиб тарбиялашни Яратганнинг Ўзи барчамизга насиб этсин.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл туман “Имом Султон” жоме масжиди имом-хатиби
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ