Бугун, 13 август куни Наманган шаҳрида жойлашган “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасасида навбатдаги кириш имтиҳони бошланди. Мазкур мадраса Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2024–2025 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари ўтказиладиган бешинчи ҳудуд саналади.
Эрта тонгдан абитуриентлар тест синовларини топшириш учун мазкур даргоҳга етиб келди. Улар билан бирга келган ота-она ва яқинлари учун алоҳида салқин жой ва зарур шароитлар тайёрланган.
Эътиборлиси, ушбу ҳудудда юртимиздаги 12 та диний таълим муассасасига кириш истагидаги ва ўзи яшайдиган жойга яқин бўлган мазкур мадрасада имтиҳонларни топширишни танлаган 2 261 нафар водийлик ёшлар тест синовларида қатнашмоқда. Жорий йилдаги ўқишга кириш имтиҳонларида яратилган қулайлик кўплаб ҳамюртларимизни мамнун этди. Яъни эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси ёки Тошкентдаги диний таълим муассасасига ҳужжат топширган Андижон, Наманган ва Фарғонадаги абитуриентлар ортиқча оворагарчиликсиз ўз ҳудудида имтиҳонларни топшириш имконига эга бўлди.
Мазкур тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Диний идора Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Дин ишлари бўйича қўмитаси масъул ходими Элёр Алимқулов, Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббасиддинов, “Ҳидоя” ва “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасалари мудирлари Қобилжон Мирзабаев ҳамда Рустамжон Махмудов, шунингдек, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Учрашувда мутасадди вакиллар юртимизда диний таълим соҳасида бўлаётган улкан ўзгаришлар, хусусан, куни кеча Термиз ислом институти очилгани, Тошкент ислом институтида эса илк бор магистратура йўналишига қабул бошлангани ҳақида маълумот беришди. Шунингдек, абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиб-қоидаларини тушунтиришди.
Имтиҳон жараёни адолатли ўтиши учун соҳа мутахассислари билан бир қаторда турли ташкилот вакиллари жалб этилган.
Аллоҳ таоло имтиҳонларнинг барча абитуриентларга манфаатли бўлишини насиб айласин!
Баҳриддин Хушбоқов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Устоз – жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юлдузлардир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган чиройли иборалар бор. Шундай экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мураббийларга олимларни ҳурматлаш, муаллим ва устозларни улуғлаш борасида кўпгина қимматли кўрсатмалар берганлар.
Имом Аҳмад, Имом Табароний ва Ҳоким Убода ибн Сомитдан розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимларимизни (ҳақини) билмаган менинг умматимдан эмас”, дедилар.
1-октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан қорақалпоғистонлик диний соҳа ходимларимиз Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги масжидларда кўп йиллар давомида хизмат қилган, бугунги кунда нафақада бўлган нуроний имом домлалар ҳолидан хабар олиб, байрам билан қутлади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати