Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2024   |   02 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:24
Пешин
12:16
Аср
16:13
Шом
18:01
Хуфтон
19:14
Bismillah
05 Октябр, 2024, 02 Рабиъус сони, 1446
Янгиликлар

12 та диний таълим муассасасига кириш имтиҳони “Ҳидоя” мадрасасида давом этмоқда

13.08.2024   13994   2 min.
12 та диний таълим муассасасига кириш имтиҳони “Ҳидоя” мадрасасида давом этмоқда

Бугун, 13 август куни Наманган шаҳрида жойлашган “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасасида навбатдаги кириш имтиҳони бошланди. Мазкур мадраса Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2024–2025 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари ўтказиладиган бешинчи ҳудуд саналади. 

Эрта тонгдан абитуриентлар тест синовларини топшириш учун мазкур даргоҳга етиб келди. Улар билан бирга келган ота-она ва яқинлари учун алоҳида салқин жой ва зарур шароитлар тайёрланган. 

Эътиборлиси, ушбу ҳудудда юртимиздаги 12 та диний таълим муассасасига кириш истагидаги ва ўзи яшайдиган жойга яқин бўлган мазкур мадрасада имтиҳонларни  топширишни танлаган 2 261 нафар водийлик ёшлар тест синовларида қатнашмоқда. Жорий йилдаги ўқишга кириш имтиҳонларида яратилган қулайлик кўплаб ҳамюртларимизни мамнун этди. Яъни эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси ёки Тошкентдаги диний таълим муассасасига ҳужжат топширган Андижон, Наманган ва Фарғонадаги абитуриентлар ортиқча оворагарчиликсиз ўз ҳудудида имтиҳонларни топшириш имконига эга бўлди. 

Мазкур тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Диний идора Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Дин ишлари бўйича қўмитаси масъул ходими Элёр Алимқулов, Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббасиддинов, “Ҳидоя” ва “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасалари мудирлари Қобилжон Мирзабаев ҳамда Рустамжон Махмудов, шунингдек, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.  

Учрашувда мутасадди вакиллар юртимизда диний таълим соҳасида бўлаётган улкан ўзгаришлар, хусусан, куни кеча Термиз ислом институти очилгани, Тошкент ислом институтида эса илк бор магистратура йўналишига қабул бошлангани ҳақида маълумот беришди. Шунингдек, абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиб-қоидаларини тушунтиришди.  

Имтиҳон жараёни адолатли ўтиши учун соҳа мутахассислари билан бир қаторда турли ташкилот вакиллари жалб этилган. 

Аллоҳ таоло имтиҳонларнинг барча абитуриентларга манфаатли бўлишини насиб айласин! 

Баҳриддин Хушбоқов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

12 та диний таълим муассасасига кириш имтиҳони “Ҳидоя” мадрасасида давом этмоқда 12 та диний таълим муассасасига кириш имтиҳони “Ҳидоя” мадрасасида давом этмоқда 12 та диний таълим муассасасига кириш имтиҳони “Ҳидоя” мадрасасида давом этмоқда 12 та диний таълим муассасасига кириш имтиҳони “Ҳидоя” мадрасасида давом этмоқда 12 та диний таълим муассасасига кириш имтиҳони “Ҳидоя” мадрасасида давом этмоқда
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳақиқий дин қандай бўлади?

27.09.2024   13413   3 min.
Ҳақиқий дин қандай бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ниҳоят Макка фатҳ қилинди. Унга ўзлиги қайтарилди. Тавҳид қибласи, мўминлар қалбининг маъшуқаси ширк ботқоғидан қутқарилди. Энди навбат бутун араб жазирасини ширкдан қутқаришга келган эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалом ислом арслони Али ибн Аби Толиб розияллоллоҳу анҳуни чақирдилар. У зотни қўшинга бош қилиб, Той қабиласи бути Фулсни парчалагани юбордилар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу қўшин билан бориб юклатилган вазифани аъло даражада бажариб асирлар билан Мадинага қайтдилар. Асирларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилиш ҳақида машварат қилиш учун масжид олдида қўйдилар.

Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кираётганларида у зотни асир аёллардан бири тўхтатиб деди:

– Эй Муҳаммад! Агар мумкин бўлса мени озод қилсанг. Араблар мендан кулишмаса яхши бўлар эди. Отам ўлди. Келиб-кетувчилар тўхтади. Менга илтифот қил, Аллоҳ ҳам сенга илтифот қилсин! Отам қавмининг саййиди эди. У қийналганларга ёрдам қилар, жиноят қилганларни авф қилар, қўшничиликни сақлар, шарафни ҳимоя қилар, фақирларни суяр, уларга таом берар, саломни тарқатар, юки оғирларнинг юкини кўтарар, тақдир зарбаларига учраганларга ёрдам берар эди. Ҳожатини сўраб келган бирор кишини ноумид қилган эмас. Мен Ҳотам Тоийнинг қизи Саффона бўламан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:

– Булар ҳақиқий мусулмоннинг сифатларидир. Агар отанг мусулмон бўлганида биз Аллоҳдан унга раҳм қилишини сўраган бўлар эдик.

Сўнгра саҳобаларга қараб:

– Уни қўйиб юборинглар. Унинг отаси гўзал ахлоққа даъват қилар эди, дедилар.

Юқоридаги сифатлар ҳақиқатдан ҳам мусулмонларнинг сифати. Биз эътибор берадиган жой мана шу ер.

Ҳақиқий дин масжидда эмас, жойнамоз устида ҳам эмас.

Ҳақиқий дин тижорат ва мансабдаги омонатдорликда.

Ҳақиқий дин ота-она олдидаги камтарликда.

Ҳақиқий дин ака-укалар ва опа-сингилларга қилинадиган яхшиликда.

Ҳақиқий дин жуфти ҳалолнинг азиятига сабр этиш ва фарзандларга раҳм қилишда.

Ҳақиқий дин қўшниларинг билан қилинадиган муомалада.

Ҳақиқий дин беморга пул йиғилганида бахиллик қилмасликда.

Ҳақиқий дин биров ғийбат қилинганда ғийбатчиларга қўшилиб кетмасликда.

Ҳақиқий дин одамларнинг айбини яширишда.

Ҳақиқий дин ишониб айтилган сирни сақлай олишда.

Тавҳид, намоз, рўза ва бошқа ибодатлар Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққидир. Улар диннинг ярми. Қолган ярми эса, бошқалар билан қандай муомала қилишингдадир.

Ҳаётда кўринмайдиган диндорлик ичи бўш диндорликдир.

Сени юмшоқ, сахий ва бировга зарари тегмайдиган бўлишингни таъминламаган иймон нуқсонли иймондир.

Тўғри, киши агар куфрда вафот этса бу ахлоқлар унга фойда бермайди. Аммо хулқсиз иймон ҳам оқсоқ иймондир.

Ушбу ибрат нақадар ўринли: «Диннинг барчаси хулқдир. Ким сендан хулқда ўзиб кетган бўлса, демак динда ўзиб кетибди!».

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди