Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий тадқиқот бўлими 2024-2025 ўқув йилидан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг магистратура йўналишига қабул жараёни бошланишини маълум қилди. Унга кўра мазкур йўналишга ўқишга кириш учун талабгорлар қуйидаги фанлар бўйича имтиҳон топширади:
Теология (Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва Мотуридийлик таълимоти):
Ақоид, Ислом фалсафаси (ижодий имтиҳон) – 100 балл;
Чет тили (араб ёки инглиз тилидан тест синови) – 25 х 2 – 50 балл.
Теология (Ҳадис илмлари):
Ҳадис, Мусталаҳул-ҳадис (ижодий имтиҳон) – 100 балл
Чет тили (араб ёки инглиз тилидан тест синови) – 25 х 2 – 50 балл
Тошкент ислом институти магистратура мутахассислигига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 14 августдан 20 августга (шу куни ҳам соат 18:00 гача) қадар давом этади.
Магистратурага ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар Қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
таълим муассасаси ректори номига ариза;
паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
олий диний таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси асл нусхада;
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади).
Араб тили ёки инглиз тили бўйича халқаро тан олинган чет тилини билиш даражаси ҳақидаги сертификат (At-Tanal Al-Arabi бўйича камида 95, TOEFL бўйича камида 95 ёки IELTS бўйича камида 7,0 балл, TestDaF (TDN3) ёки камида C1 даражасидаги миллий сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади.
Маълумот ўрнида: Таълим муассасасига ҳужжат топшириш учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Жорий йилги қабул жараёнлари ҳақида сўнги янгиликларни https://t.me/qabulmuslimuz каналида кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бутунжаҳон глобал саммитида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нутқ сўзлаб, дунёда иқлим ўзгариши оқибатида ҳарорат кўтарилиши, саҳролар кенгайиши, чанг-тўзон, сув тошқинлари ва қум бўронлари каби табиат ҳодисалари содир бўлаётганини хавотир билан таъкидлаш баробарида ҳар бир инсон Аллоҳнинг омонати бўлган табиатга оқилона муносабатда бўлишига чақирдилар.
Мамлакатимизда иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш, табиий бойликлардан самарали фойдаланиш ҳамда биологик хилма-хилликни янада бойитишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларга Муфтий ҳазрат алоҳида тўхталдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Ер юзини обод қилиш инсонлар зиммасидаги муҳим вазифа эканини таъкидлаб, Қуръони каримдаги “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни обод қилиш учун жойлаштирди” (Ҳуд сураси, 61-оят) ояти кариманинг мазмун-моҳиятини изоҳладилар. Шунингдек, Набий алайҳиссаломнинг “Зарар қилиш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” (Имом Аҳмад ривояти), деган ҳадиси шарифларини келтирдилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари юртимизда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, табиатга етказилаётган зарарларнинг олдини олиш мақсадида, уламолар ва имом-хатиблар томонидан маҳаллалар, таълим муассасаларида учрашувлар ўтказилаётгани, масжидларда эса маъвизалар қилинаётгани каби тажрибалар билан ўртоқлашдилар.
Саммит иштирокчилари мамлакатимиз диний соҳа ходимларининг иқлим ўзгаришини олдини олишдаги фаолликларига юқори баҳо берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати