Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2024   |   02 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:24
Пешин
12:16
Аср
16:13
Шом
18:01
Хуфтон
19:14
Bismillah
05 Октябр, 2024, 02 Рабиъус сони, 1446
Янгиликлар

Ўзбекистон Париж – 2024 Паралимпия ўйинларига рекорд миқдорда лицензияни қўлга киритди

15.08.2024   2146   1 min.
Ўзбекистон Париж – 2024 Паралимпия ўйинларига рекорд миқдорда лицензияни қўлга киритди

Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари маълум. 

13 август куни Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон делегациясини Парижда ўтадиган ХVII ёзги паралимпия ўйинларига кузатиш маросими бўлиб ўтди.

28 августдан 8 сентябрга қадар Франциянинг Париж шаҳрида ХVII ёзги Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади.

Унда Ҳусниддин Норбеков ва Моҳигул Ҳамдамова Ўзбекистон делегацияга байроқдорлик қилишади. 

Бу галги ўйинларга 65 нафар ўзбекистонлик пара атлет 9 та спорт туридан (пара енгил атлетика, пара таеквондо, пара ўқ отиш, пара сузиш, пара каное, пара академик эшкак эшиш, пара дзюдо, пара пауерлифтинг ва пара велоспорт) жами 113 та лицензияни қўлга киритди. Бу Ўзбекистон Паралимпияси тарихида рекорд кўрсаткич ҳисобланади. 

Эътиборлиси, Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган 65 нафар пара атлетнинг 29 нафари, яъни 45 фоизи аёл спортчилар ҳисобланади.

Франция пойтахтидаги ўйинларда Ўзбекистон делегацияси пара велоспорт туридан дебют қилади. Икки нафар пара велоспортчимиз ХVII ёзги  Паралимпия ўйинларида  велопойганинг 8 та йўналишда ғолиблик  учун баҳс олиб боради.

Пара енгил атлетика бўйича терма жамоамиз аъзоси Шаҳина Йигиталиева Ўзбекистон тарихида Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган энг ёш спортчи ҳисобланади. У 2008 йил 19 октябрда туғилган.

Маълумот учун, Париж Паралимпия ўйинларининг расмий очилиш маросими 28 август санасига белгиланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон Париж – 2024 Паралимпия ўйинларига рекорд миқдорда лицензияни қўлга киритди Ўзбекистон Париж – 2024 Паралимпия ўйинларига рекорд миқдорда лицензияни қўлга киритди
Бошқа мақолалар

50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

27.09.2024   7190   2 min.
50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилишларича, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга Ҳотамул Асом деган зот масжидда зуҳддан маъруза қилаётган эмиш деган хабар келди. Шунда у киши шогирдларига: қани бориб эшитайликчи, нималар ҳақида гапираётган экан, деб масжидга бордилар ва Ҳотамул Асомга: “Эй йигит, менга намоз ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом: “Намознинг одоблари ҳақида айтиб берайми ёки унинг кайфияти ҳақида сўраяпсизми?” деди.

Абу Юсуф унинг бу гапидан таажжубга тушдилар ва ичларида: “Биз ундан битта нарсани сўрасак, у иккита нарсани айтмоқчи”, дедилар. “Майли бизга намознинг одоблари ҳақида айтиб берақол”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Намознинг одоблари будир: Яратганнинг амрига итоат этиб ўриндан турмоқлик, савоб умидида намозгоҳга бормоқлик, ният ила намозга кирмоқлик, Аллоҳни улуғлаб такбир айтмоқлик, тартил билан қироат қилмоқлик, хушуъ ила рукуъ қилмоқ, хузуъ ила саждага йиқилмоқ, ихлос билан ташаҳҳуд айтмоқ, раҳмат тилаб салом бермоқ”, деди.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Энди намознинг кайфияти ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Каъбани икки қошингиз орасига оласиз, мезонни кўз ўнгингизга келтирасиз, сирот кўпригини оёғингиз остига, ўнг ёнингизга жаннатни, чап ёнингизга дўзахни келтирасиз, ортингизда эса, ўлим фариштаси пойлаб юрибди. Ана шундан кейин намозингиз қабул бўлдими ёки рад этилдими, шуни ўйлайсиз”, деди.

Абу Юсуф сўрадилар: “Сен қачондан бери намозни шундай кайфиятда ўқийсан?”.

Ҳотамул Асом: “Йигирма йилдан бери шундай намоз ўқийман”, деб жавоб берди.

Шундан кейин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ шогирдлари томон ўгирилиб: “Юринглар, бориб эллик йиллик намозимизни қайтадан қазо қилиб ўқиб оламиз”, дедилар.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ