Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Республикамиз бўйлаб халқимиз вакиллари иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, юзма-юз мулоқотлар ва жонли савол-жавоблар ўтказмоқдалар.
Шу йил 14-15 август кунлари Муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги аҳоли вакиллари билан маърифий учрашувлар ўтказдилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилганларга юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар, янги очилган масжид-мадрасалар, Қуръони карим курслари, ҳаж-умра сафарларидаги қулайликларни сўзлаш баробарида тинчлик-ҳамжиҳатликнинг қадрига етиш, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ёшларнинг таълим-тарбиясига эътибор бериш, ота-онага хизмат қилиш, бировнинг ҳаққидан қўрқиш, амалларга риё аралаштирмасдан холис Аллоҳ учун қилиш фазилати ҳақида маъруза қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари Ислом моҳиятини тўғри англаш, кишилар мусулмон уммати сифатларига муносиб бўлиши, ҳадиси шарифларда баён этилган комил мўмин фазилатлари билан зийнатланиши, ҳар ишда мўътадиллик, одамлар орасида саломни кенг ёйиш каби динимизнинг эзгу таълимотларига амал қилишга чақирдилар.
Мазкур маърифий учрашув ва тўғридан-тўғри савол-жавоблардан аҳоли ўз миннатдорликларини изҳор этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Уйдан фақирликни қувишда Ихлос сурасини ўқиш ҳақида
Саҳл ибн Саъд Суъадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, ансорлардан бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб фақирлик ва яшаш қийинлигидан шикоят қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Уйингга кирсанг, уйда бирон ким бўлса салом бер. Ҳеч ким бўлмаса менга саловот айт ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни бир марта ўқи”, дедилар.
У киши шундай қилганди, Аллоҳ таоло унга мўл ризқ ато этди, ризқини кўпайиб берди ва ҳатто (орттириб) қўшниларига эҳсон қила бошлади.
“Тафсири Абул футуҳ” ва “Мустадрок”дан