Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Республикамиз бўйлаб халқимиз вакиллари иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, юзма-юз мулоқотлар ва жонли савол-жавоблар ўтказмоқдалар.
Шу йил 14-15 август кунлари Муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги аҳоли вакиллари билан маърифий учрашувлар ўтказдилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилганларга юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар, янги очилган масжид-мадрасалар, Қуръони карим курслари, ҳаж-умра сафарларидаги қулайликларни сўзлаш баробарида тинчлик-ҳамжиҳатликнинг қадрига етиш, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ёшларнинг таълим-тарбиясига эътибор бериш, ота-онага хизмат қилиш, бировнинг ҳаққидан қўрқиш, амалларга риё аралаштирмасдан холис Аллоҳ учун қилиш фазилати ҳақида маъруза қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари Ислом моҳиятини тўғри англаш, кишилар мусулмон уммати сифатларига муносиб бўлиши, ҳадиси шарифларда баён этилган комил мўмин фазилатлари билан зийнатланиши, ҳар ишда мўътадиллик, одамлар орасида саломни кенг ёйиш каби динимизнинг эзгу таълимотларига амал қилишга чақирдилар.
Мазкур маърифий учрашув ва тўғридан-тўғри савол-жавоблардан аҳоли ўз миннатдорликларини изҳор этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Давлат дастури лойиҳасида 5 та устувор йўналиш бўйича 2025 йил учун амалий чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилмоқда.
Лойиҳада атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” масалалари, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишларида 2025 йилга мўлжалланган кенг кўламли ислоҳотлар назарда тутилган.
Лойиҳа 2025 йил 22 январга қадар кенг жамоатчилик ва экспертлик муҳокамаларидан ўтказилади.
Ҳар бир юртдошимиз 2025 йилги Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этиб, ўз таклифларини uzbekistan2030.uz онлайн портали ва regulation.gov.uz веб-сайтлари орқали билдиришлари мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати