Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Республикамиз бўйлаб халқимиз вакиллари иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, юзма-юз мулоқотлар ва жонли савол-жавоблар ўтказмоқдалар.
Шу йил 14-15 август кунлари Муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги аҳоли вакиллари билан маърифий учрашувлар ўтказдилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилганларга юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар, янги очилган масжид-мадрасалар, Қуръони карим курслари, ҳаж-умра сафарларидаги қулайликларни сўзлаш баробарида тинчлик-ҳамжиҳатликнинг қадрига етиш, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ёшларнинг таълим-тарбиясига эътибор бериш, ота-онага хизмат қилиш, бировнинг ҳаққидан қўрқиш, амалларга риё аралаштирмасдан холис Аллоҳ учун қилиш фазилати ҳақида маъруза қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари Ислом моҳиятини тўғри англаш, кишилар мусулмон уммати сифатларига муносиб бўлиши, ҳадиси шарифларда баён этилган комил мўмин фазилатлари билан зийнатланиши, ҳар ишда мўътадиллик, одамлар орасида саломни кенг ёйиш каби динимизнинг эзгу таълимотларига амал қилишга чақирдилар.
Мазкур маърифий учрашув ва тўғридан-тўғри савол-жавоблардан аҳоли ўз миннатдорликларини изҳор этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларининг ичида У зотнинг мавлолари Савбон розияллоҳу анҳу бўлиб, Набий алайҳис саломга ғоят муҳаббатли, у зотни кўрмаса туролмас эди.
Бир куни Савбон Пайғамбар алайҳис саломнинг ҳузурларига ранги бўзарган холда келди. Юзида чуқур маҳзунлик бор эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Эй Савбон, сенга нима бўлди, бемормисан?”, дедилар. Савбон: “Йўқ, мен бемор эмасман, ҳеч қаерим оғримаяпти. Бунинг сабаби сизни соғинчингиз, ё Расулуллҳ. Агар сизни озгина кўрмасам қаттиқ соғинаман, ҳатто сизни кўрмагунимча бу соғинч-изтиробим босилмайди.
Бугун ана шундай соғинч ортидан охиратни ўйлаб қаттиқ қўрқиб кеттим. Сиз жаннатда баланд даражага, набийлар билан кўтарилиб кетсангиз. Мен ҳам жаннатга кирсаму, аммо мени даражам сизникидан паст бўлиб, у ерда сизни соғинсам кўролмайманми?” деди. Пайғамбар алайҳиссалом жим туриб қолдилар.
Шунда Жаброил алайҳиссалом мана бу оятни олиб келдилар: “Ким Аллоҳга ва Росулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши” (Нисо сураси, 69-оят).
Бу оят Савбон розияллоҳу анҳунинг севгиси сабаб умматга барака ояти бўлди. Сизу биз ҳам Аллоҳга итоат қилиб, Росулуллоҳни севиб у зотни суннатларига эргашсак, жаннатда у зот билан бирга бўламиз. Пайғамбар алайҳиссалом бошқа бир ҳадисларида: “Киши (жаннатда)севгани билан бирга бўлади”, деб марҳамат қилганлар.
Зоҳиджон қори Нўъмонов,
Наманган шаҳридаги “Мулла бозор охунд”
жоме масжиди имом хатиби