Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Ноябр, 2024   |   04 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:39
Қуёш
06:59
Пешин
12:12
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:31
Bismillah
05 Ноябр, 2024, 04 Жумадул аввал, 1446

Она сути – Аллоҳнинг мўъжизаси

15.08.2024   4486   4 min.
Она сути – Аллоҳнинг мўъжизаси

Қуръони Каримда: “Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. (Бу) эмизишни батамом қилмоқчи бўлган киши учундир”, дея марҳамат қилинади (Бақара сураси, 233-оят). Бу оят эмизишнинг нафақат муҳимлиги, балки унинг муддатини ҳам аниқ кўрсатма сифатида маълум қилмоқда.

Луқмон сураси 14-оятда эса: “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтариб юрган ва икки йил давомида эмизган”, дейилади. Бу оятда эса она сути ва эмизишнинг қийинчиликларига қарамай, онанинг боласи учун қилган фидойилиги таъкидланмоқда.

Она сути ва эмизишнинг ҳақида ҳадислар ҳам бор. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳар бир чақалоқнинг насибаси унга сут онасидан келади” (Имом Бухорий ривояти).

Мазкур оятлар ва ҳадис фарзанд камолида она сутининг аҳамияти ниҳоятда муҳимлигини қайд этилмоқда.

Афсуски, бугун баъзи ёш оналар боласини эрта кўкракдан ажратишга  ҳаракат қилиб, фарзандларига сунъий арашмалар беришга ўтмоқдалар. Бу эса чақалоқлар ўсишининг секинлашишига ва микроэлементлар етишмовчилигига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, санитария-гигиена шароитлари ва тоза ичимлик суви бўлмаган жойларда, она сути ўрнини босувчи маҳсулотлар, бола ҳаёти учун хавфли бўлиши ҳам мумкин. Бир сўз билан айтганда сунъий озуқалар она сутининг ўрнини боса олмайди, аксинча баъзи ҳолатларда мурғак гўдаклар соғлиғига салбий таъсир қилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, она сути таркибида бола ўсиши ва ривожланиши учун керакли барча озуқалар бор. У суюқ, енгил ҳазм бўлувчи ва етарли калорияга эга бўлган, турли микроблардан ҳоли, пишириш ва иситиш талаб қилмайдиган тайёр озуқадир.

Она сутида 100 дан ортиқ керакли озиқ моддалар бўлиб, фақат миқдор жиҳатидан бола эҳтиёжини қопламай, сифат жиҳатидан ҳам боланинг ёшига, соғлиғига мос келади. У турли касалликларни чақирувчи вирус ва микробларга қарши курашувчи моддаларга бой бўлади. Яъни у болада иммунитет системасини шаклланишда қатнашади. Ундаги иммуноглобулинлар янги туғилган чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоя қилади, онадан-болага иммунитет ўтишини таъминлайди.

Шунингдек, чақалоқни кўкрак сути билан боқиш унинг руҳий ҳолатига яхши таъсир кўрсатади. Уларда харакатчанлик, сезувчанлик, сунъий боқилган болаларга қараганда барвақт бошланади. Кўкрак сути эмган бола тетик ва касалликка кам чалинадиган бўлади.

Она сутининг яна бир фазилати боланинг катта бўлишига қараб сут таркиби ҳам ўзгариб боради, яъни боланинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун таркиби такомиллашади.

Эмизиш нафақат болага, балки онага ҳам жуда фойдали: аввало боласини эмизиш жараёнида оналарда руҳий хотиржамлик, асабларнинг бўшашиши кузатилади, шунингдек кўкрак орқали эмизиш аёлларда кўкрак ва бачадон саратони билан касалланиш эҳтимоли камаяди, онада юрак-қон томир ва артрит касалликларини олди олинади ва ортиқча вазнни тез йўқотади.

Шифокорлар оналар ўз болаларини эмизишлари учун бир йил кифоя қилади, деб ўйлашарди. Лекин охир-оқибат суякларнинг ривожланиши учун эмиш даври тўлиқ икки йил узлуксиз давом этиши зарурлиги маълум бўлди.

Шунингдек, эмизиш даврига риоя қилиш бронхиал астма, қандли диабет каби сурункали ҳамда нутқнинг ривожланмаслиги ва вазн ортиб кетиши каби хатарли дардлардан ҳимоя қилишда катта таъсир кучига эга. Дарҳақиқат, бу борада Европа ва Американинг кўплаб ишончли тиббиёт муассасалари томонидан аниқ тавсиялар эълон қилинган. Қолаверса, бола организмининг соғлом бўлишида, қобилият ва ҳиссиётларини тарбиялашда, айниқса, ота-онага меҳрибон бўлишида она сутининг таъсири беқиёсдир.

Шу боисдан халқаро ҳужжатларда гўдакларни 6 ойгача истисносиз кўкрак сути билан парваришлашни муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларга кенг урғу берилган.

Бир сўз билан айтганда, оналар ўзларига берилган Аллоҳ таолонинг улуғ фазлу марҳаматини тушуниб етиши ва зиммаларидаги оналик вазифасини тўкис адо этиб, фарзандлари камоли йўлида фидойи бўлишлари лозимдир.

Манбаалар асосида

Бобур Муҳаммадиев тайёрлади.

 

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳадя

5.11.2024   201   1 min.
Ҳадя

Бир қизалоқ тақинчоқ дўконига кириб сотувчига қараб чиройли зирак кўрсатишини сўради. Сотувчи қизалоққа ҳайратланганча қараб тураверди. Шунда қизалоқ бир зиракни кўрсатиб: “Мана буни чиройли қилиб ўраб бероласизми?!”, деди. Сотувчи: “Пулинг борми?” деб сўради. 
Қизалоқ чўнтагидаги бир нечта тангани чиқариб,:“Бор пулим шу, етадими?” деб сўради. Сўнгра у: “Биласизми, мен опамга шу зиракни совға қилмоқчиман. Чунки у онамиз оламдан ўтганидан кейин бизга ғамхўрлик қилиб келмоқда. Мен опамни хурсанд қилишни жуда хоҳлардим. Менда бори шу”, деди пулга ишора қилиб. 
Бир неча сониядан сўнг сотувчи зиракни чиройли қутига солиб, қизчанинг қўлига берди. У хурсанд бўлганича уйига шошиб кетди. 
Бир фурсатдан сўнг дўконга бир ўрта ёшли қиз кириб, дўкончига ўша қизалоқ олган зиракни кўрсатиб: “Буни сиздан олганмиди?” деб сўради. Сотувчи тақинчоқга қараб: “Ҳа” деб жавоб берди. Қиз тақинчоқни нархи қанчалигини сўради. Сотувчи: “Бу харидор ва менинг келишувим” деб жавоб қилди. У: “Синглимда бир неча танга бор эди. Бу эса жудаям қимматлигини биламан. Бунга пулимиз етмайди” деб зиракни қайтариб бермоқчи бўлди.
Шунда сотувчи: “Синглингиз бор будини берди. Бу нархни ҳеч ким бера олмайди”, дея тақинчоқни қизга қайтариб берди.
 
Акбаршоҳ Расулов таржимаси

Ҳадя
Ибратли ҳикоялар