Қуръони Каримда: “Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. (Бу) эмизишни батамом қилмоқчи бўлган киши учундир”, дея марҳамат қилинади (Бақара сураси, 233-оят). Бу оят эмизишнинг нафақат муҳимлиги, балки унинг муддатини ҳам аниқ кўрсатма сифатида маълум қилмоқда.
Луқмон сураси 14-оятда эса: “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтариб юрган ва икки йил давомида эмизган”, дейилади. Бу оятда эса она сути ва эмизишнинг қийинчиликларига қарамай, онанинг боласи учун қилган фидойилиги таъкидланмоқда.
Она сути ва эмизишнинг ҳақида ҳадислар ҳам бор. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳар бир чақалоқнинг насибаси унга сут онасидан келади” (Имом Бухорий ривояти).
Мазкур оятлар ва ҳадис фарзанд камолида она сутининг аҳамияти ниҳоятда муҳимлигини қайд этилмоқда.
Афсуски, бугун баъзи ёш оналар боласини эрта кўкракдан ажратишга ҳаракат қилиб, фарзандларига сунъий арашмалар беришга ўтмоқдалар. Бу эса чақалоқлар ўсишининг секинлашишига ва микроэлементлар етишмовчилигига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, санитария-гигиена шароитлари ва тоза ичимлик суви бўлмаган жойларда, она сути ўрнини босувчи маҳсулотлар, бола ҳаёти учун хавфли бўлиши ҳам мумкин. Бир сўз билан айтганда сунъий озуқалар она сутининг ўрнини боса олмайди, аксинча баъзи ҳолатларда мурғак гўдаклар соғлиғига салбий таъсир қилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, она сути таркибида бола ўсиши ва ривожланиши учун керакли барча озуқалар бор. У суюқ, енгил ҳазм бўлувчи ва етарли калорияга эга бўлган, турли микроблардан ҳоли, пишириш ва иситиш талаб қилмайдиган тайёр озуқадир.
Она сутида 100 дан ортиқ керакли озиқ моддалар бўлиб, фақат миқдор жиҳатидан бола эҳтиёжини қопламай, сифат жиҳатидан ҳам боланинг ёшига, соғлиғига мос келади. У турли касалликларни чақирувчи вирус ва микробларга қарши курашувчи моддаларга бой бўлади. Яъни у болада иммунитет системасини шаклланишда қатнашади. Ундаги иммуноглобулинлар янги туғилган чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоя қилади, онадан-болага иммунитет ўтишини таъминлайди.
Шунингдек, чақалоқни кўкрак сути билан боқиш унинг руҳий ҳолатига яхши таъсир кўрсатади. Уларда харакатчанлик, сезувчанлик, сунъий боқилган болаларга қараганда барвақт бошланади. Кўкрак сути эмган бола тетик ва касалликка кам чалинадиган бўлади.
Она сутининг яна бир фазилати боланинг катта бўлишига қараб сут таркиби ҳам ўзгариб боради, яъни боланинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун таркиби такомиллашади.
Эмизиш нафақат болага, балки онага ҳам жуда фойдали: аввало боласини эмизиш жараёнида оналарда руҳий хотиржамлик, асабларнинг бўшашиши кузатилади, шунингдек кўкрак орқали эмизиш аёлларда кўкрак ва бачадон саратони билан касалланиш эҳтимоли камаяди, онада юрак-қон томир ва артрит касалликларини олди олинади ва ортиқча вазнни тез йўқотади.
Шифокорлар оналар ўз болаларини эмизишлари учун бир йил кифоя қилади, деб ўйлашарди. Лекин охир-оқибат суякларнинг ривожланиши учун эмиш даври тўлиқ икки йил узлуксиз давом этиши зарурлиги маълум бўлди.
Шунингдек, эмизиш даврига риоя қилиш бронхиал астма, қандли диабет каби сурункали ҳамда нутқнинг ривожланмаслиги ва вазн ортиб кетиши каби хатарли дардлардан ҳимоя қилишда катта таъсир кучига эга. Дарҳақиқат, бу борада Европа ва Американинг кўплаб ишончли тиббиёт муассасалари томонидан аниқ тавсиялар эълон қилинган. Қолаверса, бола организмининг соғлом бўлишида, қобилият ва ҳиссиётларини тарбиялашда, айниқса, ота-онага меҳрибон бўлишида она сутининг таъсири беқиёсдир.
Шу боисдан халқаро ҳужжатларда гўдакларни 6 ойгача истисносиз кўкрак сути билан парваришлашни муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларга кенг урғу берилган.
Бир сўз билан айтганда, оналар ўзларига берилган Аллоҳ таолонинг улуғ фазлу марҳаматини тушуниб етиши ва зиммаларидаги оналик вазифасини тўкис адо этиб, фарзандлари камоли йўлида фидойи бўлишлари лозимдир.
Манбаалар асосида
Бобур Муҳаммадиев тайёрлади.
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ