Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази томонидан тайёрланиб чоп этилган “Фатволар тўплами. 500 саволга 500 жавоб” номли китобни ўқиб ғоят қувондим.
Тўпламда берилган савол-жавоблар ҳар бир мўмин-мусулмон учун ниҳоятда фойдалидир. Уни ўқиган киши эътиқод, бидъат-хурофот, таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж ва умра, қурбонлик, савдо, никоҳ, талоқ, эмизиш, қасам, назрлар, ижара, мерос, руҳий тарбия, зикр каби турли муҳим мавзуларда зарурий билимларга эга бўлади.
Китобда тўғри фатво бериш орқали инсонларни яхшиликка йўллаш, ёмонликлардан қайтариш савобли, илмсиз, асоссиз берилган ҳар қандай фатво хатарли, нотўғри экани, етарли билим ва тажрибага эга бўлмай туриб фатво бериш оғир гуноҳга йўл очиши, одамларни ихтилофга солиб қўйиши мисол ва далиллар асосида ёритилган.
Айрим кишилар илмни “дунёвий илм”, “диний илм” деб ажратишлари кузатилади. Ислом дини эса инсонларни ҳар қандай фойдали илмни ўрганишга тарғиб қилади. Зеро, илм бўлмаган жойда қолоқлик, жаҳолат, тўғри йўлдан адашиш бўлади.
Тўплам турли таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб жараёнда ғоятда керакли манба бўлиб хизмат қилади. Айниқса, бугунги кунда диний қадриятларимизга қарши қаратилган ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган уйдирма ахборотлар, етти ёт бегоналарга кўр-кўрона эргашишлар, ёшларни залолатга бошловчи “жозибали” тасвирлар, мазҳабсизлик каби иллатларнинг асли пуч, зарарли эканини кўрсатиб бериши ўқувчини ўзига янада кўпроқ жалб этади.
Забардаст аҳли илмлар ҳозирлаган илмий манбаларни ўқиб, “Биз бошқаларга эргашувчи эмас, аксинча, доим эргаштирувчи халқ бўлиб келганмиз”, деган фахрни туйдим.
Султонхожа АРИПХЎЖАЕВ,
меҳнат фахрийси
"Ҳидоят" журналидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир куни кўп гуноҳлар қилиб юрган бир йигит солиҳ бир зотнинг ҳузурига келиб, ўз аҳволидан шикоят қилибди.
— Э солиҳ зот! Мен қилмаган гуноҳлар қолмади. Менга насиҳат қилиб қўйсангиз. Ҳар қанча уринсам ҳам гуноҳлардан ўзимни тия олмаяпман. Шоят панду насиҳатларингиз таъсир қилиб гуноҳ қилишдан тўхтасам, қилган гуноҳларимга тавба қилсам, - дебди.
Солиҳ киши:
— Эй ўғлим, агар Аллоҳга осийлик қилишни хоҳласанг, қилавер, аммо аввало бешта шартга риоя қилишинг керак. Агар буларни бажара олсанг, истаганча гуноҳ қил, - деди.
Йигит хурсанд бўлиб:
— Эй солиҳ зот, айтинг, уларни албатта бажараман. Тезроқ айтинг, - деди.
Солиҳ киши:
— Биринчи шарт: агар Аллоҳга осийлик қилмоқчи бўлсанг, аввало Унинг еридан чиқиб кет ва гуноҳни бошқа ерда қил, - деди.
Йигит ҳайрон бўлиб:
— Эй улуғ зот, раҳмат сизга! Аммо, қаерда гуноҳ қиламан? Аҳир Ернинг барчаси Аллоҳнинг мулки эмасми? - деди.
Солиҳ зот жавоб берди:
— Ҳа, албатта. Энди сен Аллоҳдан уялмайсанми? Унинг ерида яшаб, яна Унга осийлик қиласанми?!
Йигит:
— Иккинчи шартни айтинг, эй устоз, - деди.
Солиҳ киши:
— Агар Аллоҳга осийлик қилмоқчи бўлсанг, қилавер, аммо Унинг ризқидан емагин, - деди.
Йигит яна ҳайратланиб:
— Эй улуғ зот, сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Аҳир ризқ берувчи Унинг ўзи бўлса, унда мен қаердан ризқланаман? - деди.
Солиҳ киши:
— Аллоҳнинг ризқидан еб туриб, яна Унга осийлик қилишдан уялмайсанми?!- деди.
Йигит:
— Учинчи шартни айтинг, - деди.
Солиҳ киши:
— Агар Аллоҳга осийлик қилмоқчи бўлсанг, У кўрмайдиган жойга бориб қил, - деди.
Йигитнинг ҳайрати яна ошди:
— Эй устоз! Бу нима деганингиз? Аҳир қаерга бормай Унинг кўз ўнгидаманку. Аллоҳ ҳатто қоронғу кечада қора тош устида юрган қора чумолининг ҳаракатини ҳам кўради-ку! Қаерга бормай, қаерга яширинмай мени кўриб, билиб турадику? - деди.
Солиҳ зот:
— Шундайлигини билар экансан, бошқаларнинг кўриб қолишидан уяласану, наҳотки Аллоҳнинг кўз ўнгида гуноҳ қилишдан уялмайсан? Наҳотки, Аллоҳ сен учун бошқалардан кўра қардсиз ва ҳурматсиз бўлса. У ҳамма нарсани билиб, кўриб турганида Унга осийлик қиласанми?! - деди.
Йигит:
— Тўртинчи шартни айтиб беринг, - деди.
Солиҳ киши деди:
— Агар Аллоҳга осийлик қилар экансан, ундай бўлса қачонки ажал фариштаси келиб, жонингни олмоқчи бўлганида унга айт: “Менга озгина муҳлат бер, гуноҳларимдан тавба қилиб олай”, дегин.
Йигит қаттиқ йиғлаб:
— Эй солиҳ зот, мен кимманки ўлим фариштасига буйруқ бера олсам, буни ҳеч ким қила олмайди? Ўлим келганда уни бир сонияга ҳам ортга суриб бўлмайди-ку! — деди.
Солиҳ киши:
— Бешинчи шарт шуки, агар Аллоҳга осийлик қилмоқчи бўлсанг, қилавер, бироқ қачонки дўзахнинг фаришталари келиб, сени дўзахга тортмоқчи бўлганларида уларнинг чангалидан қутулиб қочгин ва жаннатга кириб олгин, - деди.
Йигит дод солиб йиғлади ва баланд овозда:
— Бас, етар эй улуғ устоз! Аллоҳни номи билан қасам ичиб айтаман, бугундан бошлаб гуноҳ қилмайман, мен Аллоҳга чин дилимдан тавба қилдим, Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ - деди.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ