Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Октябр, 2024   |   03 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:07
Қуёш
06:25
Пешин
12:16
Аср
16:12
Шом
17:59
Хуфтон
19:12
Bismillah
06 Октябр, 2024, 03 Рабиъус сони, 1446
Янгиликлар

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Миср янги муфтийсини табрикладилар

19.08.2024   2485   1 min.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Миср янги муфтийсини табрикладилар

Миср Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб тавсиясига асосан мамлакат президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси фармони билан ал-Азҳар мажмуаси ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари академияси Бош котиби Назир Муҳаммад Айёд Миср муфтийси этиб тайинланди. 

Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Ҳолиқназар ҳазратлари янги муфтийга қутлов йўлладилар. Унда Назир Муҳаммад Айёдни Миср муфтийси ва Фатво уйи (“Дорул ифто”) раҳбари этиб тайинлангани билан қутлаш баробарида икки томонлама ҳамкорлик янада ривож топишига ишонч биридирилди. 

Маълумот ўрнида, Назир Муҳаммад Айёд 1972 йилда Қоҳира шаҳрида туғилган. У ал-Азҳар университетида Усул ад-дин, Ақида ва фалсафа йўналишларида 1995 йилда бакалавр, 2000 йилда магистр даражаларини қўлга киритган. 2003 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, 2016 йилда профессор унвонини олган. 

Меҳнат фаолияти давомида Ислом ва арабшунослик коллежи ўқитувчиси, декан ўринбосари ва ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари академияси Бош котиби вазифаларида меҳнат қилган. У ал-Азҳар битирувчилари халқаро ташкилоти, ал-Азҳар илмий тадқиқот ходимлари касаба уюшмаси қўмитаси   каби уюшмалар аъзоси ва кўплаб мукофотлар соҳиби ҳисобланади. Шунингдек, ўнлаб илмий мақолалар ва китоблар муаллифидир.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Бошқа мақолалар

Ёшлар маънавиятига таҳдид

26.09.2024   2931   2 min.
Ёшлар маънавиятига таҳдид

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳозирги кунда миллий қадриятларимизга таҳдид солаётган “Оммавий маданият” кўпчиликни ташвишга солмоқда. Замонавий тараққиёт ва илғор технология билан ҳамнафас бўлишлик қувонарли ҳол. Бироқ, глобаллашув жараёнларида турли ғоялар кураши, ахборот хуружлари, мафкуравий тазйиқларнинг тобора авж олаётгани ташвишланарли ҳолатдур. Бугун арзимасдек туюлган кичик хабар ҳам эртага ёшларнинг ҳаётига катта салбий таъсир қилмоқда.

Аслида, “Оммавий маданият” соясида кириб келаётган ахлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик ва бузуқлик каби ёмон иллатлар дунёдаги ҳеч бир халқнинг миллий маданиятига ҳам, умумбашарий қадриятларига ҳам мос келмайди. Бизнинг ота-боболаримиз ва момоларимиз ҳаётини ўрганар эканмиз, улардан оладиган ибратларимиз ҳали анча кўп эканини ҳис қиламиз.

Ҳақиқатан ҳам, уруш ва очарчиликни бошидан кечирган бобо ва момоларимиз бизга болаликдан бошлаб нонни кўзимизга суртиб эъзозлашни ўргатганлар. Бу бизнинг буюк қадриятимизга айланган. Шу маънода, Яратганнинг бебаҳо неъматларини, ҳаётдаги ижобий ўзгаришларни қадрлаш туйғусини фарзандларимиз қалбига ёшлигидан сингдириб боришимиз зарур.

Айниқса бизнинг заминимизда туғилиб ўсган, жаҳон маданияти ва цивилизациясига ўз ҳиссаларини қўшган Имом Бухорий, Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб буюк зотларнинг авлодлари ҳеч қачон инсоний фитратга мос келмайдиган шаҳвоний туйғуларга эргашмасликлари керак.

Зеро, халқимизнинг маънавиятларига йўғрилган ор-номус, уят ва андиша, шарму-ҳаё каби тушунчалар бизнинг соф қонимизда мавж урмоқда. Уларни нобуд қилиш – бутун миллатимиз маънавиятига хиёнат бўлур. Айниқса, кексаларга ҳурмат, ота-онага эҳтиром, мардлик ва жасурлик сингари туйғуларимиз узоқ ўтмишдан бугунги кунгача ўз кўрку тароватини, миллийлигимизни кўрсатиб турадиган қадрият ва урф-одатларимиз бутун дунё халқларига ибрат бўлган. Шу маънавиятимиз замиридаги юксак инсоний ғоялар бугунги кунда ҳам бутун Ғарб халқлари томонидан эътироф этилмоқда.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ