Миср Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб тавсиясига асосан мамлакат президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси фармони билан ал-Азҳар мажмуаси ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари академияси Бош котиби Назир Муҳаммад Айёд Миср муфтийси этиб тайинланди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Ҳолиқназар ҳазратлари янги муфтийга қутлов йўлладилар. Унда Назир Муҳаммад Айёдни Миср муфтийси ва Фатво уйи (“Дорул ифто”) раҳбари этиб тайинлангани билан қутлаш баробарида икки томонлама ҳамкорлик янада ривож топишига ишонч биридирилди.
Маълумот ўрнида, Назир Муҳаммад Айёд 1972 йилда Қоҳира шаҳрида туғилган. У ал-Азҳар университетида Усул ад-дин, Ақида ва фалсафа йўналишларида 1995 йилда бакалавр, 2000 йилда магистр даражаларини қўлга киритган. 2003 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, 2016 йилда профессор унвонини олган.
Меҳнат фаолияти давомида Ислом ва арабшунослик коллежи ўқитувчиси, декан ўринбосари ва ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари академияси Бош котиби вазифаларида меҳнат қилган. У ал-Азҳар битирувчилари халқаро ташкилоти, ал-Азҳар илмий тадқиқот ходимлари касаба уюшмаси қўмитаси каби уюшмалар аъзоси ва кўплаб мукофотлар соҳиби ҳисобланади. Шунингдек, ўнлаб илмий мақолалар ва китоблар муаллифидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Наманган вилояти бош имом хатиби Мусохон домла Аббосиддинов ёш диний соҳа ходимлари билан дилдан суҳбат қуриб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади.
Мусохон домла ўз нутқларида юртимизда ёшларга берилаётган кенг имкониятларни сўзлаш баробарида ёш соҳа ходимларини касб-маҳоратларини доимий ошириб бориш, ўз устида мунтазам ишлашга чақириб, бугунги давр билан ҳамнафас бўлиш, замонавий илм-фанни пухта эгаллаш ва ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш зарурлигини ўқтирди.
Шунингдек, пешволик мақоми, мавъиза қилиш одоблари, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этиш ва дин ғами, халқ дарди ва Ватан тақдирини ўйлаб, туну кун хизмат қилиш кераклигини таъкидлади.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ёшларга насиҳатим" китоблари тарқатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати