Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Ноябр, 2024   |   07 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:42
Қуёш
07:03
Пешин
12:12
Аср
15:29
Шом
17:13
Хуфтон
18:29
Bismillah
08 Ноябр, 2024, 07 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

“Ал-ақоид ан-Насафия” асари ва унга ёзилган машҳур шарҳларнинг бугунги кундаги аҳамияти

19.08.2024   3119   4 min.
“Ал-ақоид ан-Насафия” асари ва унга ёзилган машҳур шарҳларнинг бугунги кундаги аҳамияти

Бугун бузғунчи оқимлар томонидан нотўғри талқин қилинаётган иймон, тавҳид, фиқҳ, калом ва шу каби мавзулардаги тушунчаларни ватандошимиз Абу Хафс Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари орқали ёритиб бериш ўзига хос аҳамиятга эга. Ҳанафий-мотуридийлик таълимотининг асосий манбаси ҳисобланган ушбу асар, соф ислом ақидаси амаллари ва маърифий исломни ўрганишда муҳим қўлланма бўлиб келмоқда.

“Ақоид ан-Насафий” асари 18 аср бошларидан бошлаб европалик исломшунос олимларнинг тадқиқот объектига айланган.

Масалан, уларнинг таъкидлашича, “Мазкур асар мусулмон дунёсининг қисқа ва лўнда, айни вақтда энг ишонарли манбалардан биридир” деб эътироф этади.

Турк тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-ақоид” китоби билан ислом оламида шуҳрат қозонган.

Яна бир насафлик мутафаккир Абул Муин Насафийнинг “Табсират ул-адилла” асари мазкур асар ёзилишига асосий манба вазифасини бажарган.

Шу жиҳатдан олганда, исломшунос тадқиқотчиларнинг фикрича  Абу Хафс Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари: “Мотуридия таълимотига, шаклан эса, Абул Муин Насафийнинг  “Табсират ул-адилла” асарига асосланган”, – дея таъкидлаганлар.

Татар исломшуносларнинг таъкидлашича, татар-мусулмон мадрасаларида энг оммабоп асар Тафтазонийнинг шарҳи билан келтирилган “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафий” асаридир.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Абу Хафс Насафийнинг “Ақоид” асарига ёзилган шарҳлардан энг машҳури ва оммабопи Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Ақоид” асаридир.

Ҳожи Ҳалифанинг “Кашф аз-зуннун” асарида айтилишича, “Ақоид ан-Насафий” асарига Тафтазоний билан бир вақтда 50га яқин муаллиф томонидан шарҳлар ҳошиялар, назмлар, тахрижлар ва тадқиқлар ёзилган.

Ёзилган тахрижлар орасида Жалолуддин Суютийнинг “Тахрижи” ва Мулло Али Қори Ҳанафийнинг “Фароид ал-қолаид ала аҳадис ал-ақоид” асари ҳам машҳур асарлардан бири сифатида бугунги кунгача эътироф этиб келинади.

Улар қатори Саъдуддин Тафтазоний томонидан ёзилган “Шарҳ ал-Ақоид” асари ҳар томонлама энг мукаммал шарҳ сифатида эътироф этилади.

Бирор-бир ислом диёридаги билим даргоҳларини мисол қилиб олмайлик, уларнинг барчасида ақоид илмини ўрганиш борасида Тафтазоний томонидан ёзилган “Шарҳ ал-Ақоид”га мурожаат қилганликларини гувоҳи бўламиз.

Усмонийлар давлатида ҳам “Шарҳ ал-Ақоид” асари мадрасаларда расман дастур асосида ўқитилган ва бир неча марта усмонийлар давлати тилига таржима қилинган. Буларнинг барчаси, мазкур асарга нисбатан диний-ижтимоий тус берилганлигидан далолат беради. Шундан айтиш мумкинки, кўпчилик усмонийлар давлатидаги калом илми вакиллари ўзларининг илмий ишлари ва тадқиқотларида “Шарҳ ал-Ақоид”га яқиндан ёндошганлиги маълум бўлади.

Ҳозирда ҳам Тафтазонийнинг мазкур асари илмий жамоатчиликни асрлар давомида эътирофини қозониб келмоқда.

Замонавий истилоҳда қўлланилаётган “bestseller” даражадаги асар сифатида энг кўп чоп этилган китоблар қаторидан ўрин олган. Бу китоб қўлёзма нусхалари кўпгина Европа кутубхоналарида ва шахсий коллекцияларда сақланмоқда. Ушбу асар асосан, Истанбул, Қоҳира ва Ҳиндистонда нашр этилган. Қозон татар мусулмонлари жамоасида ҳам ушбу асарга қизиқиш юқори бўлган ва тахминан 15 маротаба нашр этилган.

Асарнинг ёзилиши тарихи ва сабаблари  тўғрисида айтиш мумкинки, Тафтазоний “Шарҳ ал-ақоид”нинг аввал бошида ақида илми тарихи ва унга бўлган жамиятдаги ижтимоий зарурат тўғрисида тўхталиб ўтади. Ислом дини пайдо бўлган даврда кишилик жамиятидаги муҳит мусаффо ва шаффоф бўлганлиги, ихтилофли ва баҳс-мунозарали воқеа-ҳодисаларнинг камлиги, ақидавий масалаларга пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг бевосита ўзлари томонидан ечим топилганлиги таъкидлаб ўтилади.

Асар давомида мутафаккир исломдан ажралиб чиққан муътазилийлар, жабарийлар, қадарийлар ва карромийлар каби ботил фирқаларнинг фикрларидан иқтибос келтириб уларни таҳлил қилади. Уларга нисбатан суннийлик (аҳли сунна ва вал жамоа эътиқодида) раддияларини бериб борган. 

Саъдуддин Тафтазонийнинг калом илмига оид асарлари нафақат тарихда, балки бугунги кунда учраб турган адашган тоифаларнинг нотўғри ақидаларига раддия беришда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бош мутахассиси

“Шарҳу ақоиди Насафия” асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда

унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича лойиҳа аъзоси

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺ фарзандларидан айрилганларида

5.11.2024   387   2 min.
Расулуллоҳ ﷺ фарзандларидан айрилганларида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мория Қибтийя онамиздан Иброҳим исмли ўғил кўрдилар. Чақалоқ туғилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севиниб, «Бугун кечаси фарзандлик бўлдим. Унга бобокалоним Иброҳим алайҳиссаломнинг исмларини қўйдим!» дедилар. Бироз вақт ўтгач, Иброҳимни эмизиш учун Ҳавла бинт Мунзир розияллоҳу анҳога беришди. Арабларнинг одатига кўра, гўдак икки йил, яъни кўкракдан ажрагунича эмизган онасининг уйида яшар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўғиллари Иброҳимни Ҳавла розияллоҳу анҳонинг уйида қолдирдилар. Ҳавла розияллоҳу анҳо темирчи Абу Сайф, яъни Баро ибн Авс ал-Ансорийнинг аёли эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бирга Ҳавланинг уйига тез-тез бориб, ўғилларини кўриб келар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Сайфнинг уйига кирдик. Одатдагидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни қўлларига олиб, ҳидладилар, ўпдилар. Аммо орадан кўп ўтмай, Иброҳимга дардга чалинди. Бир куни келсак, Иброҳим жон бераётган экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқа бошлади. Абдурраҳмон ибн Авф у зотга: «Ўлганга йиғлаяпсизми, Аллоҳнинг Расули?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу раҳмат-шафқат йиғиси, Ибн Авф» деб, йиғлаб юбордилар. Сўнг: «Кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, лекин Роббимизни рози қиладиган сўзларнигина айтамиз. Фироқингдан жуда маҳзунмиз, Иброҳим!» дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимдан айрилганларига қаттиқ маҳзун бўлдилар, фарзанд доғида қалблари ўртаниб, йиғладилар. Қалб маҳзун бўлади, кўз ёш тўкади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалблари сиқилиб, оғир мусибатдан маҳзун бўлиб турсалар-да, бундай пайтларда одамнинг тилидан чиқиб кетиши мумкин бўлган ёмон сўзларни айтиб юборишдан огоҳлантирдилар: «Қалб маҳзун бўлади, аммо фақат Роббимиз рози бўладиган сўзни айтамиз, холос!».

Қайғу пайтларида айтадиган сўзимиз фақатгина Аллоҳга мақтов, Аллоҳга қайтишни эслаш, Роббимизни рози қиладиган дуолар қилиш бўлиши керак. Роббимизни ғазаблантирадиган сўзларни зинҳор айтмаймиз, чунки мусулмон одам мусибат пайтида ҳам фақат Роббининг розилигини ўйлайди, фақат Роббини рози қиладиган ишларни қилади.

Энди мана шу саволга жавоб беринг:

Маҳзун бўлганингизда қандай сўзларни айтасиз? Аллоҳ рози бўладиган сўзларними? Ёки оғзингиздан чиқадиган сўзларга эътибор бермайсизми?

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар