Обуна –2025
Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Шамсуддинхон Бобохонов» нашриёт-матбаа ижодий уйининг «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетасига 2025 йил учун обуна мавсуми бошланди.
Шу йилнинг 15–17 август кунлари нашриёт Даврий нашрлар таҳририяти бўлими мудири Т.Низомов, Маркетинг ва инновация бўлими мудири А.Юсупов, муҳаррир Б.Муҳаммадиев Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида хизмат сафарида бўлиб, имом-хатиблар билан суҳбатлар, учрашувлар ўтказишди.
Йиғилишда мазкур нашрларга 2025 йил учун обуна мавсуми бошлангани, мўмин-мусулмонларнинг маърифатини янада юксалтириш, уларга муқаддас динимизнинг соф таълимотини етказишда «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетаси қимматли нашрлар экани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Хайрли, савоб ишларнинг тури кўп. Ҳар бирининг ихлос ва самимиятга қараб ажри бор, савоби бор. Илло, маърифат улашишнинг, мўмин-мусулмонларнинг хонадонларига зиё киритишнинг савоби жуда катта.
Таҳлилларга кўра, бир дона босма нашрни бир кишидан ўн кишигача мутолаа қилар экан. Мисол учун, биргина “Ҳидоят” журнали бугунги кунда 86 минг нусхада чоп этилаётган бўлса, демак, 860 минг киши ўқийди дегани. Бу яхши, албатта. Бироқ аҳолисининг 95 фоиздан ортиғини мусулмонлар ташкил қиладиган юртимизда мазкур нашрнинг адади янада кўпайса, мақсадга мувофиқ бўлади, иншоаллоҳ.
Бунинг учун эса обуна мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, тарғибот тадбирларини кўпроқ олиб бориш зарур. Зеро, ҳадиси шарифда: «Яхшиликка далолат қилувчи киши худди яхшилик қилувчи кабидир» (Имом Термизий ривояти), дейилган.
Аслида обунага тарғиб қилиш ҳам амри маъруф (яхшиликка чақириш) ва наҳйи мункар (ёмонликдан қайтариш)дир. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 104-оятида: «Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир», деб марҳамат қилган.
Водий вилоятларида «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетасига 2024 йил учун обуна мавсумида фаоллик кўрсатган, мазкур нашрларга энг кўп обуна бўлган масжидлар имомлари ва туманлар бош имом-хатиблари совғалар билан тақдирланди.
– Камтарона хизматимиз эътироф этилиб, мукофот билан тақдирланганимиз учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин, – дейди Бағдод тумани «Зайд ибн Собит» жоме масжиди имом-хатиби Соҳибжон домла Аҳмедов. – Иншоаллоҳ, келгуси йил учун ҳам обунани уюшқоқлик билан ташкил этамиз. Ҳар жума даврий нашрларга обуна тарғиботини кучайтирамиз. Бу жараёнда барчамиз жонбозлик кўрсатамиз.
Йиғилишларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетаси ҳар бир имомнинг, имом ноибининг ҳамда отинойининг бадиий минбари экани таъкидланди. Шу боис диний соҳа ходимларидан турли мавзуларда материаллар жўнатишлари илтимос қилинди.
Тадбирлар сўнгида хайрли дуолар қилиниб, 2025 йил обунаси ҳар йилгидан кўра натижадорроқ, самаралироқ бўлиши Яратгандан сўралди.
* * *
«Тафсир» рукни остида Каломуллоҳ оятлари маъноларини ўқиб-уқишни, «Ҳадис шарҳи» орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак насиҳатларидан баҳраманд бўлишни, «Саҳобалар ҳаёти”ни мутолаа қилиб саодат асрига саёҳат қилишни, «Масала» рукнида долзарб ва муҳим савол-жавобларни ўрганишни, «Аслида қанақа? » рукнида ҳар бир воқеа-ҳодисанинг асл моҳиятини билишни, яна бошқа кўплаб мавзуларда энг ишончли маълумотларга эга бўлишни истасангиз, «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетасига обуна бўлишга шошилинг!
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами юртимизда миллий ғурур ва фидойилик рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу кун Ватан ҳимояси йўлида ҳалоллик ва жасурлик кўрсатган барча фуқароларни қадрлаш, уларнинг ҳиссасини эътироф этиш кунидир.
Ватан ҳимоячилари нафақат ҳарбийлар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган барча инсонлардир. Улар соғлом, барқарор жамият қуриш йўлида фаолият олиб бораётган, эртанги куннинг тинчлиги учун меҳнат қилаётган ва бошқаларга намуна бўлаётган кишилардир.
Ҳар бир киши ватанпарварликни ўз оиласидан, маҳалласидан бошлаши лозим. Отинойилар, устозлар ва зиёлилар ёш авлодга Ватанга бўлган муҳаббатни, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ёшликдан ўргатмоғи керак. Чунки келажак авлоднинг маънавияти ва иродаси Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда ёшлар ҳарбий билимлар билан бирга ахлоқий ва маънавий тарбияга ҳам катта аҳамият бериши керак. Шу йўл билан улар Ватанга фидойилик билан хизмат қилишга тайёр, шижоатли ва баркамол шахслар бўлиб етишади.
14 январь куни нафақат байрам, балки Ватанга садоқат ва масъулиятни эслатувчи муҳим сана бўлиб, ҳар биримизга миллий ифтихор ҳиссини уйғотади. Тинчликнинг қадрини билиш, уни асраш ва келажак авлодга соғлом юрт қолдириш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Ризвон Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси