Руҳ танани тарк этгач, Барзах ҳаёти бошланади. Бу ҳаёт то қиёматгача давом этади. Барзах ҳаёти қабрда бўлиб, у ё жаннат боғларидан бир боғча ёки дўзах ўраларидан бир ўрадир. Унда одамлар уч ҳолатдан бирида бўлади:
Биринчиси: тақводор мўминнинг ҳолати. Унинг олдига иккита фаришта (Мункар ва Накир) келиб, уни ўтказади ва савол бера бошлайдилар: Раббинг ким, дининг нима ва мана бу сизларга юборилган киши ким? Мўмин жавоб беради: Раббим Аллоҳ, диним Ислом, у киши пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдир.
Шундан сўнг унга дўзах томонга бир эшик очилади ва: агар кофир бўлганингда мана бу жой сенинг дўзахдаги ўрнинг бўлар эди, дейилади. Сўнгра у эшик ёпилади ва абадул абад очилмайди. Сўнгра унга жаннат томондан бир эшик очилади, ундан жаннатнинг хиди келиб туради. E жаннатдаги ўрнини кўриши билан: Эй Раббим, қиёмат қоимни тезлат, қиёмат қоимни тезлат! -дейди. Шу тарзда то қиёматгача неъмат ичида қолади ва охир-оқибат жаннатга дохил бўлади.
Иккинчиси: кофир ёки мунофиқнинг ҳолати. Қабрида ўтказилади ва: Раббинг ким, дининг нима, муна бу сизларга юборилган киши ким? -деб сўралади. У эса: аа, ааа, билмайман, дейди. Шунда унга: билмайсан ҳам, ўқимагансан ҳам, дейилади ва: бошига гурзи билан бир урилади, оғриғидан қаттиқ қичқиради, унинг қичқириғини сақалайн (инсонлар ва жинлар)дан бошқа ҳамма мавжудот эшитади.
Шундан кейин унга жаннатдан бир эшик очилади ва: агар мўмин бўлганингда мана бу ер сен учун эди, дейилади. Сўнгра у эшик абадул абад очилмайдиган қилиб беркитилади. Ундан кейин дўзахдан бир эшик очилади ва ундан дўзахнинг сассиқ хиди ва қайноқ нафаси келиб туради. У эса: эй Раббим, қиёматни қоим қилма, қиёматни қоим қилма, деб ёлворади.
Учинчиси: осий ва кабира гуноҳлар қилган мўминнинг ҳолати. Уларнинг ҳолатлари турлича бўлади. Қайсиларидир оғир гуноҳларга ботган ва қайсиларидир унчалик оғир гуноҳлар қилмаган. Шунга қараб улар Аллоҳнинг машиати (хоҳишида) бўладилар. Хоҳласа азоблайди, хоҳласа мағфират қилади. Баъзилари қабрда гуноҳларига яраша маълум вақт азоблангач, сўнгра то қиёматгача қабрда роҳатда бўладилар. Баъзилари эса қабр азобидан ташқари қиёматдан кейин ҳам дўзахда азобланадилар. Гуноҳларига яраша азобланиб бўлгач, сўнгра жаннатга киритиладилар.
Аллоҳим сендан жаннатингни сўраймиз, дўзахингдан паноҳ тиламиз.
https://t.me/tuhur
Cавол: Қиёмат аломатлари ҳакида маълумот берсангиз.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қиёмат куни қачон бўлиши Аллоҳ таоло яширган сирдир. Лекин унинг аломатлари ҳақида ояти карима ва ҳадиси шарифларда бизга бир қанча маълумотлар етиб келган. Қиёмат аломатлари – қиёмат яқинлашганда содир бўладиган воқеа-ҳодисалардир.
Қиёмат аломатларининг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса Аллоҳнинг иродаси билан бу дунё ниҳояси етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир.
Кўплаб ҳадиси шарифларда қиёматдан олдин содир бўладиган катта ва кичик ҳодисалар ҳақида сўз юритилган. Жумладан, Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Бир куни суҳбатлашиб турсак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар ва: “Нима ҳақда суҳбатлашиб турибсиз?”, дедилар. “Қиёматни эслаб турибмиз”, дейишди. У зот: “Ўнта аломатни кўрмагунингизча қиёмат бўлмайди”, деб: Тутун (ўраб келиши), Дажжолнинг чиқиши, одамларга гапирадиган ҳайвоннинг чиқиши, Қуёшнинг мағриб (ботадиган жойи)дан чиқиши, Исо (алайҳиссалом)нинг ерга тушиши, Яъжуж-Маъжужнинг чиқиши, учта ер ютиши: машриқ, мағриб ва Арабистон ярим оролидаги ер ютишларини, Ямандан одамларни махшаргоҳга тўплайдиган оловнинг чиқишини эслаб ўтдилар” (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Баъзи қиёмат аломатлари ақида китобларимиздан ҳам жой олган ва мусулмон киши имон келтириши лозимлиги таъкидланади. Масалан, “Ақоиди Таҳовия” китобида бу борада бундай дейилади:
وَنُؤْمِنُ بِأَشْرَاطِ السَّاعَةِ: مِنْ خُرُوجِ الدَّجَّالِ، وَنُزُولِ عِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ مِنَ السَّمَاءِ، وَنُؤْمِنُ بِطُلُوعِ الشَّمْسِ مِنْ مَغْرِبِهَا، وَخُرُوجِ دَابَّةِ الْأَرْضِ مِنْ مَوْضِعِهَا.
“Қиёмат аломатларига: Дажжолнинг чиқиши, Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушиши, Қуёшнинг мағриб (ботадиган жойи)дан чиқиши, ер ҳайвонининг чиқишига имон келтирамиз”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.