Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Ноябр, 2024   |   13 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:48
Қуёш
07:10
Пешин
12:13
Аср
15:23
Шом
17:07
Хуфтон
18:24
Bismillah
14 Ноябр, 2024, 13 Жумадул аввал, 1446
Янгиликлар

Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида

19.08.2024   5407   6 min.
Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Муқаддас ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим, ватандошимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг (кейинги ўринларда – Имом Термизий) улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида:

1. Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2024 йил октябрь ойида Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган тадбирларни ўтказиш ва давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) тузилсин ҳамда унинг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ташкилий қўмита (А.Арипов) бир ҳафта муддатда Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини юқори савияда нишонлаш бўйича, жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин:

Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этиш;

Имом Термизий ҳаёти ва илмий меросининг моҳиятини ва бугунги кундаги аҳамиятини очиб берувчи илмий-оммабоп ҳужжатли фильм яратиш ва саҳналаштирилган спектакль намойишини ташкил этиш;

Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган эсдалик сувенирларини муомалага чиқариш ҳамда почта маркалари, тақвимлар, унинг ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берувчи бошқа кўргазмали ахборот воситалари туркумини яратиш;

2024 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда конференция доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш;

Имом Термизий зиёратгоҳига олиб борувчи йўл инфратузилмаларини яхшилаш, жумладан, ёдгорлик мажмуаси ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш;

Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Имом Абу Исо ат-Термизий мажмуасида Имом Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари ҳамда китобларининг кўргазмасини ташкил этиш.

4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда 2024 йил сентябрь-октябрь ойларида Термиз давлат университети ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун” мавзусида республика илмий-амалий конференциясини ҳамда Имом Термизий ҳаёти ва илмий фаолиятига оид илмий мақолалар танловини ўтказсин;

аллома ва муҳаддис олимларимизнинг илмий мероси ва ноёб қўлёзма асарларини ўрганиш бўйича Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини белгиланган тартибда шакллантириб борсин.

5. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Имом Термизий асарлари бўйича ҳадислар билимдони” танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тавсия этилсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда жойларда 2024 йил давомида Имом Термизийнинг илмий меросига бағишланган давра суҳбатларини ташкил этсин.

7. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Маданий мерос агентлиги билан биргаликда:

Имом Термизий илмий меросига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, ноёб асарлар ва бошқа маданий бойликлар реставрация қилинишини ҳамда уларнинг лозим даражада сақланишини таъминласин;

хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Термизийнинг ҳаёти, илмий мероси ҳамда у яшаган даврга оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни тизимли равишда ташкил этсин;

Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган юқори сифатли медиа маҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш чораларини кўрсин.

8. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги:

Кадастр агентлиги ва манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда Термиз шаҳри, Шимолий дарвоза кўчаси, 3-уй манзилида жойлашган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари учун ҳомийлар маблағи ҳисобидан қуриб битказилган 5 та хизмат уйларининг қонунчиликда белгиланган тартибда марказга мулк ҳуқуқи асосида бепул берилишини;

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига туташ ҳудудда жойлашган диний таълим муассасалари учун ўқув ва бошқа зарур биноларнинг қурилиб, фойдаланишга топширилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва “Дунё” ахборот агентлигига Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М.Камилов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
Президенти     
                                                                                                                                                                                                                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2024 йил 15 август

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мулойимлик

8.11.2024   2284   1 min.
Мулойимлик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулойимлик – ғазабга мағлуб бўлмаслик, дағал сўз айтиш ва қўпол муомала қилишдан сақланишдир. Банда бировнинг фикрига қарши эканини қўполлик ва қўрслик қилмасдан ҳам билдириши ёки хайрихоҳлик, тавозе ва меҳрибонлик кўрсатган ҳолда эътироз қилиши ҳам мумкин.

Агар бирор ёш боланинг тарбияси учун унга ғазаб қилиш зарур бўлса ҳам фақат керакли миқдорда ва меъёрда бўлсин.

Шунингдек, ҳар мавзуда одамлар билан тортишиш, баҳс қилиш ва жанжаллашишдан сақлансин ва улар билан имкон қадар яхши гумонда бўлиб муомала қилсин. Ким биландир олди-сотди ва бошқа муомала қилишга тўғри келса, нарх-наво ва келишувларда айтганида қайсарлик билан туриб олмасин. Агар иш маъқул келса, қабул қилсин, бўлмаса, тарк этсин. Лекин бошқаларни ўзининг гапини тан олишга мажбур қилмасин.

رَحِمَ اللَّهُ رَجُلاً سَمْحًا إِذَا بَاعَ وَإِذَا اشْتَرَى وَإِذَا اقْتَضَى

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сотганда, сотиб олганда ва қарзини талаб қилганда олийжаноблик кўрсатган кишига Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

مَنْ أَنْظَرَ مُعْسِرًا أَوْ وَضَعَ لَهُ أَظَلَّهُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ تَحْتَ ظِلَّ عَرْشِهِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким камбағалга муҳлат берса ёки қарзини кечса, соя бўлмаган Қиёмат кунида Аллоҳ уни Ўз арши соясида соялантиради», дедилар (Имом Муслим ривояти).

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан

Мақолалар