Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2024   |   02 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:24
Пешин
12:16
Аср
16:13
Шом
18:01
Хуфтон
19:14
Bismillah
05 Октябр, 2024, 02 Рабиъус сони, 1446
Мақолалар

Аёлнинг бирламчи вазифаси

20.08.2024   3401   2 min.
Аёлнинг бирламчи вазифаси

Отинойи минбари

Аёл киши – эркакларга Аллоҳнинг омонати. Уни ҳар бир ота, эр, фарзанд қадрлаши лозим. Динимиз аҳкомларида шундай қилиши буюрилган.

Эркакларга фитратига мос вазифаларни юклаган Аллоҳ таоло аёллар учун ҳам ўзига хос масъулиятларни белгилаб қўйган.

Мазкур масъулиятларни ўз ўрнида адо этган аёл чинакам мўмина, солиҳа, орифа мақомларига эга бўлади. Ҳар бир муслима, аввало, солиҳа аёл бўлишни мақсад қилиб, шунга кўра ҳаракатларини белгилаши лозим.

Солиҳалик – ҳаётни гўзаллаштирадиган сифат. Яқинда бир аёл билан суҳбатлашиб қолдим. У ҳаёт ташвишлари билан ўралашиб, “солиҳа аёл бўлиш” йўлини тарк этибди. Кўпинча аёллар амал қилиши лозим бўлган низом билан эмас, биринчи ўринга чиқиб қолган туйғулари билан ҳаракат қилади.

Аммо бизнинг аёлларимизда такрорланадиган хатолардан бири шуки, келин бўлганларидан сўнг солиҳа хотин, солиҳа она бўлишни гўёки унутиб қўйишади. Аёлларга Аллоҳ амр этган буйруқлар бир четда қолиб кетади...

Дақиқроқ тушунтирадиган бўлсак, аёл агар солиҳа бўла олса, ҳар бир амалининг мукофотини Аллоҳдан кутади ва савобли амалларида бардавом бўлади. Бироқ кимнингдир “яхши” деган сўзини эшитиш учун бу ишни қилса, бир кун келиб, бу ҳаракатларидан зерикади.

Аёл нега барча фазилатларни четлаб, ўз олдига қўйилган юксак ухровий мақсадларга эришишда хотинлик, оналик шарафидан фойдалана олмаяпти?

Чунки у бахтни фақат яхши еб-ичиш, кийиниш, тўй-ҳашам каби орзу-ҳавасларда кўрмоқда. Бир қанотли қуш уча олмаганидек, саодатни фақат моддиятда кўрадиганлар солиҳа аёлликни камолига етказа олмайди. Лекин ибодатларини ўз вақтида адо этувчи аёл, оила, одоб-ахлоқ, фарзандлар тарбиясига ҳам динимиз буюрганидек ёндашиб, уддалай олса, олий мақсадига эришади, албатта. Зеро, дунё матоҳининг ҳаммаси бир синов, бизни асл мақсадимиздан чалғитади. Қуръони каримда ҳам барча мўминлар огоҳлантирилади: “Билиб қўйингизки, албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фитна (гуноҳ, азоб ва машаққат манбаи)дир. Аллоҳнинг ҳузурида (эса) улкан мукофот (бордир) (Анфол сураси, 28-оят).

Аёл ҳар қандай вазиятда ҳам ана шу огоҳлантиришни унутмаслиги лозим. Зеро, Аллоҳ таоло каломида: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят), деган.

Дилноза ШОДМОНОВА,

Самарқанд вилояти
Нарпай тумани

“Наврўз” маҳалласи
отинойиси

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳақиқий дин қандай бўлади?

27.09.2024   13382   3 min.
Ҳақиқий дин қандай бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ниҳоят Макка фатҳ қилинди. Унга ўзлиги қайтарилди. Тавҳид қибласи, мўминлар қалбининг маъшуқаси ширк ботқоғидан қутқарилди. Энди навбат бутун араб жазирасини ширкдан қутқаришга келган эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалом ислом арслони Али ибн Аби Толиб розияллоллоҳу анҳуни чақирдилар. У зотни қўшинга бош қилиб, Той қабиласи бути Фулсни парчалагани юбордилар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу қўшин билан бориб юклатилган вазифани аъло даражада бажариб асирлар билан Мадинага қайтдилар. Асирларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилиш ҳақида машварат қилиш учун масжид олдида қўйдилар.

Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кираётганларида у зотни асир аёллардан бири тўхтатиб деди:

– Эй Муҳаммад! Агар мумкин бўлса мени озод қилсанг. Араблар мендан кулишмаса яхши бўлар эди. Отам ўлди. Келиб-кетувчилар тўхтади. Менга илтифот қил, Аллоҳ ҳам сенга илтифот қилсин! Отам қавмининг саййиди эди. У қийналганларга ёрдам қилар, жиноят қилганларни авф қилар, қўшничиликни сақлар, шарафни ҳимоя қилар, фақирларни суяр, уларга таом берар, саломни тарқатар, юки оғирларнинг юкини кўтарар, тақдир зарбаларига учраганларга ёрдам берар эди. Ҳожатини сўраб келган бирор кишини ноумид қилган эмас. Мен Ҳотам Тоийнинг қизи Саффона бўламан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:

– Булар ҳақиқий мусулмоннинг сифатларидир. Агар отанг мусулмон бўлганида биз Аллоҳдан унга раҳм қилишини сўраган бўлар эдик.

Сўнгра саҳобаларга қараб:

– Уни қўйиб юборинглар. Унинг отаси гўзал ахлоққа даъват қилар эди, дедилар.

Юқоридаги сифатлар ҳақиқатдан ҳам мусулмонларнинг сифати. Биз эътибор берадиган жой мана шу ер.

Ҳақиқий дин масжидда эмас, жойнамоз устида ҳам эмас.

Ҳақиқий дин тижорат ва мансабдаги омонатдорликда.

Ҳақиқий дин ота-она олдидаги камтарликда.

Ҳақиқий дин ака-укалар ва опа-сингилларга қилинадиган яхшиликда.

Ҳақиқий дин жуфти ҳалолнинг азиятига сабр этиш ва фарзандларга раҳм қилишда.

Ҳақиқий дин қўшниларинг билан қилинадиган муомалада.

Ҳақиқий дин беморга пул йиғилганида бахиллик қилмасликда.

Ҳақиқий дин биров ғийбат қилинганда ғийбатчиларга қўшилиб кетмасликда.

Ҳақиқий дин одамларнинг айбини яширишда.

Ҳақиқий дин ишониб айтилган сирни сақлай олишда.

Тавҳид, намоз, рўза ва бошқа ибодатлар Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққидир. Улар диннинг ярми. Қолган ярми эса, бошқалар билан қандай муомала қилишингдадир.

Ҳаётда кўринмайдиган диндорлик ичи бўш диндорликдир.

Сени юмшоқ, сахий ва бировга зарари тегмайдиган бўлишингни таъминламаган иймон нуқсонли иймондир.

Тўғри, киши агар куфрда вафот этса бу ахлоқлар унга фойда бермайди. Аммо хулқсиз иймон ҳам оқсоқ иймондир.

Ушбу ибрат нақадар ўринли: «Диннинг барчаси хулқдир. Ким сендан хулқда ўзиб кетган бўлса, демак динда ўзиб кетибди!».

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди