Тафсир
«Албатта, бўҳтон қилган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўда кимсалардир. Уни ўзларингиз учун ёмон деб ўйламанг, у сизлар учун яхшидир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи орттирган гуноҳи бордир. Улардан (туҳматни) каттасини биринчи бошлаган кимса учун улкан жазо бордир. Сизлар туҳматни эшитганингизда, мўмин ва мўминалар ўзларидан бўлганлар ҳақида яхшиликни гумон қилиб: “Бу аниқ бўҳтон-ку!” десалар бўлмасмиди?!» (Нур сураси, 11–12-оятлар).
“Албатта, бўҳтон қилган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўда кимсалардир”. Эй мусулмонлар! Ойша розияллоҳу анҳога туҳмат қилган кимсалар бегоналар эмас, балки орангиздаги бир гуруҳ мусулмонлардир. Улар орасида (мунофиқ) Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам бор. Чунки у кўринишда иймонли деб ҳукм қилинган мусулмонлардан эди.
“(Эй туҳматдан азият чекканлар, сизлар) у (туҳмат)ни ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанг”. Дарҳақиқат, Ойша ва Сафвон розияллоҳу анҳумо ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр Сиддиқ ва унинг яқинлари туҳматдан қаттиқ азият чекишди, жуда мушкул аҳволда қолишди.
“...балки у сизлар учун яхшидир”. Туҳмат воқеаси уларга бир неча жиҳатдан яхши бўлди. Биринчидан, улар Аллоҳ таолонинг розилигини истаб, туҳматга сабр қилишгани учун улкан ажру савобга эга бўлишди.
Иккинчидан, бу бўҳтон ошкор этилмаганида, баъзи одамларнинг қалбида Ойша онамизга нисбатан ёмон гумон сақланиб қолган бўлар эди. Туҳмат ошкор этилгач, у гуруҳнинг ёлғони асрлар оша ёйилди.
Учинчидан, шу воқеа сабаб Ойша розияллоҳу анҳонинг ва туҳматдан азият чеккан бошқаларнинг покизалиги, шарафи, қадри баён этилган, туҳматчиларга лаънат ва азоб муқаррарлиги зикр этилган ўн саккизта ояти карима нозил бўлди.
Улардан ҳар бир киши учун ўзи орттирган гуноҳи (жазоси) бордир. Яъни, Ойша розияллоҳу анҳо онамизга туҳмат қилган ҳар бир кишига бўҳтонига яраша жазо бордир. Яъни, уларнинг азоби туҳматга қанчалик аралашганига кўрадир.
Улардан туҳматни биринчи бошлаган кимса учун эса улкан жазо бордир. Бу туҳмат-бўҳтонни мунофиқлар каттаси ибн Салул бошлади. Бошқалар унинг гапини гапириб юришди... Бу гапни ташиганлар жазосини олишди. Ибн Салулга эса улкан жазо – жаҳаннам оташи бор.
«Сизлар (туҳматни) эшитганингизда мўмин ва мўминалар ўзларидан бўлганлар ҳақида яхшиликни гумон қилиб: “Бу аниқ бўҳтон-ку!” десалар бўлмасмиди?!» Яъни, ҳар бир мўмин солиҳлиги ва иффатлиги билан танилган киши ҳақида бирор айблов ёки ёмон гап эшитганида, унга ишонмаслиги, аксинча, у ҳақда яхши ўйда бўлиши керак.
Ривоят қилинишича, Абу Айюб Ансорийнинг хотини: “Одамлар Ойша ҳақида нима дейишаётганини эшитдингизми?” деб сўради. У: “Ҳа эшитдим. Лекин у бўҳтон-ку! Сен шу ишни қилармидинг, эй Умму Айюб?” деди. Хотини: “Аллоҳга қасамки, йўқ”, деб жавоб берди. Шунда Абу Айюб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, Ойша сендан кўра яхши ва номуслидир”, деди. Умму Айюб: “Тўғри”, деди.
Ибн Зайд айтади: “Мўмин ўзининг онасига нисбатан, она эса боласига нисбатан фожирлик қилмайди. Ахир Ойша розияллоҳу анҳо мўминларинг онаси-ку!”
Абу Бакр Розий айтади: “Бу оят кўринишида парҳезкор бўлган шариат қайтарган нарсалардан тийилган киши ҳақида яхши ўйда бўлиш вожиблигига далолат қилади.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гуноҳ ишлари ошкор бўлмагунича, мусулмонлар адолатли, гувоҳлиги мақбул ҳисобланади. Биз (мўминлар ҳақида) яхши ўйда бўлишга буюрилганмиз”.
“Мафатиҳул ғойб”, “ат-Тасҳил ли ъулумит-танзил”,
“ал-Жамиъ ли аҳкамил Қуръан”, “Мадарикут-танзил”
асарлари асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Руҳий таскинлик – 1
Икки амал ҳар бир мўминга манфаат келтиради:
- ҳусни хулқ;
- кенг қалблик.
Икки амал мусулмоннинг даражасини баланд қилади:
- Тавозеъ;
- Муҳтожларга ёрдам бериш;
Икки амал бало-офатни даф қилади:
- Садақа;
- Силаи раҳм.
“Муфлис яъни банкрот одам ким?” деб сўрадилар. “Банкротлик 3 турга бўлинади”, дейилди.
Биринчиси, овчи ит каби. Қийналиб бир ҳайвонни овлайди-ю, лекин овлаган ўлжасини бошқаси илиб кетади.
Иккинчиси, бахил одам каби. Қанча тер тўкиб бойлиқ йиғади, аммо тўплаган барча мол-дунёси бошқалар учун қолади.
Учинчиси, ғийбатчи одам каби. Не машаққатлар билан хайрли ишлар қилади, бирок унинг савоби ғийбат қилган одамларига ўтиб кетади.
4 та қоидани ҳаётингиз учун асос қилиб олинг!
1. Одамларни рози қиламан деб ўзингизни ўзгартирманг!
2. Одамларнинг олқиши учун бошқа одамларга тақлид қилманг!
3. Омадсизлик сабабли ғамга ботманг!
4. Ютуқларингиз билан кибрга берилманг!
Энг афзал ризқ бу – мол-дунё эмас! Балки энг афзал ризқ бу – қалб хотиржамлиги, пок қалб, соғлом фикр ва ақл, она дуоси, ота ғамхўрлиги, фарзанд табассуми, сизни кўрмай қолишса излайдиган, унутсангиз ёдингизга соладиган, дуоларида унутмайдиган содиқ дўстлардир.
Солиҳ дўст юлдуз кабидир, агар йўлдан адашсангиз сизга тўғри йўлни кўрсатадилар, Қиёмат куни Аллоҳнинг Арши соясида сизни кутадилар чунки улар сизни фақат Аллоҳ таоло учун яхши кўрадилар.
Денгиздаги балиқ оғзини очмаса қармоққа илинмайди. Шундай экан, тилингни тишларинг ортида сақла! Билгинки, барча хатолар тилдандир. Ёмғир каби яхшиликлар олиб келувчи бўл!
Асло дунё мендан юз ўгирган дема! Эҳтимол, сен унга тескари тургандирсан.
Ибн Жузий айтадилар: “Ибодатнинг машаққати кетади, лекин савоби қолади. Гуноҳнинг ҳам лаззати кетади, аммо азоби қолади”.
Бир киши баланд бино ва қасрларни кўриб: “Аллоҳ таоло шунча бойликларни тақсимлаганда биз қаерда эдик?” деб дўстидан сўради. Дўсти уни шифохонага олиб борди-да: “Аллоҳ таоло шунча касалликларни тақдир қилганида биз қаерда эдик?” деди. Шундай экан ҳар бир ҳолатда ва вақтда Аллоҳга ҳамд айтинг!
Агар турмушнинг синов ва ташвишларидан чарчаган бўлсангиз, маҳзун бўлманг! Эҳтимол, Аллоҳ таоло Ўзига ёлвориб дуо қилишингизни истаётгандир. Табассум қилишингиз учун бахтни кутманг, балки бахтли бўлмагунингизча табассум қилишда давом этинг!
Ҳадеб хавотирга тушаверманг, ахир ҳар бир иш Аллоҳнинг изни ила бўладику?! Нега ҳали номаълум ишлар ҳақида бунча қайғурасиз, ахир ҳар бир нарса Аллоҳга маълумку!
Шундай экан, хотиржам бўлинг! Ҳафиз бўлган Аллоҳ таоло сизни кўриб турибди. Қалбингиздан: “Ҳар бир ишимни Аллоҳга топшираман” деб айтинг!
Биз қайси амалимиз сабабли Аллоҳнинг раҳмати билан Жаннатга киришимизни билмаймиз. Ўқиган намозимиз ёки қилган хайр-эҳсон, садақамиз сабаблими, сув улашганимиз ё бир мўминнинг ҳожатини осон қилганимиз, дуо ёки зикримиз сабаблими? Шундай экан, амал қилинг, бирор амалингизни кичик санаманг! Аллоҳ таолога холис тоат ва ибодат қилинг!
Даврон НУРМУҲАММАД