Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида саҳобалар у зотга мурожаат қилар ва билмаганларини сўраб олар эдилар.
У зотдан кейин кичик саҳобалар катта саҳобаларга мурожаат қилар ва билмаганларини сўраб олар эдилар. Улар ораларида ихтилоф содир бўлганда катта саҳобалар томонидан масалага ечим бериларди.
Тобеин ва табаа тобеинларда, яъни саҳобалардан кейинги даврларда Ислом аҳли етук уламоларга мурожаат қилар, билмаганларини улардан сўрашарди. Урва ибн Зубайр, Саид ибн Мусаййаб, Ато ибн Абу Рабоҳ, Муҳаммад ибн Сийрин, Ҳасан Басрий, Суфён Саврий, Абу Ҳанифа, Молик ибн Анас кабилар шулар жумласидан.
Демак, бугун ҳам бирор масалада ихтилоф пайдо бўлса, албатта, аҳли илмлар, юртимиз уламоларидан сўраш лозим. Аммо айрим ёшлар етук уламоларга эмас, балки устоз даражасига ҳам етмаган ёки илм ўқиса ҳам, ақидаси ўнгланмаган кимсаларга мурожаат этиб, алданиб қолишяпти.
Хавотирлиси, баъзи ғўр хотин-қизлар ҳам ўз юртларида асрлар давомида амал қилиб келинган мазҳабларни тарк этиб, мутаассиблик билан хориждаги “Содиқ Самарқандий”, “Абдуллоҳ Зуфар”, “Юсуф Даврон”, “Аҳлиддин Новқатий”, “Маҳмуд Абдулмўмин”, “Абу Муовия”, “Абу Салоҳ” каби номлар остига яширинган сохта даъватчиларга ишониб, ўз эътиқоди, жони, моли ва шаънини хатарга қўймоқдалар.
Бу нобакор кимсалар турли услублар билан аёлларни ҳам ўз домига тортишмоқда. Уларнинг аёллардан бўлган малайлари ҳам қизларни “овлашда” уста бўлиб кетишган. Ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтлари орқали дастлаб “Муаллими соний”дан дарс берамиз, деб қизларнинг ишончига киргач, ўзларининг рисолаларини ўқита бошлайдилар. Улар ғўр қизларни тузоққа илдиришда тап тортмай ёлғон гапиради, ғийбат-бўҳтонни қалаштиради, ҳатто сеҳр-жоду каби куфр амалларни қилишдан ҳам тоймайди. Ҳолбуки, “жиҳод” қиламан, деб хорижга боргач, бу қизларнинг аҳволи қандай аянчли бўлишини жуда яхши билишади.
Шундай экан, фарзанд тарбиясига, уларнинг юриш-туришига бефарқ бўлмайлик. Ким фарзандида салбий ўзгаришни сезса, шубҳали шахсларнинг маърузаларини тинглаётганига гувоҳ бўлса, фурсат борида расмий имом-домлалар олдига олиб бориб, ёш авлодга оқу қорани танитсин.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Рабби раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар» (Зумар сураси, 9-оят).
Аллоҳ таоло илм аҳлларини улуғлаб, даражаларини юксалтириб, билмаганларимизни биладиган олимлардан сўрашга буюрган.
Ихтилоф қилиш динимизга зарар келтиради, фитна уйғотади, бизни заифлаштиради, қалбларимизни хира қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Агар ихтилофларни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Дарҳақиқат, тўрт мазҳаб эгалари, аҳли сунна вал жамоа йўлидагилар жуда кўпчиликни ташкил этади. Демак, биз кўпчилик томонидамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватларига биноан тўғри йўлда бардавом бўлишни Яратган Раббимиз барчага насиб этсин!
Жобир ЭЛОВ,
Бухоро вилояти
бош имом-хатиби
Аллоҳ о‘з фазли билан кимни хоҳласа то‘г‘ри ё‘лга солади, кимни хоҳласа ма’сиятдан асрайди ва офиятда сақлайди. О‘з адолати билан кимни хохласа адаштиради, кимни хоҳласа ёрдамисиз қолдиради ва имтиҳон қилади.
Яралмишларнинг барчаси унинг хоҳишида, фазли ва адолати орасида айланиб туради. Бу гапдан билинадики, бандалар Аллоҳга аслаҳ (яхши) иш қилиш вожиб дейишга ҳақли эмаслар.
Балки Аллоҳ махлуқотлар борасида хоҳлаганича тасарруф қилади. Чунки олам уни мулкидир. Молик мулкида хоҳлаганича тасарруф қила олади.
Оли Имрон сураси 43-оятида: "Аллоҳ хоҳлаганини қилади", дейилади.
Моида сураси 1-оятида: "Аллоҳ хоҳлаганига ҳукм қилади", дейилган.
Бу ерда мўтазилийларнинг гапига раддия бор. Улар Аллоҳ бандаларига энг аслаҳ* (яхши) ишни қилишни вожиб дейдилар. Уларнинг со‘зларига ко‘п оятларда очиқ-ойдин раддиялар бор.
Наҳл сураси 93-оят: "У Зот кимни хоҳласа адаштирур, кимни хоҳласа ҳидоятга ё‘ллаб қо‘юр".
Бақара сураси 26-оят: "У о‘ша билан ко‘пларни залолатга солиб қо‘яди, ко‘пчиликни ҳидоятга солиб қо‘яди".
Юнус сураси 99-оят: "Агар Роббингиз хоҳласа, ер юзидаги кишиларнинг ҳаммаси иймонга келар эди".
Наҳл сураси 9-оят: "Агар хоҳласа, албатта, ҳаммангизни ҳидоят қилган бо‘ларди".
Агар аслаҳ (яхши) иш вожиб бо‘лганда, оламда ҳеч ким куфр келтирмас, осий бо‘лмас эди. Чунки куфр ва осийлик бандалар учун аслаҳ иш эмас. Агар кимга иймонни ирода қилса, о‘зининг фазли билан бо‘лади, бандалар ҳақли бо‘лганлиги учун эмас. Кимга куфрни ирода қилса, адли билан бо‘лади, золимлиги учун эмас.
Зулм- о‘зидан бошқани мулкида тасарруф қилишдир. Аллоҳ о‘зининг мулкини тасарруф қилади.
Анбиё сураси 23-оят: "У (Аллоҳ) қилганлари борасида со‘ралмас".
Аслаҳ ишларни вожиблиги Унинг қуйидаги со‘зи билан ботил бо‘лган:
Бақара сураси 105-оят: "(У) буюк фазл эгасидир".
Устида вожиб ҳақни бажариш фазл эмас. Шунингдек, унда Муҳсин, Мун’им, Мужмил (го‘зал суратда яратувчи) ва Маннон исмлари ботил бо‘лади. Чунки унга вожиб бо‘либ турган нарсани адо этишда ҳам эҳсон, фазл, миннат бо‘лмайди.
Аслаҳ иш - банданинг хизмат қилгани учун савоб бериш муқобилидаги хизмасиз савоб бериш, яхши ишнинг муқобилидаги унданда яхшироқ ишлар тушунилади. Мисол учун банда жаннатда бо‘лиши ёки ундаги олий мақомда бо‘лиши каби икки иш ко‘ндаланг келиб қолса, Аллоҳ таолонинг зиммасига "аслаҳ" иш вожиб бо‘лади-да, уни жаннатдаги олий мартабага ко‘тариши лозим бо‘лади.
Манба: Абу Ҳафс Сирожиддин Ғазнавийнинг "Шарҳу Ақийдатил имом ат-Таҳовий китоби".
Тайёрлади: 3-курс талабаси Рахмонова.Р