Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Ноябр, 2024   |   07 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:42
Қуёш
07:03
Пешин
12:12
Аср
15:29
Шом
17:13
Хуфтон
18:29
Bismillah
08 Ноябр, 2024, 07 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Ҳайвонлар нимадан яратилган?

21.08.2024   3402   2 min.
Ҳайвонлар нимадан яратилган?

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ барча жониворни сувдан яратди. Улардан қорни билан (судралиб) юрадиганлари ҳам, икки оёқда юрадиганлари ҳам, тўрт (оёқ)да юрадиганлари ҳам бордир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ барча нарсага қодирдир!» (Нур сураси, 45-оят). Ушбу оятда барча ҳайвонотнинг асли сув экани баён қилинган. Мазкур сувнинг тафсири ҳақида икки хил қавл бор: биринчиси, табиий сув, иккинчиси – нутфа. 

“Нутфа”нинг луғавий маъноси “томчи сув” бўлиб, истилоҳда эркаклик уруғи маъносида ишлатилади. Шунга кўра, баъзи уламолар наздида оятдаги “сув”дан нутфа ирода қилинган.

Биринчи қавл тарафдорлари фикрига кўра, Аллоҳ таоло дастлаб сувни, сувдан шамол, нур, олов ва тупроқни яратган. Нурдан фаришталарни, оловдан жинларни, тупроқдан Одамни халқ қилган. Ҳайвоноту набототни ҳам сувдан яратган: «Ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни (кўрмадиларми?)» (Анбиё сураси, 30-оят). Барча ҳайвонлар дастлаб денгизларда яратилган. Сўнгра уларнинг баъзилари қуруқликка чиққан ва замонлар ўтиши натижасида қуруқлик табиатига мослаша борган.

Иккинчи қавл тарафдорлари фикрига кўра, Аллоҳ таоло барча халойиқни эркаклик “сув”идан яратган. Фақат баъзилари, масалан, Исо алайҳиссалом Жаброил алайҳиссаломнинг Марям ёқасига пуфлаган нафасидан, меваларнинг қуртлари эса мевалардан яратилган.

Уламолар бу оят икки хил маънога далолат қилади деганлар:

1. Бу оятда Аллоҳ таолонинг илми ва қудрати чексиз экани баён қилинган. Чунки мазкур хилма-хил ҳайвонларнинг хусусиятлари ўзларининг аслий сифатлари эмас, балки оддий сувдан ақллар ҳайратда қоладиган ана шундай нарсаларни пайдо қилган Зотнинг илми ва қудрати чексизлигини намоён қилади;

2. Бу оятда башариятнинг ожизлиги баён қилинган. Яъни, бутун башариятнинг энг оқиллари Яратувчининг барча жониворларни қандай қилиб сувдан яратганини билиш учун жамлансалар ҳам, уни асло идрок қила олмайдилар. Чунки бу яратишда аслида сувнинг ҳам, яратилган нарсалардаги унсурларнинг ҳам бирор аҳамияти йўқ, балки буларнинг барчаси Буюк Яратувчининг иродасидир. Агар У Зот хоҳлаганида, уларни сувдан эмас, бошқа нарсадан ёки ҳеч бир нарсасиз яратиши ҳам мумкин эди.

Абдулқодир АБДУРРАҲИМ,

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси доценти,

 тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (РhD).

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бу уммат залолат ва ботил узра жам бўлмайди

4.11.2024   1187   1 min.
Бу уммат залолат ва ботил узра жам бўлмайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сиз мендан бирон нарса ҳақида: «Бу ҳақми ёки ботилми?» деб сўрасангиз, мен шахсий фикримдан келиб чиқиб жавоб бермайман. Бу масалада менинг шахсий фикримнинг ҳеч қандай қиймати йўқ!

Уммат шу ўн тўрт аср давомида қайси йўлни эътиборли санаб, унга суянган ва шу йўлда юриб келган? Ана шу йўл ҳақ йўлдир, чунки ҳадисда айтилганидек, бу уммат залолатда жам бўлмайди. Диннинг сақланиб келаётгани ҳам бу уммат юрган йўлнинг тўғри бўлишини тақозо этади. Бизнинг энг афзал уммат эканимиз ҳам ҳақлигимизга далолат қилади. Бу уммат аъзолари бу йўлдан якка-якка эмас, балки якдил бўлиб юрди, турли юртлардаги аксар уламолар барча замонларда шу йўлдан юришга иттифоқ қилиб келишди. Демак, ҳақ йўл фақат шудир.

Демак, юрадиган йўлимиздаги, илмни ўрганиш ва ўргатишдаги асосимиз тарихда бутун умматнинг юрган йўли, ижмоъси ва манҳажи бўлиши керак, чунки бу уммат залолат ва ботил узра жам бўлмайди. Биз айтмоқчи бўлган қоида мана шу эди. Бу борадаги далиллар ҳақида, ижмоънинг ҳужжатлиги ҳақида кўпроқ маълумот олишни истаганлар фиқҳ китобларига мурожаат қилишлари мумкин.

Профессор, шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Мақолалар