Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Ноябр, 2024   |   13 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:48
Қуёш
07:10
Пешин
12:13
Аср
15:23
Шом
17:07
Хуфтон
18:24
Bismillah
14 Ноябр, 2024, 13 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Нафс тарбияси инсонни саодатга етаклайди!

21.08.2024   3478   4 min.
Нафс тарбияси инсонни саодатга етаклайди!

Маълумки, динимизда инсонни саодатга етиштиришнинг кўплаб кўрсатмалари мавжуд. Шундай амаллардан бири – бу ўз нафсини поклашидир. Инсон қалбининг хасталиги ва унинг сабабларидан ўта зийраклик билан огоҳ бўлишга муҳтож. Нафсни ҳар хил ёмон йўлларга кириб кетишдан асраб, эртанги кунга нима ҳозирлаб қўяётганига эътибор қилган инсон чин бахт эгаси ҳисобланади. Нафсини тарбия қилмас экан, оқибати аянчли бўлади.

Тарихга назар соладиган бўлсак, ўтган олима-авлиёларимизнинг барчаси доимо нафсини тергаб турган. Ҳаммаси яхшиликларнинг асоси – нафс тарбияси, ёмонликларники – унга тобе бўлиш эканини таъкидлаган.

Нафс мавзуси ҳамиша долзарб мавзулардан бўлиб, унинг тўғрисида кўплаб рисолалар, ҳикматли сўзлар битилган.

Нафс тарбияси борасида Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди” (“Шамс” сураси, 9-оят). Демак, тақво билан ҳаёт кечирган киши саодатга эришар экан.

Нафсни тақво ила тарбия қилиш ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилади.

 Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим, нафсимга тақвосини бер, Сен унинг эгаси ва мавлосисан, уни поклайдиганларнинг энг яхшисисан”, дер эдилар” (Имом Табароний ривояти).

Нафсни душманларнинг ичида кўринмас душманга ўхшатиш мумкин. Бу хусусда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан бундай ҳадис келтирилади: “Душманларнинг ичида энг ашаддий ички душман – ўз нафсингдир”. Инсон тафаккур қиладиган бўлса, сиртдан келаётган душманни кўриши ва унга қарши тайёргарлик кўриши мумкин.  Лекин ичидаги душманини енгиши анча мушкул. Чунки у инсоннинг ҳамма сир-асроридан хабардор бўлади. Инсонни ёмон ишларга ундайди, гуноҳга тарғиб этади. Шу сабабли ҳар ким ўз нафсини тафтиш қилиб, уни кузатишдан ҳаргиз бепорво бўлмаслиги керак. Инсон ҳаёт экан, нафс билан бўлган савол-жавоблар ва баъзан ғалаёнлар сира ҳам тўхтамайди. Нафс тинимсиз тарбияга мухтож, бироз бўш қўйса, дарҳол ишратга мойил қилади. Нафс туфайли одам боласи кайфу сафога, ёмон хаёлларга ғарқ бўлади. Зеро, инсоннинг ўз вужудини идора қилувчи бир бошқарувга эҳтиёжи бордир. Нафс инсоннинг шу эҳтиёжини қондиради.

Нафс инсонга душман экани тўғрисида Суфён Саврий бундай деди: “Ўзимга нафсимдан кўра ашаддийроқ душманни кўрмадим”. Абу Аббос Мусилий нафсига қарата дерди: “Эй нафс, неъматларга бурканган бойваччалар билан бўлиб, дунёдан нима топдинг? Охират ғамида обидлар билан ибодатлар қилдинг, яна нега норозисан? Мен сен билан гўё жаннат ва дўзах орасида тутқундайман. Эй нафс, қачон фурсатни ғанимат биласан?” Демак, нафсини жиловлай олмаганлар бу дунёга алданиб қолар, қимматли вақтини беҳуда нарсаларга сарф этган бўлар экан.

Ҳақиқатан сабр билан тарбия қилинмаган нафс инсонни ҳар кўйга солади. Нафс тинмасдан инсонни айшу-ишратга, мол-дунёга, шариат ҳаром қилган нарсалар истеъмоли ва ҳоказога тарғиб этади. Буларни фақат сабр ва кучли ирода ила бартараф қилиш мумкин.

Нафс тарбиясидан умиди бор инсон, аввало, каттаю кичик гуноҳлардан ўзини асраши, савобли амалларни кўпайтириши лозим. Зеро, шайтон унинг очиқ душманидир. У нафсга қул бўлиб, гуноҳ ишларга ундайди. Инсон тоатда танбаллик қилса, оқибат гумроҳлик бўлади. Шу боис ҳар ким ўз ички душмани билан доимо ҳисоблашиб туриши керак. Инсоннинг ўзи англаб етиши мушкул бўлган бир қанча душманлари бўлиб, улар дунё, шайтон ва нафсдир. Тақво билан дунёдан эҳтиёт бўлинади.

Яратган барчамиз н и одобда гўзал хулқда айласин.


Кенжабек Солиев, 
Чуст тумани "Ғойиб  эронлар" жоме  
масжиди и мом хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мулойимлик

8.11.2024   2289   1 min.
Мулойимлик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулойимлик – ғазабга мағлуб бўлмаслик, дағал сўз айтиш ва қўпол муомала қилишдан сақланишдир. Банда бировнинг фикрига қарши эканини қўполлик ва қўрслик қилмасдан ҳам билдириши ёки хайрихоҳлик, тавозе ва меҳрибонлик кўрсатган ҳолда эътироз қилиши ҳам мумкин.

Агар бирор ёш боланинг тарбияси учун унга ғазаб қилиш зарур бўлса ҳам фақат керакли миқдорда ва меъёрда бўлсин.

Шунингдек, ҳар мавзуда одамлар билан тортишиш, баҳс қилиш ва жанжаллашишдан сақлансин ва улар билан имкон қадар яхши гумонда бўлиб муомала қилсин. Ким биландир олди-сотди ва бошқа муомала қилишга тўғри келса, нарх-наво ва келишувларда айтганида қайсарлик билан туриб олмасин. Агар иш маъқул келса, қабул қилсин, бўлмаса, тарк этсин. Лекин бошқаларни ўзининг гапини тан олишга мажбур қилмасин.

رَحِمَ اللَّهُ رَجُلاً سَمْحًا إِذَا بَاعَ وَإِذَا اشْتَرَى وَإِذَا اقْتَضَى

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сотганда, сотиб олганда ва қарзини талаб қилганда олийжаноблик кўрсатган кишига Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

مَنْ أَنْظَرَ مُعْسِرًا أَوْ وَضَعَ لَهُ أَظَلَّهُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ تَحْتَ ظِلَّ عَرْشِهِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким камбағалга муҳлат берса ёки қарзини кечса, соя бўлмаган Қиёмат кунида Аллоҳ уни Ўз арши соясида соялантиради», дедилар (Имом Муслим ривояти).

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан

Мақолалар