Маълумки, динимизда инсонни саодатга етиштиришнинг кўплаб кўрсатмалари мавжуд. Шундай амаллардан бири – бу ўз нафсини поклашидир. Инсон қалбининг хасталиги ва унинг сабабларидан ўта зийраклик билан огоҳ бўлишга муҳтож. Нафсни ҳар хил ёмон йўлларга кириб кетишдан асраб, эртанги кунга нима ҳозирлаб қўяётганига эътибор қилган инсон чин бахт эгаси ҳисобланади. Нафсини тарбия қилмас экан, оқибати аянчли бўлади.
Тарихга назар соладиган бўлсак, ўтган олима-авлиёларимизнинг барчаси доимо нафсини тергаб турган. Ҳаммаси яхшиликларнинг асоси – нафс тарбияси, ёмонликларники – унга тобе бўлиш эканини таъкидлаган.
Нафс мавзуси ҳамиша долзарб мавзулардан бўлиб, унинг тўғрисида кўплаб рисолалар, ҳикматли сўзлар битилган.
Нафс тарбияси борасида Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди” (“Шамс” сураси, 9-оят). Демак, тақво билан ҳаёт кечирган киши саодатга эришар экан.
Нафсни тақво ила тарбия қилиш ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим, нафсимга тақвосини бер, Сен унинг эгаси ва мавлосисан, уни поклайдиганларнинг энг яхшисисан”, дер эдилар” (Имом Табароний ривояти).
Нафсни душманларнинг ичида кўринмас душманга ўхшатиш мумкин. Бу хусусда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан бундай ҳадис келтирилади: “Душманларнинг ичида энг ашаддий ички душман – ўз нафсингдир”. Инсон тафаккур қиладиган бўлса, сиртдан келаётган душманни кўриши ва унга қарши тайёргарлик кўриши мумкин. Лекин ичидаги душманини енгиши анча мушкул. Чунки у инсоннинг ҳамма сир-асроридан хабардор бўлади. Инсонни ёмон ишларга ундайди, гуноҳга тарғиб этади. Шу сабабли ҳар ким ўз нафсини тафтиш қилиб, уни кузатишдан ҳаргиз бепорво бўлмаслиги керак. Инсон ҳаёт экан, нафс билан бўлган савол-жавоблар ва баъзан ғалаёнлар сира ҳам тўхтамайди. Нафс тинимсиз тарбияга мухтож, бироз бўш қўйса, дарҳол ишратга мойил қилади. Нафс туфайли одам боласи кайфу сафога, ёмон хаёлларга ғарқ бўлади. Зеро, инсоннинг ўз вужудини идора қилувчи бир бошқарувга эҳтиёжи бордир. Нафс инсоннинг шу эҳтиёжини қондиради.
Нафс инсонга душман экани тўғрисида Суфён Саврий бундай деди: “Ўзимга нафсимдан кўра ашаддийроқ душманни кўрмадим”. Абу Аббос Мусилий нафсига қарата дерди: “Эй нафс, неъматларга бурканган бойваччалар билан бўлиб, дунёдан нима топдинг? Охират ғамида обидлар билан ибодатлар қилдинг, яна нега норозисан? Мен сен билан гўё жаннат ва дўзах орасида тутқундайман. Эй нафс, қачон фурсатни ғанимат биласан?” Демак, нафсини жиловлай олмаганлар бу дунёга алданиб қолар, қимматли вақтини беҳуда нарсаларга сарф этган бўлар экан.
Ҳақиқатан сабр билан тарбия қилинмаган нафс инсонни ҳар кўйга солади. Нафс тинмасдан инсонни айшу-ишратга, мол-дунёга, шариат ҳаром қилган нарсалар истеъмоли ва ҳоказога тарғиб этади. Буларни фақат сабр ва кучли ирода ила бартараф қилиш мумкин.
Нафс тарбиясидан умиди бор инсон, аввало, каттаю кичик гуноҳлардан ўзини асраши, савобли амалларни кўпайтириши лозим. Зеро, шайтон унинг очиқ душманидир. У нафсга қул бўлиб, гуноҳ ишларга ундайди. Инсон тоатда танбаллик қилса, оқибат гумроҳлик бўлади. Шу боис ҳар ким ўз ички душмани билан доимо ҳисоблашиб туриши керак. Инсоннинг ўзи англаб етиши мушкул бўлган бир қанча душманлари бўлиб, улар дунё, шайтон ва нафсдир. Тақво билан дунёдан эҳтиёт бўлинади.
Яратган барчамиз н и одобда гўзал хулқда айласин.
Кенжабек Солиев,
Чуст тумани "Ғойиб эронлар" жоме
масжиди и мом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сўнгги пайтларда қулоғимизга «Фалончининг қизи қайтиб келибди», «Пистончининг турмуши бўлмабди» каби гаплар тез-тез чалинадиган бўлиб қолди. Авваллари маҳалла-кўйда бузилган оилалар деярли учрамаган, «Қайтиб келибди» деган гап ор-номус масаласи деб қаралган бўлса, бугунги кунда ажрашиш оддий ҳолатга айланди.
Масаланинг ачинарли жиҳати эса бундай ажралишларга арзимас нарсаларнинг рўкач қилиниши, «бу нарсани кам қилибди, у нарсанинг сифатсизини олибди» каби важ-баҳоналар билан ҳою ҳавас йўлида ёш келин-куёвнинг ўртасига совуқчилик солиниши сабаб бўлиб қолаётганидир.
Аллоҳ таоло инсон зотини жуфт – эркак ва аёлдан иборат қилиб яратганда уларнинг ҳар бирига ўзига хос хусусиятларни берди ва уларнинг никоҳ орқали ҳалол-пок яшаб, ўзларидан зурриётлар қолдиришларини ҳамда айни шу йўл билан дунёнинг обод бўлишини, одам сулоласини Қиёмат қоим бўлгунча ҳалол-пок йўл билан давом этиб боришини ирода қилди. Шунинг учун ҳам Ўзининг барча анбиёларига, авлиёларига ва солиҳ бандаларига никоҳли ҳаётни раво кўрди. Ўзининг барча самовий динида никоҳни жорий қилди. Ўша динлари орқали инсониятга, ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги каби никоҳ ва оила борасидаги саодатга элтувчи кўрсатмаларини тақдим қилиб борди.
Аслида оила қуриш кимлардир ўйлаганидек, шунчаки ўзаро икки жинс вакилининг яқин муносабатга киришиши эмас. Бир-бирига бегона эркак ва аёлнинг ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан боғланиши ўзига хос бир ибодатдир. Жумҳур уламолари никоҳни ибодат деганлар. Улар: «Аллоҳ ва Унинг Расули алайҳиссалом амр қилган иш ибодат бўлади, никоҳ айни шундай ишлардандир», дейишган. «Никоҳ ибодатдир» деб ҳукм чиқарган мужтаҳидларнинг пешволари Имом Аъзам Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи бўладилар. Албатта, бу гапни айтган азизларимизнинг далиллари бор.
Шу тарзда Аллоҳ таоло инсониятни аста-секин тарбиялаб келди ва ниҳоят инсоният камолга етганда Ўзининг охирги ва мукаммал дини, Қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замон ва маконда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини – Ислом орқали оилавий ҳаётнинг мукаммал таълимотларини жорий қилди. Ушбу таълимотларга ихлос билан амал қилганлар оилавий бахт нашидасини суриб келдилар ва келмоқдалар.
Дунёдаги ажримлар сонини ўрганадиган бўлсак, даҳшатга тушмасликнинг иложи йўқ. Статистик маълумотлар Америка Қўшма Штатларидаги ва Британиядаги никоҳларнинг тахминан 42 фоизи бузилишини кўрсатади. Бу кўрсаткич Россиядагидан бир оз яхшироқ бўлса-да, барибир жуда ачинарли. Россияда ҳар 10 никоҳга 7 та ажралиш тўғри келади.
Соф табиатли одамни даҳшатга соладиган бунга ўхшаш маълумот ва ҳисоботларни истаганча келтириш мумкин. Лекин биз ҳозирги замонда бизга яқин шароитдаги ҳолатларда АҚШ, Буюк Британия ва Россияга тегишли хабарлардан денгиздан бир томчисини келтирдик, холос. Тасаввур ҳосил қилиш ва хулоса чиқариш учун шунинг ўзи ҳам кифоя қилади.
Бу борада юртимиздаги аҳвол ҳам мақтанарли эмас. 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида бир йил мобайнида умумий ҳисобда 283 минг 800 та никоҳ қайд этилган. 49 минг 200 та жуфтликнинг расмий никоҳи эса бекор қилинган. Бу эса мамлакатда кейинги йилларда ажралишлар сони сезиларли кўпайганини англатади. Таққослаш учун: 2021 йилда 39,3 минг оила ажрашган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 48,7 мингни ташкил этган. Авваллари ажрим бўйича ариза топширганларни асосан ёш оилалар ташкил этган бўлса, бугунги кунда ўрта ёшдаги оилалар ҳам етарлича. Масаланинг оғриқли жиҳати бу борада қуда-анда қилган, неварали оилаларнинг ҳам борлигидир.
Маълумки, оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, охир-оқибат у чуқур таназзулга юз тутади.
Шунинг учун ҳам қадимдан ҳар бир жамият оила масаласига катта эътибор бериб, оилаларнинг мустаҳкам ва бахтиёр бўлиши учун имконида бор бўлган барча чора ва тадбирларни кўриб келган. Зотан, соф инсоний табиат худди шундай бўлишини тақозо қилади. Албатта, динимизда ҳар икки томоннинг муносабатлари ислоҳ қилиб бўлмайдиган даражага келиб қолса, ўзаро чиройли шаклда ажрашишга рухсат бор. Талоқ бу охирги чора. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол – талоқдир», дейдилар (Абу Довуд ва Ҳоким ривояти).
Талоқ сўзи шунчалик Аллоҳга ёқимсизки, бу сўздан ҳаттоки, Аллоҳнинг Арши ларзага келади, дейилган. Болаларни етим қолдириш, кўнгилларни вайрон қилиш, ўзаро муносабатларни узишдан аввал яхшилаб ўйланг. Аллоҳнинг арши титрашига йўл қўйманг!
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон