Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2024   |   02 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:24
Пешин
12:16
Аср
16:13
Шом
18:01
Хуфтон
19:14
Bismillah
05 Октябр, 2024, 02 Рабиъус сони, 1446
Мақолалар

Ҳожилар хонадонларда учрашувлар ўтказиб, кам таъминланганларга ёрдам кўрсатмоқда

21.08.2024   3600   5 min.
Ҳожилар хонадонларда учрашувлар ўтказиб, кам таъминланганларга ёрдам кўрсатмоқда

Тарғиботчи ҳожиларимиз шу кунга қадар жами 1800 нафар хонадонларга ташриф ташкил қилдилар ва 3200 нафардан зиёд фуқаролар билан маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказиб, 2200 дан зиёд кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ўзликни англаш, ўз қадр-қимматини билиш, миллий урф-одатларни сақлаш, дунёвий ва диний илмларга меҳр билан қараш, ўзига хос гўзал ҳолда амалга оширилмоқда. Бунга ҳаётий далил сифатида мамлакатимиздан ҳар йили муқаддас ҳаж сафарига минглаб хожиларнинг бориб келишлари қувонарли ҳол эканлигини эътироф этишдир.

Ҳаж ибодати намоз, рўза, закот каби Исломнинг асосий рукнларидан бири  бўлиб, Аллоҳ  таоло  қодир  бўлган  мусулмонларга  фарз  қилган. Аллоҳ  таолога  беҳад  шукрлар бўлсинки, ҳар йили ер юзидаги миллионлаб  мусулмонлар  қатори  ватанимиздан  ҳам  минглаб фуқароларимиз бу жисмоний,  молиявий  ва  маънавий ибодатни адо этиб қайтишмоқда. Бу муборак ибодатнинг ажри ва даражаси ҳам улуғдир. Бу ҳақда Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дeдилap: “Арафа куни Aллoҳ осмонга тушади ва улар (ҳожилар) ила фapиштaлapгa мaқтaниб: “Бaндaлapимгa қapaнглap! Typли жoйлapдaн ўзларини xop тутиб ҳyзypимгa кeлдилap. Cизлap гувоҳ бўлинглap, мeн yлapнинг гyнoҳлapини кeчдим”, дeйди”.

Абу  Ҳурайра  розияллоҳу  анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: "Ким  Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу-фасод  қилмаса, ҳудди  онаси  туққан  кунидек (бегуноҳ бўлиб) қайтади”.

Жорий йил 5 июнь куни Президентимизнинг Саудия Арабистонида бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан ҳаж мавсуми жараёнлари, Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларга яратилган шароитлар ва ҳамюртларимиз кайфияти тўғрисида ўтказган телефон орқали суҳбати юртимиз мусулмонлари томонидан тарихий воқеа сифатида баҳоланди. Бундан барча зиёратчи шодланди. Давлатимиз раҳбари юртдошларимизнинг муқаддас ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, соғ-омон келишларини тилаб, Ўзбекистонга қайтгач, ҳожилар жамиятдаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлишларига умид билдирди.

Давлат раҳбари томонидан кўрсатилган эътибордан руҳланган ҳожилар Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигида эзгу ташаббус лойиҳасини ишлаб чиқди. Унга кўра ўзбекистонлик ҳожилар юртга қайтганларидан кейин “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида фаолиятни йўлга қўйишни мақсад қилишган эди.

Аллоҳ насиб қилиб, Ҳаж ва Умра зиёратларини адо қилиб қайтган одам ўзининг чиройли ҳулқи, камтаринлиги ва илми билан бошқаларга ибрат бўлиши, исрофгарчилик ва мақтанчоқликдан тийилиши, ножўя қадам босишга мойил ёшларни ўзларининг қимматли маслаҳатлари билан тўғри йўлга бошлаши керак.

2024 йил Самарқанд вилоятидан жами 950 нафар киши ҳаж амалини адо этиб қайтди. Уларга тажрибали 18 нафар имом хатиблар ҳамроҳлик қилди. Ҳожиларимиз муборак заминда Ҳақ таолонинг фарзи – Ҳаж амалини чиройли адо этиб, соғу саломат ўз юртига етиб келдилар. Эндиликда ҳожилик бахтига муяссар бўлган ҳамюртларимизнинг вазифалари жамиятда барчага ўрнак бўлиб, ёшларни илм-маърифатга чақириш, аҳолини эзгу ишларга бошлаш, ёмонликдан қайтариш, маҳаллаларда маънавий ишлар самарадорлигига эришиш учун ҳиссаларини қўшиш ва кам таъминланган кишиларга ёрдам кўрсатиш ишларида етакчилик қилишдан иборат бўлади. Бу хайрли ишларни ҳожиларимиз имом-хатиблар ҳамкорлигида маҳаллаларда бошлаб юборганлар. Улар атроф маҳаллалларда адашганлар бўлмаслигига эришиш, жамиятда аҳил-иноқликни мустаҳкамлаш, оилалар тотувлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш каби эзгулик ишларни амалга оширмоқдалар.

Шунингдек, ушбу тадбирлар давомида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, узоқ муддатга хорижга ишлаш учун кетган фуқароларнинг оила аъзолари ва бориб келган фуқаролар, муаммоли ва ажрим ёқасидаги оилаларни ислоҳ қилиш учун улар билан учрашувлар ўтказилиб, маърифий суҳбатлар ташкил қилинмоқда.

Агар рақамларга эътибор қаратсак, тарғиботчиларимиз шу кунга қадар жами 1800 нафар хонадонларга ташриф ташкил қилдилар ва 3200 нафардан зиёд фуқаролар билан маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказиб, 2200 дан зиёд кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Ёши улуғларнинг панду-насихатлари ҳамма замонда ёш авлод учун дастурул амал бўлиб келган. Айниқса, ибодатли, савобли амалларни кўп бажарадиган, фазилатли кишиларнинг айтган агплари таъсирчан бўлади. Ҳаж ибодатини адо этиб, гуноҳлардан фориғ бўлиб қайтган кишилар ҳам шулар жумласидандир. Ҳожиларимиз панду насиҳат, тўғрликка давъат ва хайру саховат ишларида бардавом бўлиб, жамиятда аҳил-иноқликни мустаҳкамлаш, фаровонлик йўлида ўз сайъ ҳаракатларини аямайди деган умиддамиз.

Аллоҳ таоло Ватанимизда тинчлик ва осойишталик, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни, халқимиз ҳаётини янада эркин, обод ва фаровон бўлишини насиб айласин!   

Ёқубжон домла Мансуров

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бузғунчи оқимларга қарши Мотуридий ақидаси

27.09.2024   5307   5 min.
Бузғунчи оқимларга қарши Мотуридий ақидаси

Маълумки, дунёдаги мусулмонларнинг аксарияти, жумладан, Ўрта Осиё мусулмонлари ва бизнинг юртдошлар ҳам Қуръон ва ҳадисдаги ақидавий масалаларни тушунишда Аҳли сунна вал жамоанинг Мотуридий ақидасига амал қилиб келмоқда.

 

Имом Мотуридий Аҳли сунна вал жамоа ақидасини шарҳлаш ва ёритиб беришда муҳим роль ўйнаган атоқли исломий шахсиятлардан бири ҳисобланади.

 

Имом Мотуридий номи билан машҳур бўлган бу улуғ алломанинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорийдир.

 

Имом Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақийдавий фирқалар ўзаро тортишиб турган бир пайтда яшаб, илм-маърифатли бўлдилар.

 

Имом Мотуридий тафсир, ақида ва фиқҳ фанларига оид бир қанча китоблар ёзиб, улкан илмий мерос қолдирган.

 

Ислом тарихидан маълумки, 3-4 ҳижрий асрлардан турли эътиқодий тоифалар ривожланиб, ботил ақидавий фирқалар мусулмон умматини тафриқага сола бошлади. “Сен кофирсан”, “сен мунофиқсан” қабилидаги даъволар кўпайган ўша даврда Имом Мотуридий бизнинг диёрларда етишиб чиқиб саҳобалар, тобеъинлар ва замондошлари: таба тобеъинларнинг соғлом ақидаларини жамлаб, шарҳладилар ва Аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилиб, керакли ўринларда раддиялар бердилар, адашганларни тўғри йўлга қайтардилар. 

 

Кейинчалик у кишига эргашганлар Мотуридия ақидавий йўналиши деб атала бошлади. Баъзи жоҳил тоифалар даъво қилгани каби Имом Мотуридий янги дин ёки янги ақида олиб келмаганлар. Балки турли фирқалар томонидан Аҳли сунна вал жамоа ақидасини бузиб талқин қилиш бошланганда Пайғамбаримиз ва саҳобаи киромлар тутган йўл қайси экани шарҳлаб билдирилган. Шу тариқа Мотуридий ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу  Ҳанифанинг таълимотига суянган ҳолда, ўзига хос калом мактабини яратди.

 

Аҳамиятли жиҳати, Мотуридия ақидаси Қуръон, ҳадис ва ақл-идрок, мантиқ ва ҳақиқатга яқин экани билан бошқа таълимотлардан ажралиб туради. Имом Мотуридий ўз таълимотида Исломда ўта муҳим бўлган бағрикенглик, мўътадиллик ва инсонийликни тарғиб қилади.

 

Шуни таъкидлаш жоизки, Мотуридия ақидаси асослари  Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг асл ўзаги экани барча олимлар томонидан бирдек эътироф этилган.

 

Ислом оламидаги юксак хизматлари учун Имом Мотуридийга мусулмонлар томонидан олий унвонлар берилган. Жумладан, ўрта асрларда турли фирқа ва тоифалар ўзларининг бузғунчилик ҳаракатлари билан аҳли сунна вал жамоа мазҳабига таҳдид солганида унинг ҳимоясига тургани учун “Мусаҳҳиҳу ақийдата аҳлис-сунна”, яъни “Аҳли сунна ақидасини тўғриловчи” унвон берилган.

 

Бундан ташқари, Мотуридийни улуғлаб “Имом ал-ҳуда” (Ҳидоят йўли имоми) ва “Имом ал-мутакаллимин” (Мутакаллимлар имоми) каби номлар билан ҳам атаганлар.

 

Дарҳақиқат, Имом Мотуридий нафақат Марказий Осиёда, балки бутун Ислом оламида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган диний арбоблардан ҳисобланади.

 

Имом Мотуридийнинг ислом умматига қилган энг катта хизмати, Ислом умматини яна қайтадан жамлаш, Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди атрофида бирлаштириш бўлди. Бугунги кунимизда ҳам ўтмишдаги каби ислом умматида бўлиниш, фирқаланиш, ўзгани куфр ва нифоқда айблаш борган сари кўпайиб бормоқда.

 

Баъзи бир адашган оқимлар томонидан қўштирноқ ичидаги “фатволар” инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда.

 

Бугун биз ҳам ўтмиш мужтаҳид зотларнинг илмий меросини чуқур ўрганишимиз ҳамда унинг инсонпарварлик ғояларини кенг мусулмонлар оммасига тарғиб этишимиз, униб, ўсиб келаётган ёшларимиз тафаккурини ақоид масаласида Имом Мотуридий каби улуғ алломаларимиз маънавий мероси негизида тўғри шакллантириш лозим.

 

Бинобарин, Имом Мотуридий илмий мероси бугунги кун учун ҳам катта амалий аҳамият касб этиб, ақидавий адашган баъзи бузғунчи гуруҳларни фош этишда муносиб ҳиссасини қўшиши, шубҳасиз.

 

Ўткирбек СОБИРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бош мутахассиси

 

“Шарҳу ақоиди Насафия” асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда

унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича лойиҳа аъзоси

МАҚОЛА