Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446
Янгиликлар

Қуръони карим номлари: “Ҳаблуллоҳ”

22.08.2024   3189   3 min.
Қуръони карим номлари: “Ҳаблуллоҳ”

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...» (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Оятдаги “арқон”сўзини Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо ва бошқа муфассирлар “дин”, “шариат”, “Қуръон”, “суннат йўли ва ҳидоят”, “жамоат”, “умматнинг ижмоси ва далиллари”, деб тафсир қилишган.

Албатта, ушбу “арқон”нинг Қуръон экани ҳадиси шарифларда ҳам келган. Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У (Қуръон) Аллоҳнинг метин арқонидир”, деганлар.

Имом Табарийнинг ривоятида: “Аллоҳнинг Китоби осмондан Ергача чўзилган Аллоҳнинг арқонидир”, дейилган.

Бошқа ривоятларда: “Албатта, ушбу Қуръон Аллоҳнинг метин арқони бўлиб, унинг бир тарафи Аллоҳнинг, бир тарафи сизларнинг қўлингизда. Агар уни маҳкам тутсаларингиз, ҳаргиз адашмайсизлар ва ҳалок бўлмайсизлар”, дейилган.

Имом Табарий “арқон”нинг маъноси ҳақида бундай деган: «У исталган нарса ва эҳтиёжни қондиришга олиб борадиган сабабдир. Шунинг учун омонлик ҳам “ҳабл” (арқон) деб аталди. Чунки у хавфни кетказувчи, хавотиру қўрқувлардан нажот берувчи сабабдир. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзида акс этган: “Аллоҳ ва (мусулмон) одамлар ҳимоясига олинмаган тақдирда, (улар) қаерда бўлишларидан қатъи назар, хорликка маҳкумдирлар” (Оли Имрон сураси, 112-оят).

Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «“Ҳабл” (арқон) боғланиш сабабидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига эътибор беринг: “Албатта, ушбу Қуръон Аллоҳнинг метин арқони бўлиб, бир тарафи Аллоҳнинг, бошқа тарафи сизларнинг қўлингизда, бас, уни маҳкам тутингиз”. Аҳд – икки кишини орасида ваъдадек қўйилган сабаб юзасидандир. Фақат унинг ваъдадан фарқи шуки, ваъда ўз мазмунида катта нарсаларни лозим қиладиган масъулиятдан гапирмайди, аҳднинг ичида эса буйруқ, қайтариқ ва бандалик баёнидан иборат Аллоҳ таолонинг тавсиялари бор».

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳабл бу – аҳд. У Зот Қуръонда келган аҳдларни тутиш, унга вафо қилиш ва уларни сақлашга буюриб, ўтган умматлар каби ихтилофга бориб, фирқаларга бўлиниб кетишдан қайтармоқда”.

Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Баъзи ҳукамолар: “Албатта, дунёда яшаётган одамнинг мисоли, худди қудуққа тушиб кетган киши кабидир. Агар ундан чиқмаса, ўша ерда ҳалок бўлади. Дунё ҳам меҳнату машаққат майдони, унда ҳам ҳалок қилувчи турли офатлар бор. Қудуқдан чиқиш учун бир арқон керак бўлганидек, дунёда нажот топиш учун ҳам бир арқон лозим. Ўша арқон – Аллоҳ таолонинг Китоби”, дейишган». 

 

Жўрабек ЧЎТМАТОВ,

Имом Термизий халқаро

илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Бошқа мақолалар

Қайғуларингизни кичик хурсандчиликлар билан қувинг!

30.09.2024   2395   2 min.
Қайғуларингизни кичик хурсандчиликлар билан қувинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларига сурур бахш этадиган, жонларига оро кирадиган амалларни, ғам-ташвишлар қуюндек ёпирилганда қайғуларини аритиш учун талпинадиган бир қанча амалларни айтганлар. Бу эса у зотнинг биз умматларига улкан ҳадяларидан биридир.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Бу дунёда менга жуфти ҳалолларим ва ёқимли ифорлар маҳбуб қилинди. Кўзимнинг қувончи эса намоз бўлди».

Ушбу набавий ҳадисни яхшилаб мулоҳаза қиладиган бўлсак, қисқагина бўлса ҳам, унда қайғуларни муолажа қиладиган улкан, нафис қоидалар, бахтли ҳаёт учун гўзал намуналар мужассам.

Буни сизга қуйида баён қилиб бераман:

Биринчидан, юқоридаги ҳадисни эшитганингизда хаёлингиздан нималар ўтди? Балки «Ҳадисда айтилган уч нарса бу дунёда Расулуллоҳга маъқул бўлган экан. Хўш, мен-чи? Бу дунёда мен нималарни ёқтираман, нима қилганимда роҳатланаман?» деган ўринли савол туғилгандир?

Мана, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бу дунёда ёқтирган нарсаларини санаб, айтиб бердилар. Келинг, биз ҳам Расулуллоҳга уммат ўлароқ эргашиб, ўзимиз учун бу дунёда маҳбуб бўлган, ҳалол бўлган, бажарганда завқ туядиган ишларни қалбимиз тубидан қидириб, уларни аниқлаб олайлик!

Иккинчидан, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёқтирадиган уч нарса ҳақида озгина тафаккур қилсак, бу уч нарса уч жиҳатни ўз ичига олишини кўрамиз. Масалан, хушбўйлик моддий нарсаларни ифодаласа, аёллар ижтимоий ва шахсий ҳаётни тасвирлайди, намоз эса ибодат жумласидан.

Учинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ёқтирадиган, қалблари таскин топадиган нарсаларни билардилар. Шунинг учун қийинчилик ва мусибат вақтида қайғуларини енгиллатиш учун шулар томон ошиқар эдилар. Масалан, у зот намозни севардилар, чунки намозда Аллоҳ таолога яқинлашиш бор. Шуннг учун қачон қайғуга ботсалар, намозга ошиқардилар.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бирон нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ ранжитса, у зот намоз ўқирдилар».

Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсадан хафа бўлсалар, намоз ўқирдилар», дейилган.

Демак, Расулуллоҳ бирор нарсадан ранжисалар ёки қайғуга ботсалар, аввало намозга талпинар эканлар.