Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Диний идора мутасаддилари ҳамда етук уламоларимиз иштирокида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида турли давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Ана шундай диний-маърифий суҳбат пойтахтимизнинг Олмазор тумани “Жозиба” тўйхонасида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов туман аҳолиси вакиллари, ёшлар ва хотин-қизларга бугунги кунимиз учун долзарб бўлиб турган бир қатор мавзуларда мавъиза қилиб берди.
Учрашувда Зайниддин домла йиғилганларга ибодатда кўр-кўрона тақлиднинг салбий жиҳатлари, ёшларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни илм олишга қизиқтириш муҳимлиги ҳақида маъруза қилди. Шунингдек, фарзандларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, уларни қадриятларимизга мос равишда соғлом эътиқодда тарбиялашда ота-оналарнинг ўрни хусусида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлиб турган Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларидаги делегация Макка шаҳридаги меҳмонхонада зиёратчиларимиз учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Соҳа раҳбарлари билан мулоқотда бўлган юртдошларимиз муборак амалларни бекаму кўст адо этиш учун қилинган шароитлардан бениҳоя мамнунликларини изҳор этиб, мана шундай эзгу ишларга раҳнамолик қилаётган муҳтарам Президентимиз ва мутасаддилардан чексиз миннатдор эканларини билдирдилар.
Ҳақиқатан, ҳамюртларимиз учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Мазкур меҳмонхонанинг фойелари кенг бўлиб, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган ва зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, етарли ададда лифтлар ишламоқда. Шу жойнинг ўзидан ишчи гуруҳ вакиллари зиёратчиларимиз талаб-истакларига доимо ҳозиржавоб бўлишмоқда.
Ҳар бир хонада ювиниш хонаси мавжудлиги, совуткич, музлаткич, стол-стул, журнал столи, телефон, телевизор ва замонавий мебеллар билан жиҳозланганини таъкидлаш керак. Шунингдек, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим ва телевизор ҳам мавжуд.
Бир неча юз кишилик ошхонада ибодатга қувват бўладиган уч маҳал лазиз таомлар, сархил мевалар, салатлар, ширинликлару шарбатлар тортиқ қилинмоқда.
Меҳмонхонада тиббиёт хонаси ва ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, малакали шифокорлар ва тажрибали мутахассислар узлуксиз зиёратчилар хизматида бўлмоқда. Ҳарами шарифга 24 соат давомида автобус қатновлари йўлга қўйилган.
Мана шундай саъй-ҳаракатлар юртимиздаги “Инсон қадри – улуғ”, деган юксак тамойил фуқароларимиз дунёнинг қайси бурчагида бўлса ҳам амалда эканини яққол намоён этади. Шу боис ҳам муқаддас заминларда улуғ ибодат учун яратилган қулайлик, эътибор ва эҳтиромдан бениҳоя руҳланган зиёратчиларимиз муҳтарам Президентимизга самимий ташаккурларини етказишни соҳа раҳбарларидан илтимос қилдилар.
Муфтий ҳазратлари зиёратчиларимиз билан бирга пешин намозини адо этиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги, ҳаж ва умра ибодатлари бардавом бўлиши ва бу борада давлатимиз Раҳбарининг олиб бораётган ишларига хайру барака сўраб дуолар қилдилар.