Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти магистратурасига ҳужжат топширган абитериентлар шу йилнинг 29 август куни Теология (Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти) мутахассислиги бўйича Ақоид ва ислом фалсафаси фанидан, Теология (Ҳадис илмлари) мутахассислиги бўйича Ҳадис ва Мусталаҳул-ҳадис фанидан ижодий имтиҳон топширадилар. Шунингдек, 30 август куни чет тили фанидан тест синовидан ўтадилар.
Тошкент ислом институти Модуль таълим тизимига ҳужжат топширган абитуриентлар эса 30 август куни ихтисослик фанлари ҳамда ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича тест синови топширадилар.
Имом Термизий номидаги ислом институтига ҳужжат топширган абитуриентлар учун жорий йилнинг 29 август куни Ҳадис ва Мусталаҳул-ҳадис фани бўйича ижодий имтиҳон, 30 август куни Араб тили ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари ўтказилади.
Имтиҳонлар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бўлиб ўтади. Ижодий имтиҳонлар соат 08:00 да, тест синовлари 06:30 да бошланади.
Абитуриентларни рўйхатга олиш жараёни имтиҳонлар бошланишидан ярим соат аввал бошланади.
Ҳурматли абитуриентлар, имтиҳонларга кечикмаган ҳолда, ўз вақтида иштирок этишингизни сўраймиз!
Маълумот ўрнида: имтиҳон рухсатномаларини олиш тартиби бўйича қўшимча маълумот берилади!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Шу кунларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Диний идоралари ҳузуридаги Фатво кенгашининг навбатдаги семинари Туркия пойтахти Анқара шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларидан келган мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбир Туркий давлатлар ташкилоти котибияти ташаббуси ва Туркия диёнат ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилиш олти кунлик махсус семинар шаклида ўтказилмоқда.
Мазкур йиғилишда янги ойни кузатиш, намоз вақтлари, тақвим тузиш, озуқа маҳсулотларига қўшиладиган желатин моддасининг ҳукми, сафар масофаси, закот нисобини аниқлашга оид масалалар бўйича ҳар бир юрт вакили ўз тажрибаларини баён қилиб, фикр-мулоҳаза алмашмоқда. Шунингдек, тадбир қатнашчилари Туркия диёнат ишлари бошқармаси иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқда.
Йиғилишдан кўзланган мақсад Туркий давлатлар ўртасида диний-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, фатволар чиқаришда ўзаро якдиллик ва бирхилликни таъминлашдир.
Ушбу халқаро семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолари Ғуломиддин домла Холбоев, Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров, Абдулатиф домла Турсунов қатнашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати