Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Январ, 2025   |   16 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:46
Пешин
12:38
Аср
15:39
Шом
17:23
Хуфтон
18:41
Bismillah
16 Январ, 2025, 16 Ражаб, 1446
Янгиликлар

Халқаро конгресс амалий таклиф, илғор ташаббус ва инновацион лойиҳаларга бой бўлди

26.08.2024   2611   3 min.
Халқаро конгресс амалий таклиф, илғор ташаббус ва инновацион лойиҳаларга бой бўлди

Бугун, 26 август куни Самарқандда “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” VIII халқаро конгресси муваффақиятли якунлади. Мазкур нуфузли тадбирда 4 кун давомида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш ҳамда Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг жорий ва келажакка мўлжалланган режалари, муҳим лойиҳалари тақдимотлари бўлиб ўтгани унинг амалий аҳамиятини оширди.

Уч юздан зиёд иштирокчи қатнашган конгрессда Ўзбекистон Республикаси Президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, хорижлик ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти Бош котиби Султон Раев, Халқаро Туркий Академияси президенти, академик Шайн Мустафоев кабилар ҳам иштирок этиб, нутқ сўзладилар. 

Бундан 7 йил муқаддам Ислом цивилизацияси маркази фаолияти йўлга қўйилиши мамлакатимизда Учинчи уйғониш даври пойдеворини барпо этиш учун катта асос бўлди. Давлатимиз раҳбари ушбу марказга ташрифлари чоғида мажмуани кўркам ва сифатли қилиб қуриш билан бирга, унинг мазмунига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, марказ халқимизнинг маънавий қудрати қай даражада эканини кўрсатиш кераклигини ҳам алоҳида қайд этдилар.

Шу боис, ушбу муассасага юртимизнинг илм-фан тараққиётида тутган ўрни, буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси ва Ислом динининг мазмун-моҳиятини кенг ёйиш каби вазифалар юклатилди.

Ўтган даврда марказда илмий изланишлар олиб борилди, аждодларимизнинг асарлари тадқиқ қилиниб, таржималар амалга оширилди. Биргина мисол сифатида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасида 70 жилдлик китоб-альбомлар нашр қилиниб, энг машҳур кутубхоналар, олийгоҳ ва музейлар, илм масканларига етказиб берилди. Ана шу ишларнинг узвий давоми сифатида ушбу анжуман кунларида яна 10 та янги жилд тақдимоти ўтказилгани қувончли воқеа бўлди.

Халқаро тадбирга ташриф буюрган дунёнинг 35 та давлатидан 200 га яқин иштирокчи Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига оид муҳим лойиҳаларни тақдим қилдилар. Айниқса, ИРСИКА, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ, «ал-Фурқон» жамғармаси раҳбарлари, Халкаро Турк академияси, Араб давлатлари лигаси ва бошқа халкаро ташкилотлар вакиллари таклифлари муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Халқаро конгресс доирасидаги мазкур марказ фаолиятини ривожлантириш, нодир қўлёзма ва асарларни тарғиб этиш борасидаги таклиф-тавсиялар, маъруза ва ташаббуслар маънавий тараққиётга ҳисса қўшади. Иштирокчилар томонидан тақдим этилган фикр-мулоҳазалар асосида бу марказ замонавий жиҳозланади, маънавий жиҳатдан зийнатланади ҳамда экспонатлар билан бойитилиб, инсонлар руҳий озиқа ва маданий-маърифий билим оладиган муҳташам масканга айланади, инша Аллоҳ.

 Дарҳақиқат, марказда аждодларимизнинг асарлари тадқиқ этилади, таржималари амалга оширилади, китоблар чоп этилади. Ушбу мақсадда маҳаллий ва хорижий энг етакчи олимлар, мутахассислар ва илмий изланувчилари жалб қилинади. 

Мажмуанинг қурилиш ишлари ниҳояланиб, тўлақонли иш бошлаши аҳолимиз учун ҳам, дунё халқлари учун ҳам улкан тарихий воқеага айланиши, шубҳасиздир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Халқаро конгресс амалий таклиф, илғор ташаббус ва инновацион лойиҳаларга бой бўлди Халқаро конгресс амалий таклиф, илғор ташаббус ва инновацион лойиҳаларга бой бўлди Халқаро конгресс амалий таклиф, илғор ташаббус ва инновацион лойиҳаларга бой бўлди Халқаро конгресс амалий таклиф, илғор ташаббус ва инновацион лойиҳаларга бой бўлди Халқаро конгресс амалий таклиф, илғор ташаббус ва инновацион лойиҳаларга бой бўлди Халқаро конгресс амалий таклиф, илғор ташаббус ва инновацион лойиҳаларга бой бўлди Халқаро конгресс амалий таклиф, илғор ташаббус ва инновацион лойиҳаларга бой бўлди Халқаро конгресс амалий таклиф, илғор ташаббус ва инновацион лойиҳаларга бой бўлди Халқаро конгресс амалий таклиф, илғор ташаббус ва инновацион лойиҳаларга бой бўлди
Бошқа мақолалар

Желатиннинг ҳукми

14.01.2025   3166   3 min.
Желатиннинг ҳукми

Желатин – суюқ модда бўлиб, ҳозирда баъзи дори воситалирида ва озиқ-овқат маҳсулотларида ишлатилади. У ҳайвонларнинг териси ва суякларидан олинади. Агар шу ҳайвонлар шаръан гўштини ейиш мумкин бўлган жонзот бўлса, у ҳолда зарари йўқ. Аммо, у ҳозирда мусулмон  бўлмаган юртлардан келтириладиган, асбоб-ускунада шаръий сўйилмаган ҳайвонлардан олинган бўлса, қаралади. Агар желатин ҳайвон суягидан олинган бўлса ҳанафийлар наздида – жоиз. Чунки суякда ҳаёт бўлмайди. ўлимтикнинг ҳаёт нишонаси йўқ бўлган аъзолари пок ҳисобланади. Шу сабабли уларнинг олди-сотдиси ҳанафийларда жоиздир. Бироқ, желатин агар шаръий сўйилмаган ҳайвонлар терисидан олинган бўлса баъзи ҳамасирлар: "У – ҳалол, сабаби, ҳайвон терисига кимёвий ишлов берилганида унинг моҳияти ўзгариб кетади, бошқа нарсага айланиши билан ҳанафий мазҳабига кўра ҳалол, пок бўлади” дейишмоқда. Мен ўзим баъзи корхоналарда бу амалиётга гувоҳ бўлдим. Лекин, менимча бу амалиёт тери моҳиятини йўқ қилиб юборишга кифоя қилмайди. тўғри, бу ерда баъзи кимёвий амалиётлар бўлади, лекин ҳамма кимёвий амалиётлар ҳам моҳиятни ўзгартиб, бошқа нарсага айлантира олмайди. Бунга далил, гўштни пиширишда ҳам кимёвий ўзгаришлар амалга ошрилади, бироқ: “Гўштнинг моҳияти пишириш билан бошқа нарсага айланди», дейилмайди. Акс ҳолда ҳамма ҳаром қилинган гўштларни пиширгандан кейин ейиш ҳалол бўлиб қоларди. Менга шу борада мутахассис бўлган кишилар: "Желатин тайёрлаш учун териларда ўтказиладиган бу амалиётлар терининг моҳиятини йўқ қилиб юбормайди, фақат бу амалиёт териларни тозалашда ва уларни суюқ моддага айлантиришда ишлатилади", дейишди. Қаттиқ нарсаларни суюлтиришнинг ўзи унинг моҳиятини ўзгартирмайди. Шу сабабли ҳалигача терининг моҳияти йўқолиб кетиш масаласи менга аён бўлгани йўқ.

Лекин бу амалиётни кўриб, мутахассисларга мурожаат қилгандан сўнг менга маълум бўлдики, бу амалиётлар билан терининг ошланиши  ҳосил бўлади. «Ҳидоя» соҳиби айтади: “Ҳидни ва фасодни кетказувчи нарса ошловчидир”. Териларда амалга оширилаётган бу амалиётларда уни тозалаш, намлигини кетказиш учун «лиме» (теридан тукни  тўкиб юборувчи восита) ва «алкалаи» воситалари ишлатилади. Буни мутахассислар айтиб ўтишган. Бу борада яна дўстларимдан бири, шайхи сарфароз Муҳаммад ҳафизаҳуллоҳнинг илмий баҳси бор. Ўзлари фиқҳ фанидан мутахассис бўлишлари баробарида, кимё соҳасида ҳам мутахассислиги бор. У зот: "Бу амалиёт – терини ҳақиқий ошлаш бўлади, лекин у  тери моҳиятини йўқ қилолмайди" - деган хулосага келганлар.

Шаръий сўйилмаган ҳайвонларнинг суяги пок ва териси ошлаш орқали покланганидек, бу иккисидан олинган желатин ҳам пок ҳисобланади ва ҳанафийлар наздида озиқ-овқатдан бошқа нарсаларда истемол қилиш жоиз. аммо уни ейиш учун ишлатишга келсак, ҳанафийларда берилган фатвога кўра, бу – жоиз эмас. Желатинлардан олинган капсулалар билан даволаниш, бир шарт билан рухсат этилади: у ҳам бўлса, желатин чўчқа териси ёки суягидан олинмаган бўлиши керак. Бироқ даволанишдан бошқа ўринларда, модомики моҳияти йўқолиб кетмас экан, уни истеъмолидан сақланиш керак. Желатиннинг олди-сотдиси чўчқадан  олинмаган бўлса жоиз, юқорида айтиб ўтганимиздек у покдир ва ундан шариатга мувофиқ йўл билан фойдаланиш мумкин, валлоҳу  аълам. 

Ҳадис илми мактаби талабаси
Исомиддинов Жавоҳир
Муфтий Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг "Фиқҳул буйуъ" китобидан таржима қилди.