Бугун, 26 август куни Самарқандда “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” VIII халқаро конгресси муваффақиятли якунлади. Мазкур нуфузли тадбирда 4 кун давомида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш ҳамда Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг жорий ва келажакка мўлжалланган режалари, муҳим лойиҳалари тақдимотлари бўлиб ўтгани унинг амалий аҳамиятини оширди.
Уч юздан зиёд иштирокчи қатнашган конгрессда Ўзбекистон Республикаси Президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, хорижлик ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти Бош котиби Султон Раев, Халқаро Туркий Академияси президенти, академик Шайн Мустафоев кабилар ҳам иштирок этиб, нутқ сўзладилар.
Бундан 7 йил муқаддам Ислом цивилизацияси маркази фаолияти йўлга қўйилиши мамлакатимизда Учинчи уйғониш даври пойдеворини барпо этиш учун катта асос бўлди. Давлатимиз раҳбари ушбу марказга ташрифлари чоғида мажмуани кўркам ва сифатли қилиб қуриш билан бирга, унинг мазмунига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, марказ халқимизнинг маънавий қудрати қай даражада эканини кўрсатиш кераклигини ҳам алоҳида қайд этдилар.
Шу боис, ушбу муассасага юртимизнинг илм-фан тараққиётида тутган ўрни, буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси ва Ислом динининг мазмун-моҳиятини кенг ёйиш каби вазифалар юклатилди.
Ўтган даврда марказда илмий изланишлар олиб борилди, аждодларимизнинг асарлари тадқиқ қилиниб, таржималар амалга оширилди. Биргина мисол сифатида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасида 70 жилдлик китоб-альбомлар нашр қилиниб, энг машҳур кутубхоналар, олийгоҳ ва музейлар, илм масканларига етказиб берилди. Ана шу ишларнинг узвий давоми сифатида ушбу анжуман кунларида яна 10 та янги жилд тақдимоти ўтказилгани қувончли воқеа бўлди.
Халқаро тадбирга ташриф буюрган дунёнинг 35 та давлатидан 200 га яқин иштирокчи Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига оид муҳим лойиҳаларни тақдим қилдилар. Айниқса, ИРСИКА, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ, «ал-Фурқон» жамғармаси раҳбарлари, Халкаро Турк академияси, Араб давлатлари лигаси ва бошқа халкаро ташкилотлар вакиллари таклифлари муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Халқаро конгресс доирасидаги мазкур марказ фаолиятини ривожлантириш, нодир қўлёзма ва асарларни тарғиб этиш борасидаги таклиф-тавсиялар, маъруза ва ташаббуслар маънавий тараққиётга ҳисса қўшади. Иштирокчилар томонидан тақдим этилган фикр-мулоҳазалар асосида бу марказ замонавий жиҳозланади, маънавий жиҳатдан зийнатланади ҳамда экспонатлар билан бойитилиб, инсонлар руҳий озиқа ва маданий-маърифий билим оладиган муҳташам масканга айланади, инша Аллоҳ.
Дарҳақиқат, марказда аждодларимизнинг асарлари тадқиқ этилади, таржималари амалга оширилади, китоблар чоп этилади. Ушбу мақсадда маҳаллий ва хорижий энг етакчи олимлар, мутахассислар ва илмий изланувчилари жалб қилинади.
Мажмуанинг қурилиш ишлари ниҳояланиб, тўлақонли иш бошлаши аҳолимиз учун ҳам, дунё халқлари учун ҳам улкан тарихий воқеага айланиши, шубҳасиздир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан самимий мулоқотлар йўлга қўйилгани кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 15 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди.
Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, оилавий масалалар, ҳаж, иш, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати