Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446

Давлатининг довруғи

27.08.2024   6492   5 min.
Давлатининг довруғи

“Уюнул ахбор” китобида келтирилишича, бир киши ёш Муовия розияллоҳу анҳуни кўриб: “Бу бола ўз қавмига ҳукмдор бўлади”, дейди.

Буни эшитган онаси Ҳинд: “Агар у фақат ўз қавмини бошқарса, онасидан айрилсин”, деди. “Шарҳи Мишкотил масобиҳ” китобида Ҳинд розияллоҳу анҳонинг бу гапи Муовияга берилган баҳога ажаблангани ва унинг бундан-да юқори мартабага эга бўлишидан умидвор экани билан изоҳланган.

Онанинг нияти амалга ошиб, ўғли мусулмон умматига раҳбар бўлди. Умавийлар давлатининг довруғи достон бўлди. Унинг ҳудуди 11 миллион км2дан ортиқ эди. Бу ҳудуддаги 62 миллион аҳоли ўша пайтда дунё аҳолисининг тахминан 30 фоизини ташкил этган.

Муовия розияллоҳу анҳу нубувватдан беш йил олдин Маккада туғилган. Узун бўйли, кўркам ва ҳайбатли инсон эди.

Ибн Ҳазм “Ровий саҳобалар исмлари” асарида айтишича, Муовия розияллоҳу анҳу Макка фатҳидан сўнг Исломга киргач, 18 ёшида Пайғамбар алайҳиссалом билан суҳбатдош бўлиб, у зотдан 163 та ҳадис ривоят қилган. Имом Бухорий ундан тўртта, Имом Муслим бешта ҳадис ривоят қилган.

Имом Аҳмаднинг “Муснад”ида Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ бирор бандага яхшиликни ирода қилса, бас, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, деганлар».

Муовия розияллоҳу анҳу милодий 661 йилдан умавийлар сулоласининг биринчи раҳбари сифатида ҳокимиятни 680 йилгача идора қилиб, кейин бошқарувни ўғли Язидга беради.

Ибн Асокир “Тарихи Димашқ”да саҳоба Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг гапини келтиради: “Бу умматни Набий алайҳиссалом ва тўрт рошид халифадан сўнг Муовия ҳукмронлик қилганидек ҳеч ким бошқара олмади”.

Фазлда, мартабада мазкур тўртликдан ўтадиган саҳоба йўқ. Шундай экан, бу ерда бошқаларга қиёслаш эмас, Муовия розияллоҳу анҳунинг бошқарувга салоҳияти борлигига ишора қилинган. Умавийлар ҳукмронлиги милодий 750 йилгача, қарийб 90 йил давом этиб, Марвон II бошқаруви билан якунига етади.

Имом Заҳабий “ал-Бидоя ван-ниҳоя”да келтиради. Бир куни Византия императори халифа Муовия розияллоҳу анҳу ҳузурига ўзларининг узун бўйли одамини жўнатди. У мусулмонлар орасида бу одамга ўхшаган одам йўқлигини кўрсатмоқчи бўлди.

Муовия арабларнинг энг нуктадонларидан ҳисобланган Қайс ибн Убода розияллоҳу анҳуни чақирди. Қайснинг бўйи узунлигидан у от минса, оёқлари ерга тегарди.

Муовия унга: “Мана бу византияликнинг ёнида тур-чи”, деди.

Қайс: “Йўқ, Аллоҳга қасам, мен унинг ёнида туриб бўйимни бўйламайман, унга бундай мартабани инъом қилмайман! У менинг шимимни олиб, кийиб кўрсин”, деб жавоб берди.

Византиялик шимни кийганида, у бур­нигача шим ичига кириб кўмилиб қолди. Буни кўрган саҳобалар ва йиғилган одамлар кулиб юборишди.

Ибн Абу Ҳотим “Шариъа” асарида кел­тиради: Пайғамбаримиз алайҳиссалом Муовиянинг ҳаққига: “Ё Аллоҳ, Муовияни ях­шилик устида ва инсонларни яхшиликка далолат этувчи қил ва ҳидоятлантир”; Ҳайсамий “Мавориду замъон” китобида: “Ё Аллоҳ, унга китобат ва ёзишни ўргат ҳамда дўзах азобидан асра”, деб дуо қилганларини айтади. Манбалардан маълумки, Муовия розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломнинг котиби бўлган.

Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий”да Умму Ҳаром бинти Мил­ҳон розияллоҳу анҳо ривоятини келтиради: «Пай­ғамбаримиз алай­ҳиссаломнинг: “Ум­матим ичида биринчилардан бўлиб денгизда жанг қиладиганлари бор. Уларга жаннат вожиб бўлади”, деганларини эшитиб: “Мен ҳам улар орасида бўламанми?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Сен ҳам улар орасида бўласан”, дедилар».

Имом Жарир Табарий “Тарихи русул вал мулук” асарида Шом ҳокими Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Ислом тарихида илк бор денгиз қўшинини ташкил этганини ёзган. Муовия розияллоҳу анҳу Миср ҳокими Абдуллоҳ ибн Саъд билан биргаликда халифа Усмон розияллоҳу анҳудан Ўрта Ер денгизида флот қуришга рухсат олади ва милодий 648 йили Миср ва Сурия кемасозларини тўплаб, 1700 та кемадан иборат катта денгиз қўшинини тузади. Мусулмонлар денгиз флотига эга бўлгач, Византия флотининг Сурия, Фаластин ва Миср қирғоқларидаги яккаҳокимлиги якунига етади.

Саудия Арабистони Тоиф шаҳри­да Муовия розияллоҳу анҳунинг буйруғи билан ҳижрий 58 йили аҳолини сел хавфидан ҳимоя қилиш мақсадида қурилган 20 та тўғондан бири ҳозир­гача сақланиб қолган.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳижрий 60 йили Шомда вафот этади. 

Тўлқин АЗИМОВ,

Тошкент ислом институти

катта ўқитувчиси

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўтганлар ҳақида “раҳматли” дейиш жоизми?

30.09.2024   1710   1 min.
Ўтганлар ҳақида “раҳматли” дейиш жоизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Марҳумлар ҳақида гапирганда ҳозир кӯп кишилар "раҳматли бӯлиб кетган", деб айтишмоқда. Шунда мен бундай дейиш хато десам, ким айтди буни, деб сӯрашяпти. Шунга бир изоҳли жавоб берсангиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Вафот этган мўмин-мусулмонларнинг ҳаққига мазкур сўзлар билан дуо қилиш ва ўтганларга Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини умид қилиш мустаҳаб-савобли ишлардан биридир.

Мусулмон инсоннинг мусулмон устидаги ҳақларидан бири вафотидан кейин уни яхшилик билан эслаш, хотирлаш ва ҳаққига хайрли дуо қилишдир.

Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларга ўзларидан аввал иймон билан ўтган зотларнинг ҳаққига дуо ва мағфират сўраб дуо қилишларини таълим бермоқда. Мусулмонлар асрлар оша ушбу таълимотга содиқ қолиб келмоқдалар.

Ўтганларни хотирлаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш турли халқларда турлича ибора ва сўзлар билан ифода қилинади. Бизнинг халқимизда ўтганларни “марҳум”, “мағфур” “раҳматли”, “раҳматли бўлиб кетган” ва шу каби дуо маъносидаги сўзлар билан ёдга олиш урф бўлган ва бу савобли амалдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар