Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446

ЭЗГУЛИККА ЧОРЛОВ

28.08.2024   14496   4 min.
ЭЗГУЛИККА ЧОРЛОВ

Ҳидоят сари

Ҳожилар маънавий-маърифий тарғибот ишларида фаол қатнашмоқда

 

Бугунги кунда мамлакатимиз ривожланишининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш долзарб масалалардан бири. Ҳозирги мураккаб даврда адашганни тўғри йўлга бошлаш, йиқилганни суяш, меҳр-оқибат кўрсатиш, ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат ва садоқат, тинч-осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш, шукроналик туйғуларини чуқур сингдириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Мана шундай савобли ишларда нуронийлар, маҳалла фаоллари, имом-хатиблар, муборак ҳаж зиёратидан қайтган отахону онахонларнинг ўрни бениҳоя каттадир. 

Исломнинг барча — беш рукнини бажарган одам чинакам саодатлидир. Айниқса, ҳожилик — алоҳида масъулият талаб этадиган мақом. У ҳам жисмо­нан, ҳам руҳан бажариладиган улуғ ибодат­. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Йўлга қодир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят), дея марҳамат қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек (бегуноҳ) қайтади” (Бухорий ривояти), деганлар.

Бу йил юртимиздан ўн беш минг юртдошимиз ана шундай бахтга муяссар бўлди. Макка ва Мадина шаҳарларидаги меҳмонхоналарда, шунингдек, Мино, Арафот, Муздалифа манзилларида ҳамюртларимиз учун барча шароит ҳозирлангани, 300 нафар гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, ошпазлар ва бошқа кўмакчилар улар хизматида бўлгани ҳожиларимизнинг ҳаж ибодатини бекаму кўст адо этишига замин яратди. 

Эътиборлиси, бу йилги ҳаж мавсумида тарихий воқеа содир бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев Макка шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилди. Президент ҳаж мавсуми жараёнлари, ватандошларимиз учун яратилган шароитлар, уларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўрагани барчани чексиз мамнун этди.

Давлат раҳбари суҳбат асносида юртдошларимизнинг муқаддас ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, соғ-омон келишларини тилади. Ўзбекистонга қайтгач, ҳожилар жамиятдаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлишларига умид билдирди.

Ўз навбатида, юртимиздан борган ҳожилар муфтий бошчилигида Арафот водийсида туриб, Ватанга қайтгач, ўз маҳаллаларида ёш авлод тарбияси ва маънавий камолотига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканликларини билдириб, мурожаат қабул қилган эди.

Бугунги кунда бу сўзлар амалда ўз исботини топмоқда. Ҳадиси шарифда таъкидланган: “Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг севиклиси одамларга кўп манфаати етказадиганидир” (Имом Табароний ривояти), сўзига амал қилиб, ҳожилар халқимиз манфаати йўлида астойдил меҳнат қилмоқда.

Айни кунларда юртимиз бўйлаб 11 минг нафардан ошиқ ҳожилар ўз ҳудудидаги имом-хатиб, маҳалла фаолларига кўмакчи бўлиб, маҳаллама-маҳалла юриб, маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Жараёнда ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, нотинч, ажрим ёқасида турган ҳамда моддий ва маънавий кўмак зарур бўлган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳар томонлама ёрдам берилмоқда. Шу вақтга қадар 17 566 та маърифий тадбир ўтказилиб, минглаб фуқаролар қамраб олинди.

Натижада оилавий низоларни бартараф этиш, ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш, ёшларга тўғри йўл кўрсатиш каби турли масалаларни ижобий ҳал этишга эришилди. Ўнлаб фуқаролар ишга жойланди. Мазкур давр мобайнида 155 дан ошиқ уй-жойлар таъмирдан чиқарилди. Эҳтиёжманд оилаларга 946 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилиб, бир миллиард сўмдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.

Эътиборлиси, катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи ота, ҳожи оналарнинг фидойиликлари ўз самарасини бермоқда. Уларнинг бундай саъй-ҳаракатлари билан халқимизнинг маънавияти, маърифати янада ошмоқда. Бундай эътибордан юртдошларимиз ҳам миннатдор бўлиб, ўз ташаккурларини изҳор этаётганидан билиш мумкинки, юртимизда инсон қадри тобора юксалмоқда.

Мана, қарийб бир ой мобайнида, ёшлар тарбияси, оилалар тотувлиги, адашган ёшларга тўғри йўл кўрсатиш, қўйингки, инсон манфаатларига хизмат қиладиган, жамият равнақига ҳисса қўшадиган ҳар қандай иш борки, албатта, бу жараёнда ҳожиларнинг саъй-ҳаракатлари, йўл-йўриқ ва тавсиялари барчага манзур бўлмоқда.

Бундай эзгу ташаббус ва хайрли амаллар ортар экан, уларнинг файзу барокатидан элу юрт янада фаровон, тинч-осойишта бўлади, инша Аллоҳ.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

                                                         

 

Бошқа мақолалар

Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди

30.09.2024   5317   1 min.
Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди

Устоз – жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги ку­нини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юл­дузлардир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган. Шунинг учун ҳам халқи­мизда “Устоз отангдек улуғ” деган чиройли иборалар бор. Шундай экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор.


Пайғамба­римиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мураббийларга олимларни ҳурмат­лаш, муаллим ва устозларни улуғ­лаш борасида кўпгина қим­матли кўрсатмалар бер­ганлар.


Имом Аҳмад, Имом Табароний ва Ҳоким Убода ибн Со­мит­дан розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расу­лул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кексаларимизни улуғ­ламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олим­ларимизни (ҳақини) билмаган менинг умма­тим­дан эмас”, дедилар.
 

1-октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан қорақалпоғистонлик диний соҳа ходимларимиз Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги масжидларда кўп йиллар давомида хизмат қилган, бугунги кунда нафақада бўлган нуроний имом домлалар ҳолидан хабар олиб, байрам билан қутлади.


Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати

Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди Фахрий имом-хатиблар байрам билан қутланди