Бугун, 29 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти магистратура йўналишига ва янги очилган Имом Термизий номидаги ислом институтига кириш имтиҳонларининг биринчи босқичи бўлиб ўтмоқда.
Шу муносабат билан эрта тонгда Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Диний идора раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов ҳамда ўқитувчи ва абитуриентлар иштирокида тадбир ўтказилди.
Маросим Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди. Cўнгра сўзга чиққан нотиқлар юртимизда диний таълим соҳасида амалга оширилаётган кўламли ишлар, хусусан, олий таълимдан кейинги магистратура босқичи очилгани, олий диний таълим муассасалари сони яна биттага кўпайгани ва келгусидаги режалар борасида сўз юритди. Шунингдек, абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиб-қоидалари тушунтирилди.
Шундан сўнг Тошкент ислом институтининг магистратура босқичи ва Имом Термизий номидаги ислом институтига кириш учун ижодий имтиҳонлар бошланди.
Мазкур жараёнга Тошкент ислом институти, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Фатво марказининг тажрибали мутахассис ва устозлари жалб қилинган.
Маълумот ўрнида абитуриентлар эртага, 30 август куни соат 6:30 чет тили фанлари бўйича тест синовларини топширади. Имиҳонларга кириш 30 дақиқа олдин бошланади.
Баҳриддин Хушбоқов,
Фаррух Йўлдошев (сурат)
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ҳижри Исмоил — Каъба яқинида жойлашган ярим ой шаклидаги ҳудуд. Ҳижри Исмоил “Исмоил тоши” деган маънони англатади. Айнан шу ерда Иброҳим алайҳиссалом рафиқалари Ҳожар ва ўғли Исмоилни қолдирганлар. Ҳижри Исмоил Хатим ҳам деб номланади. Хатим деб номланишига сабаб у Каъбадан синдириб, яъни ажратиб олингандир.
Ҳижри Исмоил ҳақида қизиқарли маълумотлар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хатим ҳақида сўраб: «У Каъбаданми?» десам, у зот: «Ҳа», дедилар. Мен: «Унда нима учун Каъбага қўшиб юборишмаган?» десам, у зот: «Қавмингнинг, яъни Қурайшнинг маблағи етмай қолган…», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.