Деҳқон даласига маккажўхори донини сепди ва жўякларга сув таради. Маккажўхоридан олдин шўра ўсиб чиқди. Маккажўхори ҳам нимжон бўлиб кўринди. Шўра тез авж олди ва маккажўхорига мақтанди:
Сен пойимда қолиб кетасан ва ўсишингга йўл қўймайман.
Маккажўхори:
– Ер иккаламизга ҳам етади. Мен ҳам ўсиб, ҳосил беришим керак. Билсанг, доним инсонлар учун фойдали ҳамда шифо. Мендан ун, ёрма, қанд, ёғ каби керакли маҳсулотлар олинади. Поям эса ҳайвонлар учун озиқа, – деди.
Шўра баттар ҳаволанди:
– Сен икки ёки учта сўта чиқарасан. Ҳар бир сўтангда узоғи билан 750–800 та донинг бўлади. Менинг эса ўн мингдан кўп уруғим бор. Бир-икки йилда бутун далани эгаллайман...
Шу пайт экин майдонини бегона ўтлардан тозалаб келаётган деҳқонбобонинг кетмони шўрани таг-томири билан қўпориб ташлади.
Шоакрам ХУДОЙБОҚОВ,
Қуйи Чирчиқ тумани
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати