Юрт равнақи ва дин ривожи йўлида фахрий имом-хатиблар самарали ва фидойилик билан меҳнат қилганлар. Айниқса, ёшларни Ватанга садоқат, элу юртга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш, эътиқоди мустаҳкам комил инсон сифатида етиштиришда ушбу уламоларнинг хизмати ва ўрни беқисдир.
Фарғона вилоятидаги устозлардан Абдували домла Ҳафизов, Саидваққос домла Минаваров, Абдураҳим домла Мўминовлар ва “Ширмонпазлик” масжиди имом-хатиби Юсуфбурҳон домла Қодировлар ҳам ана шундай масъулиятли йўлда фаолият олиб боришган.
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан Фарғона вилояти вакиллиги томонидан ташкил этилган тадбирда соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилган устозлар ҳолидан хабар олиниб, хизматлари эътибор ва эътирофда экани билдирилди.
Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев устозлар билан самимий мулоқот қилди. Унда диний-маърифий соҳадаги ўзгариш ва ислоҳотлар ҳақида гапирилди, ўтган кунлар хотирланиб, бугунги кун учун шукрона келтирилди.
Якунда юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, мустақиллигимиз барқарор бўлишини сўраб, дуога қўл очилди. Устозларга эсдалик совғалари топширилди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сиздаги бор ва йўқ неъматлар ҳақида фикр юритиб, ўзингизни танишингиз учун иккита варақ қоғоз олинг. Биринчи вараққа ўзингизда бор неъматларни, масалан, ибодатга, оилага, танангизга, саломатлигингизга, ижтимоий алоқаларга оид ҳамма неъматларни ёзинг. Иккинчи вараққа эса сизда бўлмаган неъматларни – ибодатга, оилага, танангизга, саломатлигингизга, ижтимоий алоқаларга оид ва ҳоказо, барча неъматларни ёзинг.
Энди сизда йўқ неъматлар ёзилган варақни олиб, улар ҳақида бир кун давомида мулоҳаза қилинг, кейин уларни атрофингиздаги инсонларда бор неъматлар билан солиштириб чиқинг. Кечқурун эса нималарни ҳис қилганингизни ёзиб қўйинг.
Кейинги куни сизга берилган неъматлар ёзилган варақни олиб, у ҳақда ҳам кун бўйи фикр юритинг. Кейин уни атрофингиздаги кишиларда йўқ неъматлар билан солиштириб чиқинг. Бу ҳақдаги ҳис-туйғуларингизни ҳам кечки пайт ёзиб қўйинг.
Ишончим комилки, бу тажрибадан кейин ҳаётингиз ижобий тарафга ўзгариб кетади, бахту саодатга тўлиб кетади.
Яхшилаб ўйлаб, мана шу саволга жавоб беринг: бу оятни ўқиб, унга амал қилиш учун Аллоҳ сизга берган қайси неъматларни, кимга айтиб беришни ўйладингиз?
Албатта, бу неъматлар борлигини биринчи навбатда ўзингизга айтишингиз керак. Шунинг учун Аллоҳ сизга берган неъматларини ўзингизга керак бўлса ҳар куни эслатиб туринг. Аллоҳнинг сизга кўрсатган марҳамати ҳақида ўзингизга ўзингиз сўзласангиз, неъматларни унутишдан, қайғуга тушишдан қутуласиз. Шайтон сизда йўқ нарсаларга эътиборингизни тортиб, сизни ўйин қилишига имкон берманг! Қоғоз-қалам олиб, Аллоҳ сизга берган неъматларни ёзиб чиқиш, бу рўйхатга ҳар куни сизга ато этилаётган янгидан-янги неъматларни қўшиб боришингиз нақадар гўзал! Бу рўйхат кундан кунга кўпайиб, сон-саноқсиз бўлиб кетади ҳали. Чунки Аллоҳ таоло "Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир" (Наҳл сураси, 18-оят).
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.