Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Октябр, 2024   |   03 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:07
Қуёш
06:25
Пешин
12:16
Аср
16:12
Шом
17:59
Хуфтон
19:12
Bismillah
06 Октябр, 2024, 03 Рабиъус сони, 1446
Мақолалар

Бобомнинг адолати

30.08.2024   2602   2 min.
Бобомнинг адолати

Бобо-бувим ҳаётлигида қишло­ғимиздан кўпчилик турли ма­салалар юзасидан бизникига мас­лаҳат сўраб келиши ҳануз эсимда. Айниқса, қиз чиқармоқчи, ўғил уйлан­тирмоқчи бўлганларнинг аксари улардан бемаслаҳат иш қилмасди. Қариндошларнинг бирор маърака-тўйи уларсиз ўтмасди. Чунки улар бош бўлган бирор оилада гап қочмаган.

Бир куни бир ҳамқишлоғимиз қизини чиқармоқчи бўлиб маслаҳатга келди. Кимга қуда бўлаётгани айтганида, бобом уларни унча хушламади. Бувим бир сўз билан “бўлмайди” деди. Меҳмон уларнинг ўзига тўқ ва бошқа сифатларини мақтай кетди. Шундан сўнг улар “Ўзингиз биласиз, бизга маъқул эмас”, дейишди. Лекин тез орада тўй бўлиб ўтди.

Бобо-бувимнинг ҳаёт тажрибаси ўз сўзини айтди. Кўп ўтмай, ёш оила бузилди. Қуда томон “қиз тенгимиз эмас экан”, деб уйига қайтариб юборди. “Қари билганни пари билмас” деган нақл бежиз айтилмаган...

Бугун ҳам никоҳ тўйларимиз дуогўй, ёши улуғ отахону онахонлар билан бамаслаҳат қилинса, балки ажримлар камаярмиди?!.

* * *

Болалик чоғида бобо-бувиларимизнинг ўзига хос тарбия услуби бутун умр ёдда қолар­кан. Кунларнинг бирида уч ака-ука қўшни болалар билан жанжаллашиб қолдик. Улар икки киши бўлгани учун енгилди. Биз ғолиб бўлдик. Бу ишимиз бобомнинг қулоғига етгач дакки эшитдик. “Сенлар уч киши бўлиб, икки кишини урасанлар” дея адолат тушунчасидан сабоқ берганди. Бобом биз ёлғон гапирсак ёки бирор ножўя иш қилсак, бир-икки оғиз сўз билан эсдан чиқмас тарбия бериб қўярди.

Бувим кўп халқона шеъру қўшиқлар ўргатса, бобом турли калималарни ўр­гатарди. Кейин ақлимни таниб билдимки, бобом бизга бу калималарни бежиз ўргатмаган экан. Чунки улар иймон калималари бўлиб, кишини икки дунё саодатига бошловчи йўл экан.

Хўш, бугун биз ота бўлиб, фарзандла­римиз­га нимани ўргатяпмиз, қандай тарбия бер­япмиз?.

Мўмин ҚОБИЛ

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

26.09.2024   5824   1 min.
Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

Cавол: Мен тўшакка михланиб қолганман. Ётган бемор қиблага оёғини узатиб намоз ўқиши кераклигини ўқидим. Аммо менда бошим қиблада бўлиб қолган. Каравотим шундай жойлашган. Баъзан уйдагилар кароватимни айлантириб беришади. Баъзан ҳеч ким бўлмай қолади. Шундай ҳолатда қиблага юзланмасдан намоз ўқисам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уйда ҳеч ким бўлмай, сизни қиблага қаратиб қўядиган одам топилмай қолса, шу ҳолатингизда, яъни қиблага юзланмаган ҳолатда ҳам намоз ўқийверасиз. Сиз бундай ҳолатда узрли ҳисобланасиз. Чунки шариатда бир қанча узрлар туфайли намозхон қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқишга рухсат берилган. Шулардан бири сиздаги каби ҳолат. Бундан ташқари уйдагилар бўлса-ю, сизни қиблага қаратиш учун каравотингизни айлантириб қўйиш сабабли сизга зарар етадиган бўлса, бу ҳолат ҳам узр ҳисобланиб, ўша ҳолатингизда намоз ўқисангиз бўлади. Бу борада “Фатовои Оламгирия”да бундай дейилган:

“Тўшакка михланиб қолган бемор қиблага юзлана олмаса ҳамда ёнида уни қиблага қаратиб қўядиган одам ҳам бўлмаса, қай томонга юзланиб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади. “Хулоса”да шундай келган. Шунингдек, ёнида қиблага қаратиб қўядиган одам бор-у, лекин айлантириб қўйиш беморга зарар берса, бунда ҳам истаган томонига қараб намоз ўқийверади. “Заҳирия”да шундай келган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар