29 август куни Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 33 йиллик байрами олдидан Наманган вилояти вакиллигида “Йил имоми – 2024” кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда Наманган шаҳар ва туманларида биринчиликни олиб 2-вилоят босқичи имом-хатиблар ўртасида тафсир, тажвид, фиқҳ, ақоид ва сийрат фанлари бўйича тузилган саволлар асосида билим ва малакаларини синовдан ўтказилди.
Иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра, танловда биринчиликни эгаллаган Наманган шаҳар «Ҳомиддин қори» жоме масжиди имом-хатиби Насриддинов Муҳаммадбобур “Йил имоми – 2024” кўрик танловининг республика босқичига йўл олди.
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати