Масжидлар Аллоҳнинг уйлари, унда зику ибодат, дуолар қилинади, илму маърифат ҳосил қилинади. Қуръони каримда масжидларни обод этувчилар мақталган. Ҳадиси шарифда эса Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким Аллоҳ учун масжид бино қилса, у хоҳ кичик бўлсин, хоҳ катта бўлсин Аллоҳ унга жаннатда уй бино қилади”, деганлар.
Охирги йилларда масжидларни обод этиш, ибодат қилувчилар учун етарли шарт-шароитларни яратиш борасида эътиборга сазовор ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳам бўлса, юртимизда диний-маърифий соҳадаги олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир.
Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги “Оқтепа” жоме масжидида бундан қарийб уч йил аввал бошланган қурилиш-ободонлаштириш ишлари якунланиб, Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилди. Уч мингдан зиёд намозхонни бағрига сиғдира оладиган замонавий, кўркам хонақоҳ қад ростлади.
Бугун мазкур иншоотнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзод Йўлдошев, уламолардан Иброҳимжон домла Қодиров, Аҳмадхон домла Низомов ва нуронийлар иштирок этди.
Маросимда сўз олганлар мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-хотиржамликнинг улуғ неъмат экани, Давлат раҳбарининг масжидларни обод қилишга қаратаётган эътибори, Истиқлол неъматининг қадри ҳақида ҳаётий мисоллар асосида нутқ қилдилар.
Шунингдек, маросимда узоқ йиллар соҳада хизмат қилган устозлар ва масъуллар хизмати эътироф этилиб, эсдалик совғалари топширилди.
Қутлуғ байрамга муносиб туҳфа бўлган янги масжиднинг узоқ йиллар халқимизга хизмат қилишини сўраб дуога қўл очилди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Устоз – жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юлдузлардир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган чиройли иборалар бор. Шундай экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мураббийларга олимларни ҳурматлаш, муаллим ва устозларни улуғлаш борасида кўпгина қимматли кўрсатмалар берганлар.
Имом Аҳмад, Имом Табароний ва Ҳоким Убода ибн Сомитдан розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимларимизни (ҳақини) билмаган менинг умматимдан эмас”, дедилар.
1-октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан қорақалпоғистонлик диний соҳа ходимларимиз Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги масжидларда кўп йиллар давомида хизмат қилган, бугунги кунда нафақада бўлган нуроний имом домлалар ҳолидан хабар олиб, байрам билан қутлади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати